Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:10

Судхўрлик кишининг икки дунёсини ҳам куйдиради


“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бу галги сони судхўрлик ҳамда дунёвий ва исломий банклар мавзуида бўлди. Бу мавзу танланишига Ўзбекистон ва унга қўшни мамлакатларда одамлар орасида фоизга пул бериш, ўз номи билан атаганда, судхўрлик авж олгани сабабдир.

Аввало, судхўрлар ҳақида одамлардан эшитамиз:

-
Бир тақинчоқ ëки заргарлик буюми гаровга қўйилади. Ойига 5 фоиздан 10 фоизгача минади. Фоизини ҳар ойда тўлаб туради. Жуда кўп одамлар ҳозир шу йўл билан пул топади.

-
Бунақалар жуда кўп. Ҳар 3 та одамнинг биттаси бу иш билан шуғулланяпти. Фоизга пул олган одам Ўзбекистонда ҳеч қачон қутулиб кета олмайди. Тадбиркорлик ҳам ривожланмаяптию. Қарзга яна ботиб кетаверади.

-
Андижонда ҳам учраб туради бунақа одамлар. Ҳар 10 та, 15 та одам орасида биттаси учрайди. Кўп бунақа одамлар.

Аҳоли орасида фоизнинг ҳам дин, ҳам дунё аҳлига фойдаси йўқлигини биладиганлар билмайдиганлардан кўп.

-
Бу инсонларни инсон, демаса ҳам бўлади. Бойликка берилган, ҳаëтини бойлик билан ўтказган инсонларда булар.

-
Фоизга пул бериш судхўрликка киради. Қуръонда ҳам бу ҳақда айтилган. Фоизга пул бераëтган одам фақат ўз манфаатини ўйлайди. Қўлда пул бўлса, ëрдам берган яхши. Одамлар шу маблағ билан ëрдам бермай, фоизга беряпти. Бу учун улар ўз жавобини беради. Булар учун бошқача азоб бор. Булар чуқурроқ жойга ташланади.

Аммо судхўрга мурожаат қилмасликнинг имконини қила олмаётганлар ҳам кўп.

-
Уни бозорчилик қилишга пули бўлмаган одамлар олади. Кейин уни айлантира олмай, устига фоиз миниб кетиб жойини, машинасини сотаëтганлар жуда ҳам кўп.

-
Муҳтожликдан, мажбурликдан олишади. Вақтида қайтиб бера олишмайди. Кейин у кўпайиб кетиб, уйини сотади. Бир хиллари қочиб кетади. Бунақа ҳолатлар ҳаддан ташқари кўп.

Ўзбекистонликлар фоизга пул бериш ва фоизга пул олиш деярли оммавий тус олгани, бундай марҳамат ортидан уй-жойини сотиб, хонавайрон бўлиш даражасига етганларнинг азобу-уқубатларидан сўзламоқда. Бунақа аҳвол эса Ўзбекистонга қўшни Марказий Осиё мамлакатларида ҳам бор. Хусусан, қўшни Тожикистонда авж олган. Бу ҳақда тожикистонликлардан эшитинг:

-
Ҳозир Тожикистоннинг ярим аҳолиси шу фоиз ҳисобидан кун кўряпти.

-
Судхўрлик ҳозир Тожикистонда, асосан, бойларда. Камбағал аҳолида йўқ бундай нарса.

-
Пулни кам бергандан кейин уруш-жанжал бошланади, оилалар бузилади.

-
Домла бу нарсанинг ҳаром эканини айтган. Судхўрлар учун жаннат эшиклари бекилади.

Хуллас, фоизга пул берманг, фоизга пул олманг – бунинг ортидан иши ўнгланганлар, деярли йўқ, демоқда суҳбатдошларимиз.

Ҳаётий тажрибадан келинган бу хулосанинг шаръий ҳукми эса аён:
“Ислом динида аввалги кунларида пайдо бўлишидан бошлаб қиëмат кунига қадар, албатта, судхўрлик қатъий ҳаром. Худо олди-берди ва савдо-сотиқни ҳалол қилган. Аммо савдо қилмасдан пул бериб, унинг эвазига фоиз олиш яъни судхўрлик қилишни Ислом ҳаром қилган. Бу тўрттала мазҳабда ҳам ҳаром. Ҳатто омонатга пул қўйиб ундан фоиз олишни ҳам Ислом ҳаром қилган”.

Яъни ислом дини судхўрликни мутлақ тақиқлайди. Нафақат судхўрнинг ўзи, судхўрдан пул олган ҳам, унга пул берган ҳам ва бу олди-бердига гувоҳ бўлган ҳам бирдек гуноҳкор эканини таъкидловчи ояти карима ва ҳадиси шарифлар бор. Боиси, судхўрлик бир томоннинг – фақат судхўрнинггина манфаатига хизмат қиладиган амал бўлгани учун, яъни бунда томонлар ҳам манфаат ва ҳам зарарда тенг бўлмагани, яъни адолат бўлмагани учун маън этилгани айтилади.

Бироқ яхши ният билан бировдан фоизга пул олаётган одам қандай оғир масъулиятни бўйнига олаётганини эҳтимол билар. Ҳар ҳолда ён-атрофда бунга мисоллар бисёр. Бироқ судхўрдан пул олишга у мажбур. Сабаби эса яна ўша оддий одамлар фикрича – битта: “Бу оддий аҳолининг банкдан фоизга пул ола олмагани, бу жараëннинг жуда ҳам мураккаб экани билан боғлиқ. Бу бора-бора жамиятнинг емирилишига олиб келади. Фоизга пул бериш имконияти фақатгина бойларнинг қўлида бўлиб қолди. Бойлар ўзининг пулини яна ҳам кўпайтириш учун, халқнинг оғир аҳволини яна ҳам оғирлаштириш учун шунақанги усулларни ўйлаб топишади”.

Яъни тирикчилик илинжида юрган ва қўлида дастмоя бўлмаган одам пулга муҳтож. Турлари кўпайиб кетган банкларга борса, у банклар таклиф қилаётган хизмат унга тўғри келмайди. Биринчидан, қанчадир миқдорда пул олиш учун қанчадир миқдорда гаровга қўядиган мулк керак. Бошқа бир тарафдан, ойма-ой фоиз талаб қиладиган банк – оддий важни тушунмайдиган катта бир расмий идора. Судхўр эса тирик одам, зора арзи-додни тушунса.

Хуллас, шу каби сабаблар-у хулосалар билан бўлса-да, одамлар фоизга пул олиш, яъники судхўрликка шерик бўлишга қарор бермоқда.

Фоизлик қарзни бирор шахсдан ва ёки банкдан олсангиз ҳам – ҳар икки дунё учун нафдан кўра зарари катта. Боиси, мушкулотга тушиб, тирикчилик бошламоқчи бўлган ва дастмоя қидирган одам учун адолат деярли йўқ. Фойдасига ҳам, зарарига ҳам фоизга қарз олган одамнинг ўзи кафил бўлиб қолмоқда.

Бироқ ҳозирда дунёнинг аксар мусулмон давлатларида ва сўнгги пайтларда номусулмон давлатларда ҳам шу муаммога ечим топишга уринган, бошқача айтганда фойда ва зарарга тенг шериклик шарти билан қўлингизга қарз берадиган банклар тизими – исломий банклар тизими шаклланди.

Биринчи бор исломий банклар бундан атиги 30 йил муқаддам, нефть нархи ортгани боис даромади кескин кўпая бошлаган ва асосан, нақд пул оқими кучайган араб давлатларида пайдо бўла бошлади. Шариат қонунларига биноан ишлашга уринган исломий банклар кейинчалик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам очилиб, ҳозир уларнинг сони жами 300дан ортди.

Сўнгги маълумотларга кўра, исломий банкларларнинг умумий активлари миқдори 500 миллиард доллардан ортиқроқни ташкил қилади ва бу кўрсаткичнинг йиллик ўсиш суръати 10-15 фоизни ташкил қилмоқда. Албатта, бу катта миқдор эмас ва молия мутахассислари исломий банклар фаолияти аста-секинлик билан кенгайиб бориши ҳамда бу жуда узоқ вақт олиши мумкинлигини айтиб келади.

Ўзбекистонда ҳозирча исломий банк фаолияти шаклланмаган. Қирғизистонда эса яқиндагина “Эко-банк” номи остида шариат қонунларига асосан ишлайдиган банк иш бошлади. МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб 1991 йилда иш бошлаган Россиядаги “Бадр форте банк” исломий банки эса 2006 йилда лицензиядан маҳрум этилди.

Ҳозир исломий банк хизматидан фойдаланадиган асли ўзбекистонлик, аммо ҳозир Жанубий-шарқий Осиёдаги энг ривожланган мусулмон давлатларидан бири Малайзияда яшаётган мижознинг фикрларига қулоқ тутамиз:

“Исломий банкларнинг анчагина афзалликлари бор экан. Булар бу ерда судхўрлик умуман йўқ, деб тушунтиришади. Фойданинг бизнесга боғлиқлиги ва ўша фойдадан келиб чиққан ҳолда бўлиши. Бу ерда судхўрликнинг арзимаган миқдори ҳам йўқ. Фақат фойда қила олса беради, фойда қила олмаса, ўзининг пулини қайтариб беради. Демак, фойда ва зарарига бир хил бўлиши керак. Бундан банк зарар кўрмас экан, лекин фойда бўлмаслиги ҳам мумкин экан. Шунинг учун аниқ тушиб саналган фойда йўқ. Мен шу исломий банк қилаëтган ишни маъқул ва судхўрлик йўқ, деб биламан”.

Демак, бу мижоз Исломий банклар фаолиятида маъқул кўрган биринчи фарқ – фоизнинг йўқлиги. Иккинчиси:

“Сарфлаëтган жойлари нимага эканлигини кўрсатиб бера олар экан. Уни очиқ-ойдин айта олар экан. Биринчи пул қўяëтган пайтда улардан бу пулни нимага сарфлаши сўралса, улар ҳужжат кўрсатар экан. Бизнинг банкимизнинг пуллари мана шу нарсалар учун сарфланади. Мен исломий банкка пул қўйганимда, асосан, пул қурилишга сарфланишини айтишди. Ҳозир Малайзияда кенг миқëсда уй-жой қуриш авж олган”.

Яъни банкка қўйган пулингиз қаёққа сарфланаётганини биласиз ва ўзингиз танлашингиз мумкин. Масалан, уй-жой қурилиши, таълим соҳаси, соғлиқни сақлаш ва ҳоказо. Ушбу суҳбатдош фикрича, Малайзияда фаолияти кенг йўлга қўйилган бундай банклар, хусусан, Ўзбекистонда ҳам очилиши лозим.

“Ўзбекистон ҳам мусулмон мамлакатлардан бири. Бу банкни бемалол қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман. Бу, албатта, очилиши керак. Чунки мусулмон одам учун пули исломий банкка қўйилса, фойдаси ҳам мусулмонларга бўлади ва ҳалол-ҳаромига ҳам боғлиқ бўлади. Шу иккитасини билганлигим учун мен исломий банкни маъқул топдим. Бошқа банкда кўрсангиз улар аниқ фоиз кўрсатади. Лекин пулни қаерга ишлатаëтганини аниқ айтмайди”,- дейди суҳбатдош.

Исломий банклар шариат аҳкомларига кўра ишласа-да, мусулмонларнинг талабларига жавоб берса-да, ҳали фаолият тизими тўлиқ ишлаб чиқилмаган ва дунё банклари орасидаги рақобатга тўла жавоб бера олмаётган бир тизим сифатида танқид ҳам қилинади.

Исломий банк яратиш ғоясини илгари сураëтган мутахассислар фикрича¸ бундай банклар тизимини яратиш учун етарли назарий асос бор, яъни шаръий қонунлар асосида мукаммал фаолият юрита оладиган исломий банклар молиявий тизимини яратиш мумкин. Бироқ ҳозир бундай банклар тизимини яратиш учун бир қатор тўсиқлар борки, мавжуд оз сонли исломий банклар бундай тўсиқни енгиб ўтишга қодир эмас. Биринчидан, исломий банклар фаолияти бўйича маълум бир миқдорда эътироз ва айрим мулоҳазалар борки, исломий банклар ўз мижозларига таклиф қилаëтган хизмат турларини айтилгани каби тўла шариат ҳукми асосида шаффоф тарзда бажара олмайди. Бошқача айтганда, асл даромадни яширади. Шундай йўл тутадиган фирибгар банклар фаолияти ҳам кузатилган. Иккинчи эътироз эса фоизсиз кредит берамиз, дер экан банклар ўз хизмат ҳақини белгилайди. Шариат кенгашлари эса буни фоиз қўйиш тарзида баҳолаб, эътироз билдиради. Хуллас, бу каби муаммолар бор, аммо бу кўпроқ мавжуд мукаммал исломий молиявий тизимни амалга ошириш учун шароитнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Исломий банклар мижозга ваъда қилаëтган барча ваъдаларни амалга ошириш учун ва бу ваъдалар мутлақ шариат қонунлари асосида амалга оширилиши учун мукаммал исломий молиявий тизим ҳам бўлиши лозим. Бошқа бир тарафдан, исломий банклар ўз мижозларига алоҳида имтиëзли турда хизмат кўрсатар экан, унга молиявий институт сифатида алоҳида имтиëзлар ҳам берилмайди. Яъни бу банк ҳам бошқа банклар каби мавжуд молиявий тизимда фаолият кўрсатади. Бироқ шуниси эътиборлики, сўнгги 5-10 йил ичида исломий банкларга бўлган эҳтиëж ортиб бораëтгани кузатилмоқда. Ҳозирги пайтга келиб дунëнинг энг йирик молиявий марказлари бўлган Лондон ва Швейцариядаги каби йирик банклар ўз мижозлари учун шариат қонунлари асосидаги хизмат турларини таклиф қилмоқда. Хуллас, исломий банклар ва уларнинг жаҳон молиявий тузулмасида тута бошлаган ўрни ҳамда ўз мижозларига таклиф қилаëтган хизмати суҳбатлашишга арзийдиган яна бир алоҳида қизиқ мавзу.
XS
SM
MD
LG