Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 00:13

Сурхондарёлик мигрант: ИИБ хати туфайли Россияга 35 йил киролмайдиган бўлиб қолдим


Ойбек Юсупов Москвада пайвандчи бўлиб ишлаган

Россияда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган сурхондарёлик 35 яшар Ойбек Юсупов Ангор туман Терроризмга қарши кураш бўлимига 8 август куни яна бир бор чақиртирилди.

Беайб жавобгарликка тортилишидан қўрқиб Озодликка бу ҳақда хабар қилган Ойбекнинг айтишича, у 2011 йилдан буён маҳаллий ИИБ назорати остида қолмоқда.

Ойбек Юсуповнинг иддао қилишича, Ангор туман Терроризмга қарши кураш бўлимининг у ҳақда Россияга сўров жўнатавериши оқибатида шу йилнинг июлида у Россияга қиритилмади, Россияга кириши 35 йилга тақиқлаб қўйилди.

Сурхондарё вилоят ИИБ Терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Хайрулла Мирзаев Ойбек Юсупов ҳеч қандай рўйхатларда турмаслиги ва у терроризм бўлимига “бошқа бир жиноят иши масаласида” чақиртирилганини билдирди.​

Жорий йилнинг июнида Россияга киритилмагач, Ўзбекистонга қайтиб келган ангорлик 35 яшар Ойбек Юсупов маҳаллий ИИБ "сиқувига тушганидан" хавотир билдирди.

Озодлик билан суҳбатда у қайтиб келганидан буён Ангор туман Терроризмга қарши кураш бўлимига участка нозири орқали “суҳбатга” чақиртирилаётганини, "суҳбат"га сўнгги бор 8 август куни чақиртирилганини айтди.

Ойбекка кўра, у шу йилнинг июлида Россияга қиритилмаган, ФСБ унга Россияга киришни 35 йилга тақиқлаб қўйган.

ФСБ Ойбек Юсуповга 35 йилга Россияга киришни тақиқлади
ФСБ Ойбек Юсуповга 35 йилга Россияга киришни тақиқлади

Унинг иддао қилишича, Россия ФСБси Ангор туман Терроризмга қарши кураш бўлимидан юборилган хат асосида “ҳар эҳтимолга қарши” унинг учун Россия чегарасини ёпиб қўйган.

- Шу йилнинг июлида кирди-чиқдига борганимда “Озинки” чегара постида паспортини олиб, қамаб қўйишди. “Ўқишим бор, ишим бор, инструментларим қолиб кетган, ҳайдовчиликка ўқишга топширганман- нима бўлади?”, десам, “айбни биздан кўрма – Ўзбекистон сўровнома жўнатган бизга!”, деди. 2011 йилда улар мени терроризмда айблашган эди. Мақсадлари – уйда жим ўтирсам.

Ойбек Юсупов терроризмга алоқаси борлигига оид иддаоларни кескин рад этар экан, бундай деди:

- Терроризмга алоқам йўқ, намоз ўқимайман – Ҳайит кунлари масжидга бораман, холос. Уйимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоби бор. Терроризм бўлимига “Уйида Муҳаммад Солиҳнинг китоби бор”, деган гап етказилган! Миллий хавфсизликдан Акбар дегани бир ой давомида савол-жавоб қилганди шу масалада.

Ички ишлар ходимлари ва маҳалла раиси Ойбек Юсупов хонадонида
Ички ишлар ходимлари ва маҳалла раиси Ойбек Юсупов хонадонида

Ойбекнинг айтишича, у 2011 йилдан бери Ички ишлар бўлими назоратида бўлган, бир неча йил олдин президент Ислом Каримов номига мажбуран «кечирим хати» ёзиб бергач, паспорти қайтариб берилган.

Бироқ шунга қарамай, Ойбекнинг иддао қилишича, Ангор туман ИИБ Жиноят-қидирув ва Терроризмга қарши кураш бўлимлари унга босим ўтказмоқда ва у ҳимоя излаб ўнлаб марта президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган, лекин жавоб олмаган.

Ойбек яшайдиган Ангор туман, Новшаҳар маҳалласи раиси Хўжамурод Раҳмонбердиевнинг Озодликка айтишича, Ойбекнинг ИИБга чақиртирилганидан унинг хабари йўқ, участка нозири билан Юсуповлар хонадонига “байрам олдидан профилактика мақсадида” кирган, холос:

- Ички ишларга чақирилганидан хабарим йўқ мени. Бир уникига кирганимиз йўқ – хонама-хона ҳамма уйларга кириб юрибмиз байрам олдидан. Нима камчилик, нима муаммо бор? деб.

Маҳалла раиси Ойбек Юсупов тўғрисида Ички ишлар бўлимига берган тавсифномасида (фотонусхаси Озодликда мавжуд) Ойбек “маҳалла фуқаролар йиғинида бўладиган тадбирларда қатнашмайди, қўни-қўшнилари билан борди-келдиси ўртача” деб тавсифланган.

Маҳалла қўмитасидан Ойбекка берилган тавсифнома
Маҳалла қўмитасидан Ойбекка берилган тавсифнома

Бироқ Хўжамурод Раҳмонбердиев​ тавсифнома берганини рад этди.

Сурхондарё вилоят Терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Хайрулла Мирзаев Ойбек Юсупов ҳеч қандай рўйхатларда турмаслиги ва у терроризм бўлимига “бошқа бир жиноят иши масаласида” чақиртирилганини билдирди.

- У бир фуқаро аризаси бўйича текширувдан ўтказилиб, жиноят иши очилиши рад этилган. Ангор туман тергов бўлими томонидан иш кўрилган эди. 140 - модда ("Ҳақорат қилиш") асосида ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, унга нисбатан эмас! У ўзи ваҳима қилиб юрибди, унга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ. У на гувоҳ, на жавобгар тарзида чақиртирилган. Терроризм рўйхатида ҳам йўқ у.

Озодлик 2018 йилда Ойбек Юсуповга нисбатан босимлар авж олгани ва ангорлик махсус хизматлар уни “намоз ўқишга даъват қилганлик” ва “Сурияга жиҳодга одам ёллаганликда” айблагани тўғрисида хабар берганди.

Ангорлик бу йигит ҳозирда бирор жойга ишга жойлаша олмаётгани, меҳнат биржасида унга таклиф қилинган, ойлиги 284 минг сўмлик (~33 АҚШ долл.-таҳр.) пайвандчилик ишига кўнмаганини билдирди.

Тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишиларнинг “қора рўйхати” мавжудлиги 2017 йилда президент Мирзиёев томонидан расман айтилган ва бу рўйхатдан адашганларни чиқариш ташаббуси кўтарилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 декабрь куни Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган маърузасида диний экстремистик гуруҳларга алоқадор кўрилган 20 мингдан зиёд фуқаро назоратдан чиқарилганини маълум қилган.

- Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди, деб айтган президент.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG