Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:03

Белорусда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашмоқда.


Белорусда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашмоқда. Европа кенгаши парламент ассамблеяси қошидаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу хусусда баёнот тарқатди. Қўмитанинг Белорус бўйича шарҳловчиларидан бири, Литва парламенти депутати Васлов Станкевичнинг Озодлик радиосига билдиришича, Беларус расмийлари мамлакатдаги мустақил матбуот ва журналистларни таъқиб остига олиб, уларга нисбатан сохта айбловлар орқали тазйиқларни кучайтирмоқда.

"Аслида инсон ҳуқуқлари вазияти Белорусда аянчли тус олган. Президент Лукашенка ва унинг ҳукумати оммавий ахборот воситаларига босимни кучайтирган. Белорусда сайловлар пайти яқинлашган сайин журналистларга тазйиқлар кучаймоқда", - дейди Европа кенгаши инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакили.

Станкевич бу вазиятни қамоққа олинган беларуслик уч журналист тақдири мисолида изоҳлайди. Белорусда чиқадиган "Рабочий" газетаси бош мухаррири Никола Маркевич, "Погония" ҳафтаномаси бош мухаррири Павел Мажейка ва "Погония"нинг яна бир журналисти Виктор Ивашкевичлар шу йилнинг бошида Белорус раҳбарини танқид этганликлари учун бир йилдан икки йилгача бўлган муддатга мажбурий мехнат колонияларига сургун қилиндилар. Устига-устак Белорус раҳбарияти "Рабочий" ва "Погония" газеталарини ҳамда "Местное время" деб номланувчи яна бир ҳафтаномани ёпиб қўйди.

Станкевичнинг таъкидлашича, Европа кенгаши парламент ассамблеяси қошидаги инсон ҳуқуқлари қўмитаси келаси ой Белорусдаги вазиятни яна мухокама этади. Учрашувга Белорус ахборот вазири Михаил Подгайнич ҳам таклиф этилган. Унгача эса мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан яқиндан танишиш мақсадида Европа Кенгаши парламент аъзоларининг Белорусга ташрифи кутилмоқда.

"Мен кичик таркибда бўлса ҳам Европа Кенгаши тарафидан Белорусга делегация юборилиб, уларнинг қамоққа олинган журналистлар, сиёсий диссидентлар тақдири билан танишишларини, иложи бўлса улар билан учрашишлари таклифини ўртага ташладим", - дейди Станкевич.

Европа Кенгаши инсон ҳуқуқлари қўмитасини ташвишлантираётган яна бир масала Белорусда яқинда қабул қилинган Дин тўғрисидаги янги қонун. Мазкур қонун Европадаги энг репрессив, деб кўрилмоқда. Унда мамлакатда рўйхатдан ўтмаган барча диний ташкилот ва гуруҳлар фаолияти ноқонуний, деб эълон қилинади. Станкевичнинг айтишича, Европа кенгаши парламент ассамблеяси қошидаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу борада Белорус расмийларига ўз эътирозини билдириши керак. "Белорус демократик давлат эмаслиги барчага аён. Мен истардимки, - дейди Станкевич, - Белорус расмийлари буни тушинисинлар. Белорус Европа кенгашига аъзоликка даъвогарлик қилмоқда. Мамлакатда кечаётган жараёнлар эса Кенгашни қониқтирмаяпти. " . Олдинроқ Европа Кенгаши Беларуснинг тузилмадаги кузатувчи мақомини ҳам бекор қилган эди. Бунга Белоруснинг демократик меёрлардан йироқ бўлган конституцияси сабаб бўлган эди. Таҳлиличилар фикрича, мамлакат Конституцияси президент Лукашенкага ҳаддан ташқари катта ваколатларни бериб қўйган.

Швециядаги Халқаро муносабатлар институти таҳлилчиси Якоб Шицкийнинг Озодлик радиосига айтишича, Европа кенгаши парламент ассамблеяси қошидаги Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Белорус бўйича чиқарган ҳулосаси янгилик эмас. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани олдиндан маълум бўлган. Минскдаги мустақил стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Валерий Карбалевич ҳам бу фикрга қўшилади. Карбалевичнинг айтишича, мамлакатда нафақат инсон ҳуқуқлари соҳасида, балки ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларида ҳам салбий жараёнлар кузатилмоқда.

"Касаба уюшмалари, - дейди Карбалевич, - деярли давлат тасарруфида. Совет давридаги каби касаба уюшмалари давлатга қарашли ташкилотга айлантирилди. Президент маъмурияти бошлиғи ўринбасари унга раҳбар этиб тайинланди. Аксарият жамоатчилик ташкилотлари давлат назорати остига олинди. Сиёсий партияларга адлия вазирлиги тарафидан турли шаклдаги босимлар кучаймоқда". Карбалевичга кўра, газета нашрлари у ёқда турсин, Белорусда бадиий журналлар ҳам ҳукумат назоратида. "Шу пайтгача Ғарбнинг Лукашенкага нисбатан босимлари самара бермай келди. Шунга қарамай, - дейди таҳлилчи, - Европа Иттифоқи ва АҚШ Минск ҳукуматига босимларни янада кучайтириши керак". Ўтган ой Прагада ўтказилган НАТО саммитига Белорус раҳбари таклиф этилмади. АҚШ ва Европа Иттифоқининг Португалиядан ташқари барча аъзолари Минск раҳбарини номатлуб шахс сифатида эълон қилди ва унинг бу давлатларга киришини таъқиқлаб қўйди.
XS
SM
MD
LG