Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:08

Қидирувдаги асакалик аëлни ИИБ зобитлари аэропортда кутиб олмоқчи (АУДИО)


Маъмура Раҳматова
Маъмура Раҳматова

2005 йилдан буён Қирғизистон ва Россияда, 3 йилдан бери эса, Туркияда яшаётган Маъмура Раҳматова турмуш ўртоғи, қизи, ўғли, келини ва икки набираси билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди. Унинг 8 май куни Озодликка айтишича, оиласи бу қарорга президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан руҳланиб келган.

Туркиядаги Ўзбекистон Бош консули ёрдамчисининг айтишича, агар Маъмура Раҳматова мурожаат қилса, унга ва оиласига Ўзбекистонга қайтиши учун қонун доирасида кўмак кўрсатилади.

Асака туман ички ишлар бўлими зобити, агар Раҳматова оиласи билан Ўзбекистонга қайтса, Тошкент аэропортида шахсан ўзи кутиб олишини билдирди.

Маъмура Раҳматова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:35 0:00
Бевосита линк

Тергов - "ваҳҳобийлик" - чегарани бузиш - тергов - чегарани бузиш...

Ўзбекистонга қайтиш тўғрисидаги қарори қатъий эканлигини Озодлик билан суҳбатда билдирган асакалик 50 яшар Маъмура Раҳматованинг 2005 йил, 13 май воқеаларига алоқаси йўқ. Бу воқеаларга қадар тергов изоляторида сақланаëтган бўлган Раҳматова¸ айнан ўша воқеалар туфайли изолятордан озод қилинган ва шундан сўнг Ўзбекистонни тарк этган.

Раҳматованинг Озодликка айтишича, 2005 йили у давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб терговда бўлган.

Чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, бир муддат Қирғизистонда яшашига эса, 2000 йили Избоскан туманидаги "қама-қамалар" сабаб бўлган.

Избоскан туман маркази Пойтуғ шаҳрига келин бўлиб тушган Маъмура Раҳматова 2000 йили бир гуруҳ пойтуғликлар қатори ваҳҳобийликда айбланиб, ушланган.

- 2000 йили ваҳҳобий, деб бир группа қўлга тушди. Ўшанда Пойтуғда жуда кўп диндорлар қамалиб кетди. Ушлаётган пайтда отишмаям бўлган. Шу пайтда ваҳҳобий, деб айблаб, мениям опкириб қўйди, - деб эслади Раҳматова. Унинг айтишича, ўшанда у икки ойга яқин ҳибсда ушланган ва кейин қўйиб юборилган.

Чиндан ҳам ваҳҳобий бўлганмисиз, деган саволга Раҳматова “ваҳҳобий деб кимни айтишларини, тўғриси, тушунмайман. Намоз ўқийман, рўзамни тутаман...”, деб жавоб берди.

Ваҳҳобий сифатида икки ой ушланиб қўйиб юборилганидан сўнг Раҳматованинг айтишича, “у ва оиласи сурункали назорат остида қолган” ва таъқибдан қочиб, Қирғизистонга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

2005 йилга келиб, Раҳматова оила аъзоларининг қистови билан Ўзбекистонга қайтади ва боя айтилганидай, чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланиб, тергов изоляторига киритилади.

2005 йил, 13 май воқеалари бошланиб кетгач, Раҳматованинг айтишича, милиция ходимлари тергов остидаги бошқалар қаторида уни ҳам тергов изолятордан чиқаради.

- Милиция ходимлари ўзлари чиқарган. Майда жиноятчиларни, 15 суткага қамалганларни – ҳаммасини ўзлари чиқаришган. Андижондаги изоляторда эдик. Ўқ овозларини эшитганмиз,- деб эслади Раҳматова.

Шундан сўнг у болаларини олиб, яна Қирғизистонга, ундан Россияга кетади. Биринчи эри билан Ўзбекистондалигида ажрашган Раҳматова Москвада яна турмуш қурган. Ҳозирги эри ҳам ўзбекистонлик. Оила сўнгги 3 йилдан бери Туркиянинг чекка қишлоқларидан бирида яшамоқда.

Маъмура Раҳматованинг айтишича, Москва ва Истанбулда яшаш қиммат бўлгани учун оила Туркиянинг чекка қишлоғидан бир чоғроқ уй сотиб олган.

Эрининг, 27 га кирган ўғли ва 25 га кирган қизининг Ўзбекистон паспорти бор. Лекин паспортларнинг яроқлилик муҳлати тугаган. Ўзининг ҳеч қандай ҳужжати йўқ.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги консулхонаси ёрдам ваъда қилди

Маъмура Раҳматова билан суҳбатдан сўнг Озодлик мухбири 8 май куни Ўзбекистоннинг Анқарадаги Бош консулхонаси билан боғланди. Консул ёрдамчиси Зулхумор Тўраевага Маъмура Раҳматованинг оиласи билан Ўзбекистонга қайтиш истагида экани¸ аммо оила ҳужжатларининг жойида эмаслиги тушунтирилди.

Консул ёрдамчиси консуллик бу оилага Ўзбекистонга қайтиши учун талаб қилинадиган ҳужжатларни расмийлаштиришга қонун доирасида ёрдам кўрсатажагини билдирди. “Мавжуд барча ҳужжатларини олиб, чоршанбадан ташқари иш кунлари соат 10 дан 12 гача келиб, мурожаат қилсин”, деди Зулхумор Тўраева.

Асака ИИБ зобити: Келаверишсин, ўзим аэропортда кутиб оламан!

Озодлик мухбири 10 май куни Асака туман Ички ишлар бўлимининг махсус рўйхатдаги шахслар билан ишловчи зобити билан боғланди.

Зобит “Маъмура Раҳматова”, деган исмни эшитиши биланоқ “Абдурашидовна”, деб унинг отаси исмини айтди.

Зобитнинг айтишича, “Маъмура Абдурашидовна Раҳматова қидирувда”.

“Қидирувда, лекин келса, қамалмайди. Менинг номеримни унга беринг. Қачон келишини билдирсин. Ўзимиз бориб, аэропортда кутиб оламиз. Президентимизнинг сиёсати шундай”, - деди зобит.

Унинг айтишича, Раҳматова Ўзбекистонга келганида “қўлга олинмайди, лекин тергов қилинади. Айби йўқ бўлса, қўйиб юборилади”.

Асака туман Ички ишлар бўлимининг махсус рўйхатдаги шахслар билан ишловчи зобитининг Озодликка маълум қилишича, яқинда Туркиядан А.З.М.қизи исмли аёл ҳам қайтиб келган.

“У ҳам худди Маъмура Раҳматованикидай моддалар билан қидирувга берилган эди”,- деди зобит.

Қайтганлар ва қайтмоқчи бўлган "мисрлик"

Озодлик қидирувда бўлган ва шу пайтгача Ўзбекистонга қайтган икки киши ва қайтиш истагини билдирган бир киши тўғрисида хабар қилган.

Марғилон шаҳрида истиқомат қилган, хорижга чиқиб кетганидан сўнг бир қатор диний айбловлар билан айбланган, тўрт йил қидирувда бўлган Ботиржон Ибрагимов Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида 22 мартда, 4 йилдан буён Қирғизистонда яшаб юрган наманганлик Бахтиёр Ҳамроевнинг Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида эса, 3 апрелда хабар қилган эдик.

4 фарзанднинг отаси, 48 яшар каттақўрғонлик Муҳиддин Сайфуллаев Мисрдан Ўзбекистонга қайтиш ниятини 27 апрелда билдирган эди.

Қайтганлардан бири устидан суд кутилмоқда

27 апрель куни наманганлик Бахтиёр билан боғланганимизда сўнгги 3 кун давомида ИИБда бўлиб, терговчи саволларига жавоб бергани, у билан терговчилар яхши муомалада бўлгани, унинг иши бўйича тергов ҳаракатлари якунига етганини, тахминан 20 кундан кейин устидан суд ўтказилишини терговчилар 26 апрель куни эълон қилгани тўғрисида айтиб берган эди.

10 май куни Баҳром Ҳамроев билан яна боғландик. “Ҳозирча суд қачон бўлиши номаълум. Ўзлари повестка жўнатар экан. Ўшанда бораман экан”, деди қидирувда бўлган ва Қирғизистондан қайтиб келган Баҳром Ҳамроев.

Президент сиёсати

2017 йил 15 июнда президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида ўтказган видеоселектор мажлисида "қора рўйхат"га тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида топшириқ берган эди

2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасасида имом хатиблар билан учрашар экан, президент "қора рўйхат"да турган 17 минг мусулмондан 16 минг нафари рўйхатдан чиқарилгани ва улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.

"Қора" рўйхатда чет элдагилар қолган

“Махсус рўйхатлар”да бу рўйхатларга киритилган ва ҳозирда Ўзбекистондан ташқарида яшаётганлар қолганини Озодлик Самарқанд вилояти мисолида аниқлаган эди.

XS
SM
MD
LG