Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:53

Ислом Каримов “улуғ ишлари”ни охирига етказмоқчи


Ўзбекистон Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент девонининг Мустақиллик кунининг 16 йиллиги олдидан ўтказилган қўшма мажлисида президент Ислом Каримов катта маъруза қилди.

“Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли” номли маърузасида президент 2009 йилда бўладиган парламент сайлови ҳақида гапирди. Аммо декабрь ойида ўтиши кутилаётган президент сайлови ва ўз курсисида қолиш-қолмаслиги ҳақида оғиз очмади.

Ўзбекистонни 18 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг президентлик ваколати 22 январь куни тугагани айтилади. Аммо қўшма мажлисдаги маърузасидан президент ҳали бери лавозимини тарк этиш ниятида эмаслиги кўринади.

“Ватанимиз истиқболини ўйлаб бошлаган барча улуғ ишларимизни, албатта, охирига етказамиз. Мана, 16 йил давомида шуларга эришдик, ҳа у ёғи ҳам марра ўзимизники, десам нима дейсизлар”, - деган президентнинг сўзлари гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.

Расмийлар президент сайловини декабрь ойи охирида ўтказиш режалаштирилаётганига ишора этган бўлса-да, бу ҳақда расман билдирилмаган.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, И.Каримовнинг 30 август кунги маърузаси декабрь ойида ўтказилиши керак бўлган сайлов арафасидаги тарғибот кампаниясидир.

“Каримовнинг бу чиқиши мазмунидан у ўз номзодини яна қўяди, деган хулосага келиш мумкин”, - деди Тошпўлат Йўлдошев ва президентнинг атрофидагилар ва маҳаллий журналистлар сайлов ҳақида ундан сўрашга журъат эта олмайдиган аҳволда эканини таъкидлади.

Президент сайлови ҳақида лом-мим демаган И.Каримов 2009 йилда бўладиган парламент сайлови тўғрисида гапирди. У давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партиялар ролини кучайтириш тўғрисидаги конституциявий қонуннинг қабул қилиниши “демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида асосий ролни ўйнаши”ни айтди.

Ҳозир Ўзбекистон парламентидаги беш партиянинг барчаси ҳукумат йўриғи билан ишлайди ва ҳеч бири президент сиёсатига аралашишга журъат этмайди. Ўзбекистондаги жорий ҳокимият мухолифат партияларининг сиёсий ҳаётда, сайловларда қатнашишига йўл бермай келяпти.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов Ўзбекистондаги жорий бошқарув алмашмас экан, мухолифатга йўл берилмаслигини таъкидлади.

“Мухолифат тўлақонли ишлашининг энг зарур шарти ҳозирги ҳокимият ўзгариши билан боғлиқ. Ҳозирги сиёсий курс мухолифатсизлик курсидир. Ҳозирги сиёсий йўналишни бир киши белгилайди ва ўша одам ўзгариши керак”, - деди Отаназар Орипов.

Брюсселдаги Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи ўтган ҳафтада эълон қилган баёнотда президент Каримовнинг мамлакат устидан назорати унинг ўз курсисида ўтириш муддати ва соғлиғига боғлиқ бўлиб қолаётгани, унинг ортидан лавозимга келиши мумкин бўлган меросхўр тайин эмаслиги мамлакат ва унинг қўшнилари учун жиддий хатар экани ҳақда бонг урган эди.

“Аслида И.Каримовнинг қонуний президентлик муддати январь ойида тугаб бўлган, аммо сайлов ҳақида ҳалигача гап-сўз йўқ, ҳокимиятни топшириш жараёни белгилаб қўйилган эмас. Шунинг учун келажакда ҳокимият учун кураш ўта аёвсиз бўлиши мумкин”, - деди ташкилот вакили Жон Гринуолд.
XS
SM
MD
LG