Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:08

Ўзбекистон коррупция даражаси жиҳатдан яна “илғорлар” сафида


“Transparency International” ташкилотининг дунё мамлакатларида коррупция даражаси ҳақидаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон коррупция энг ривожланган давлатлар сафидан жой олди.

Ҳисоботда келтирилган рўйхатда Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 1.7 балл билан коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлардан бири сифатида 175-поғонада турибди. Ҳатто Марказий Осиёнинг энг мустабид давлати саналадиган Туркманистон ҳам Ўзбекистондан олдинда.

“0 ва 10 оралиғида Ўзбекистонга берилган 1.7 балл энг ёмон кўрсаткичдир. Марказий Осиё минтақасини оладиган бўлсак, улар орасида Ўзбекистон энг охирги поғонани эгаллайди. Бу Ўзбекистонда вазият яхшиланмаётгани, аксинча ёмонлашаётгани, коррупция авж олиб, бизнес қилиш мушкул бўлган бир давлатга айланганини англатади. Менимча, бу Ўзбекистон раҳбарияти учун ниҳоятда жиддий сигнал”, - дейди “Transparency International”нинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Миклош Маршалл.

Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши курашувчи фуқаролик жамиятини яратмаган эса-да, давлат идоралари бу иллатга қарши самарали чоралар кўраётганини таъкидлаб келади. Ҳатто Бош прокуратура коррупцияда айбланган кўплаб мансабдор жавобгарликка тортилганини ҳам эълон қилган.

Аммо Миклош Маршаллнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда коррупция гуркирашига алоҳида олинган шахсларнинг жинояти эмас, балки, энг аввало, у ердаги тизим сабабчи.

“Аслида Ўзбекистондаги тизим коррупциялашган. Чунки мамлакат раҳбарияти халқи олдида жавоб бермайди. Одамлар ҳукуматни танқид эта олмайди ҳам. Фуқаролар сиёсий ҳуқуқларидан марҳум этилган, уларнинг ҳуқуқлари поймол этилади. Ҳозир Ўзбекистон том маънодаги ёпиқ жамиятга айланган. Ўзбекистондаги жорий тузум бугунгидек ёпиқ, нодемократик бўлиб қолар экан, қанча амалдор порахўрликда айбланиб қамалмасин, коррупция даражаси ўзгаришсиз қолаверади, тизим ҳам ўзгармайди”, - дейди Миклош Маршалл.

“Transparency International”нинг билдиришича, Ўзбекистонда вазиятни ўнглаш учун, энг аввало, тизимни ўзгартириш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар орқали эркин фикрга йўл очилиши керак.

Миклош Маршалл Ўзбекистонда ислоҳотлар ўтказиш орқали мамлакат иқтисодини емираётган коррупцияга қарши курашиш мумкинлигини айтади.

“Коррупцияга қарши кураш, албатта, фуқароларнинг ўзига боғлиқ. Аммо Ўзбекистондаги сиёсий режим бунга йўл қўймайди. Агар Ўзбекистон ҳукумати халқаро майдонда обрўси тикланишини хоҳласа, ҳозирги бошқарув услубидан воз кечиб, эркин ислоҳотлар учун йўл очиши керак. Чунки Тошкент ҳукумати қўллаётган ҳозирги бошқарув услуби нотўғри. Ўзбекистон чет эллик инвесторларга ишончли ҳамкор бўламан деса, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиши керак. Ислоҳотлар коррупцияга қарши курашишнинг энг яхши усулларидан биридир”, - дейди Миклош Маршалл.

“Transparency International” ҳисоботи борасида ўзбек расмий идораларидан муносабат олишнинг иложи бўлмади. Бироқ улар ҳамма вақт халқаро ташкилот баҳосидан норози бўлиб келган. Жумладан, “Transparency International” Ўзбекистонда ваколатхонага эга бўлмагани боис, бу ердаги вазиятни холисона ўргана олмаслигини ва шунинг учун ташкилот тадқиқотлари натижалари шубҳали эканини айтган.

Лекин мамлакат ичидаги мустақил кузатувчилар ҳам “Transparency International”нинг Ўзбекистон борасидаги хулосаси ўринли экани ва коррупция бу давлатда ҳаёт тарзига айланганини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG