Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2019, Тошкент вақти: 00:05

Тошкент ИИББси тунги дрифтинг видеоси экшн-лавҳа суратга олиш эканини билдирди (ВИДЕО)


Дунëдаги энг қиммат автомобиллардан саналадиган бу учала машинанинг влогерга президент куëви томонидан тақдим этилгани айтилди.

Ўзбекистон пойтахтининг қоқ маркази – Амир Темур хиёбонини қуршаган халқа йўлда фақат битта транспорт воситаси - қора рангдаги енгил машина - жуда катта тезликда ҳаракатланаётгани, ЙПХ ходимлари халқа йўлга туташувчи йўлдаги ҳаракатни тўхтатиб тургани акс этган видео ижтимоий тармоқларда 19 сентябрь тонгидан бошлаб тарқай бошлади.

Муҳокамаларда айтилишича¸ бўшатиб қўйилган йўлда дрифтинг қилаётган машинани россиялик влогер бошқарган, у ҳайдаëтган автомобилни эса президент Мирзиёевнинг кичик куёви берган.

Ҳозирча бу тахминларни тасдиқловчи расмий маълумот йўқ. Озодлик боғланган Тошкент шаҳар ИИББ ва туман ИИБ мулозимлари Амир Темур хиёбонида қандайдир тадбир ёки фавқулодда воқеа бўлгани қайд этилмаганини билдирди.

Айни пайтда¸ Озодлик мақоласи чоп этилишидан бир неча соат ўтиб¸ Тошкент шаҳар ИИББси расмий хабар эълон қилди.

Унда айтилишича¸ тарқалган видеолардаги воқеа "хусусий ижодий студия томонидан экшн-лавҳа суратга олиш​" жараëнида оид ва 13 ва 14-сентябрь кунлари тахминан соат 02.00-02.30 да Амир Темур хиёбони атрофидаги айлана йўл​ 10-15 дақиқага беркитилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода қора рангдаги енгил автомашина хиёбон атрофидаги йўлда катта тезликда кетаётгани, туташ йўллардаги автомашиналар ҳаракатини ЙПХ ходимлари тўхтатиб тургани акс этган.

Амир Темур хиëбонида дрифтинг (1-қисм)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:51 0:00
Бевосита линк

Иккинчи видео эса, биринчи видеодаги воқеанинг ўзига хос изоҳидир. Унда Maybach автомобилида дрифтинг қилинаётгани видеотасвирга туширилаётгани акс этган.

Амир Темур хиëбонида дрифтинг (2-қисм)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

Тошкентлик икки ҳайдовчи Озодлик илтимосига жавобан иккинчи видеони кўргач, ундаги воқеа халқа йўлнинг Амир Темур музейи билан “Уголок” кафеси ўртасида содир бўлганини айтди.

Шаҳар қўриқчилари хиёбондаги воқеадан хабарсиз

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси мулозими Озодликка воқеадан хабари йўқлигини билдирди.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими воқеадан хабарсиз эканлигини, воқеа-ҳодисалар қайд этилувчи дафтарда Амир Темур хиёбонида қандайдир воқеа содир бўлгани тўғрисида қайд йўқлигини билдирди.

ЙҲХБ мулозимининг жавобларидан сўнг унга хиёбон халқа йўлини битта машина учун бўшатиб беришга, туташ йўллардаги бошқа машиналар ҳаракатини тўхтатиб туришга ЙПХ ходимларига ким буйруқ берди, деган саволни беришдан мантиқ қолмади.

Амир Темур хиёбонининг бир сектори Миробод туманига қарайди. Бу туман ИИБ мулозими воқеадан хабарсизлигини билдириб, хиёбоннинг участка нозири қўл телефони номерини берди. Бироқ нозир кун давомида телефонини кўтармади.

Хиёбон атрофининг бошқа бир секторига қаровчи Яшнабод туман ИИБ мулозими дрифтинг акс этган видеони кўрганини, лекин тафсилотларни айтишни истамади.

Эрик Давидичнинг Москвадаги вакили унинг Тошкентда амалга ошираётган лойиҳасидан хабарсизлигини айтиш билан чекланди.

Воқеани ўрганар экан, Озодлик мухбири Тошкентнинг гавжум марказида дрифтинг жараёнини суратга россиялик таниқли видеоблогер Эрик Давидич (Давидыч) олган, унга қора Maybach автомобилини президент Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров берган деган хулосага келди.

Autostrada.uz сайти Давидичнинг Инстаграмига таяниб, унинг Ўзбекистонга тест-драйв ўтказиш учун келганини, тест учун қандай автомобиль танлаши ҳозирча номаълум эканлиги тўғрисида 13 сентябрда хабар қилган эди.

Орадан кўп ўтмай машина, ҳатто машиналар топилгани тўғрисида Давидич Инстаграмида мақтанди.

Ўз постида Эрик унга одамлар Ўзбекистонда арзирли улов тополмайсан дейишганини, лекин Отабек Муҳаммадалиевич (Умаров) бир эмас, учта машина: Maybach, Bentley ва AMG GT автомобилларини бериб турадиган бўлганини ёзди.

Эрик Давидич тест-драйвни айнан Скверда (Амир Темур хиёбонининг халқ тилидаги анъанавий номи) суратга олишини hasanboy_makhmudovch ўз Телеграмида хабар қилар экан, “окала”рига “вохма кимела” деган.

Эрик Давидичнинг яна бир видеопостидан унинг Ўзбекистон президенти оиласи билан алоқалари ўта яқин деган хулосага келиш мумкин. Давидич Шавкат Мирзиёевнинг набираси, Отабек Умаровнинг қизи Маърифатхон - “Маришкани” туғилган куни билан табриклайди. Табрик мазмунидан россиялик vлогер Отабек Умаровнинг уйида меҳмон бўлганини тушуниш мумкин.

Тошкент ИИББнинг расмий хабари

Озодликнинг ушбу мақоласи эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб-ўтмай¸ Тошкент шаҳара Ички ишлар бош бошқармаси ўз расмий сайтида қуйидаги хабарни эълон қилди.

"Жорий йилнинг 13 ва 14-сентябрь кунлари тахминан соат 02.00-02.30 да Амир Темур хиёбони атрофидаги айлана йўлда, хусусий ижодий студия томонидан экшн-лавҳа суратга олиш ишлари олиб борилган. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, атрофдаги йўллар ва пиёдалар йўлакчалари пойтахт ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ва ППХ ходимлари ва экипажлари томонидан 10-15 дақиқага беркитилди."

Бу хабарда хусусий ширкат номи¸ ëки фильм ижодкор ва актерлари ҳақида маълумот берилмаган.

Эрик Давидич...

Эрик Давидович Китуашвили /Давидыч видеоблогер, стритрейсер, “Смотра.ру” сайти муассиси сифатида танилган. Autostrada.uz сайтига кўра, у Россия Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош инспекциясидаги коррупцияга қарши курашчи сифатида ҳам танилган.

Айни пайтда, wikireality.ru сайти маълумотларига қараганда, Москва шаҳар суди 2018 йилнинг 19 октябрида коррупцияга қарши курашчини фирибгарликда айбдор топиб 4 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Лекин орадан икки ой ўтиб, суд баъзи эпизодлар бўйича айбловни амал қилиш муддати ўтиб кетгани учун Давидичдан соқит қилган, баъзилари бўйича эса, Тергов изоляторида ўтириб жазони ўтиб бўлди, деган қарорга келган.

...ва унинг дўсти Отабек Умаров

Отабек Умаров Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви, Шаҳноза Мирзиёеванинг эри, Ўзбекистон Tриатлон федерацияси президенти.

19 июль куни Отабек Умаров Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан маъмурий жазога тортилган эди.

Шарҳларни кўринг (5)

XS
SM
MD
LG