Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:38

Тақирбошларнинг ҳомийси ким - В.Путинми ёки М.Фрадков?


Россиядаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар 2006 йил мамлакатда “ўзга миллатлар вакилларига нисбатан тоқатсизлик йили” бўлганини айтмоқда.

Россиядаги “Бойқуш” таҳлил маркази эълон қилган ҳисоботга кўра, 2006 йилда мамлакатга келган муҳожирлардан 500 нафари миллатчилик руҳидаги ҳужумдан жабр кўрган, улардан 44 нафари оламдан ўтган.

“Регнум” ахборот агентлиги тарқатган сўнгги хабарлардан бирида эса скинхед – тақирбошлар гуруҳи бир муҳожирни қасддан ўлдиргани ва бу қатлни тасвирга олиб, ўз сайтига жойлаштиришни мақсад қилгани айтилади.

18-20 ёшлардаги тақирбошлар бу режаларини амалга ҳам оширган. Улар Рибинск шаҳри кўчаларидан бирида ҳозиргача шахси аниқланмаган ўрта ёшлардаги эркакни тутиб олиб калтаклаган ва пичоқлаб ўлдирган. Қотил тақирбошлар эртаси куниёқ қўлга олинган ва уларнинг ёнидан топилган тасвир қотиллик содир этилганининг асосий далили бўлган.

Рибинск шаҳри прокурори ўринбосари Дмитрий Поталициннинг “Регнум”га айтишича, бу жиноят бошқа миллат вакилларига нафрат мотивлари асосида қасддан содир этилган қотилликдир. Бу воқеа юзасидан РФ Жиноят кодексининг айни жиноятни назарда тутувчи 105-моддасига кўра жиноят иши қўзғатилади.

Россиялик ҳуқуқшунос, “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходимаси Иралия Усмонова бу каби ҳолатлар кўп содир бўлаётгани ва шу вақтгача бундай жиноятлар миллатчилик кайфияти асосида содир этилгани тан олинмай келинганини билдирди.

“Бу йил биринчи бор миллатчилик кайфиятидаги “Рус марши” ёшлар ҳаракати расман тақиқланди. Аммо буни эртароқ қилиш керак эди. Чунки ҳаракат икки йилдан бери миллатчилик қайфиятидаги рухсат этилган митингларни ўтказиб келди ва ҳозирга келиб анча кенгайиб кетди. Энди уни шунчаки тақиқлаш билан иш битмайди. Худди шундай миллатчилик кайфиятидаги бошқа ҳаракатларни ҳам”, - дейди Иралия Усмонова.

“Мен 2006 йилни тоқатсизлик эмас, ўзга миллатлар вакилларига тоқатсизликнинг кенгайтирилиши йили, деб атаган бўлар эдим, - дейди И.Усмонова. - Чунки Россияга келган бошқа миллатлар вакиллари ҳозир икки ўт орасида қолди. Аввал улар учун турар-жой топиш ва рўйхатдан ўтиш, яъни милициянинг оғзини ёпиш муаммо эди. Энди эса улар безори, миллатчилик кайфиятидаги ёшлар ҳужумидан ҳам ҳимояни ўйлаши керак. Афсуски, уларни ўзларидан бошқа ҳеч ким, айниқса, милиция ҳимоя қилмайди”.

Аксар экспертлар, ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда ўзга миллатлар вакилларига тоқатсизлик фақатгина безори, тақирбош ёшлар даражасида эмас, балки ҳукуматнинг турли органлари миқёсида кузатилаётганини ҳам эътироф этмоқда. 2006 йилда бу янада яққол сезилган. Россиялик эксперт Людмила Гендел шу фикрда.

“Ўз вақтида бизга “Елцинни танлайсизларми ёки коммунистларни”, деган саволни беришган эди. Бошқа имкон йўқлиги учун биз Елцинни танлаганмиз. Ҳозир ҳам айни масала турибди – Путинни ёки миллатчиларни танлаш керак, бошқа имкон қолдирилмади. Яъни бошқа миллатлар вакилларини тобора қистовга олаётган бу миллатчи ҳаракатлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бу ҳозирги ҳукуматнинг ўзи етиштирган офат”, - дейди Людмила Гендел.

“Бойқуш” таҳлил маркази директори Александр Верховскийнинг сўзлари ҳам айни фикрни тасдиқлайди. Ўз ташкилотининг 2006 йил якунларига бағишланган ҳисоботи тақдимотида у: “Миллатчилар ва ҳукумат ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Бу бизнинг жамиятимизда кузатилаётган янги бир ҳолат. Жамият учун ўта хавфли бўлган миллатчилар етарли жазо олмаяпти, яна ҳам аниқ айтадиган бўлсак, улар ҳатто ўзаро тинч муносабатларда”, - деди.
XS
SM
MD
LG