Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:26

Ўзбек матбуоти муштарийлар талабини қондира олмаётир


“Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари динамик тарзда ривожланмоқда ва мустақил газеталар сони кўпайиб бораётир”. 25 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукуматига мойил бўлган ахборот агентликлари мана шундай хабар тарқатдилар. Бу мақолаларга ишонадиган бўлсак, Ўзбекистонда матбуотнинг ривожланаётгани сўз эркинлигининг ривожланишига ҳамда аҳолининг муқобил ахборотга бўлган эҳтиёжининг қондирилишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда “Фридом Хаус” каби нуфузли халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни сўз эркинлиги, холис ахборот ва эркин матбуот йўқ бўлган мамлакатлар қаторига қўшиб келмоқда.

“Мамлакат медиа бозори тараққиёти динамикаси таҳлили, медиа бозор янги иштирокчилар билан бойиб бораётганини кўрсатади”, -деб ёзади “Press-uz.info” интернет нашри.

Маълумотларга кўра, 1994 йилда Ўзбекистонда 31 та мустақил нашр бўлган. 2008 йилда эса уларнинг сони 341тага етган. Бу эса мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларининг 17 фоизини ташкил қилади. Айни пайтда мамлакатда 1031 та нашр мавжуд. 1994 йилда эса уларнинг сони атига 445та эди. “Press-uz.info”га кўра, бу рақамлар мамлакат медиа бозоридаги ижобий тараққиётдан, яни сўз эркинлиги, холис ва муқобил ахборот олиш эркинликларидан дарак беради.

Бироқ, тошкентлик ижодкор Ҳамроқул Асқарга кўра, оммавий ахборот воситалари сонининг кўпайиб бораётгани уларнинг сифати ҳам юксалиб бораётганидан далолат бермаслигини айтади:

“Бизнинг “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетамиз 300.000 нусхадан ошиб чиққан пайтлари бўлган. Шунда ҳам талаш бўлиб кетарди. Чунки ўша пайтдаги пахта монополияси, аëлларнинг ўзини-ўзи ëқиши, Оролнинг қуриши, болалар ўлими билан боғлиқ жуда катта муаммоларни мана шу газета кўтариб чиққан эди. Бугунги кунда бу газетанинг тиражи жуда кам. 1000, 2000тадан ошмаяпти”.

Ҳамроқул Асқарга кўра, бугунги кунда ўзбек матбуоти муштарийлар талабини қондира олмаётир. Шунинг учун ҳам газеталар нусхалари кундан кунга камайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, матбуот ходимларининг бозор иқтисоди талабларига амал қила олмаётганидадир, деб ҳисоблайди Ҳамроқул Асқар.

“Бизнинг матбуот ходимлари бозор иқтисодига кўника олмаяпти. Ундан кейин бизда цензура расман олиб ташланган бўлса ҳам, у цензура ҳар битта муҳаррирнинг миясида қолиб кетган. Цензура бор пайтдагидан кўра кўпроқ қўрқишади”.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло эса оммавий ахборот воситалари ходимларининг савияси пасайиб бораётгани, матбуот сифатига ва ундан муштарийлар кўнгли совушига сабаб бўлаётир, деб ҳисоблайди.

“Телевизор одамларни қалбига онг, нур тарқатувчи, ҳозирги ҳаëтни қийматини тушунтирувчи бир восита бўлиши керак. Лекин афсус ўша телевизорда ишлайдиган одамларни савияси ниҳоятда паст”, деди Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло.

Айни пайтда “Press-uz.info” сайтида йилдан-йилга журналистлар савияси юқорилаб бораётгани тўғрисида айтилади. Интернет нашрига кўра, ўзбек матбуоти бугунги кунда жамиятни демократлаштириш жараёнига улкан ҳисса қўшаётир. Бу борада “Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассосиацияси, Нодавлат матбуотини ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш жамғармаси, журналистлар ижодий иттифоқларининг хизматлари катта бўлмоқда”, деб ёзади “Press-uz.info”.

Бироқ, тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов бу фикрларга қўшилмайди.

“2000 йилларда Туркистон пресс нодавлат ахборот агентлиги Ўзбекситон республикаси вазирлар маҳкамаси қарори билан тасдиқланди. Бундан ташқари 1996 йилда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш билан демократлаштириш фонди ташкил қилинди. Ҳуррият газетаси ҳам ташкил қилинди. Буларни вазирлар маҳкамаси қарори билан ташкил қилинишини ўзи бу ердаги мантиқни йўққа чиқаради. Шу сингари электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси ташкил қилинишида давлат структураларининг бўлиши бу ердаги мантиқни йўққа чиқаради”.

Абдураҳмон Ташановга кўра, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ҳақида ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинган. Бироқ, бу қонунлардан хеч бири мамлакатда сўз эркинлигини таъминлашга қодир эмас.

“Дейлик Францияда матбуот ҳақида қонун йўқ чунки улар қонунни ўзини матбуотни таъқиқлаш, сўз эркинлигини бўғишга таҳдид деб ҳисоблашади. Шу нуқтаи назардан масалан Ўзбекистонда қонунларни кўплиги ëки қонунчилик базасининг яратилганлиги амалда Ўзбекистон матбуоти ва журналистикаси учун кафолат бўла олмайди. Сўз эркинлигини йўқлиги сиëсат билан боғлиқ”, деди Абдурахмон Ташанов.

Мен оддий муштарийнинг фикри билан ҳам қизиқиб кўрдим. Андижонлик мактаб ўқитувчиси Шокиржон Мамажонов муштарий сифатида ўзбек нашрларига ишонмаслигини айтади:

“Мен масалан объективлигига ҳеч ишонмайманда. Ўзбекистонда мухолиф кучлар бўлмаса, нодавлат ташкилотлар бемалол фаолият юргиза олмаган давлатда ахборот холис бўлишига мен ишонмайман”, деди ўқитувчи.
XS
SM
MD
LG