Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 19:13

Уйғурлар муаммоси билан шуғулланувчи олим Ўзбекистонга киритилмади


Е.Бунин 10 йил Шинжонда тадқиқот олиб борган

Шу йилнинг 1 ноябрида Олма-Отадан учиб келган тилшунос олим, ёзувчи ва уйғур тили таржимони Евгений Бунин Тошкент аэропортидан ортга қайтариб юборилди.

Озодлик билан суҳбатда Бунин ўзининг Ўзбекистонга киритилмаганини олиб бораётган илмий изланишларига боғлиқ эканига ишонишини айтди.

Евгений Бунин ўзбек чегарачилари томонидан ҳеч қандай изоҳсиз Ўзбекистонга киритилмаган навбатдаги хорижликлардан биридир.

Евгений Бунин: Мен уйғурлар масаласи билан шуғулланаман

2019 йилнинг 1 ноябрида яна бир хорижлик - уйғур тили соҳасида илмий изланишлар олиб борувчи мустақил олим, таржимон ва ёзувчи Евгений Бунин Ўзбекистонга киритилмади.

У шу куниёқ учоқда ортга, Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрига қайтариб юборилди.

Озодлик саволларига бу ҳақда жавоб берган Евгений Бунинга кўра, ўзбек чегарачилари нима сабабдан унга Ўзбекистонга кириш тақиқлангани сабабларини билмаслигини айтган.

- Мен, асосан, Қозоғистонда яшайман, лекин қишни Ўзбекистонда ўтказаман, чунки жуда ёқади у ерда. Бухорога бориш ниятим бор эди. Кундуз куни учиб келдим ва паспорт назоратидан ўтаётганимда паспортимни олиб, ўтириб туришимни айтишди. Хуллас, бир қанча вақтдан кейин мени учиш зонасига олиб ўтиб, Олма-Отага қайтаришаётганини билдиришди. Киришга тақиқ бор экан менда, аммо сабабини “Ташқи ишлар вазирлигидан сўранг, биз оддий чегарачилар, билмаймиз” дея тушунтиришди, деди Евгений Бунин.

Суҳбатдош чегарачилардан бири унга “Сиз ўзингиз билсангиз керак нега Ўзбекистонга киритилмаганингизни!”, деганини ҳам айтди.

Евгенийнинг Озодликка тақдим этган расмий жавобида “Мазкур ҳужжат эгасига Ўзбекистон Республикасига кириш тақиқланди” дейилган. Шунингдек, актда Олма-Ота шаҳрига қайтарилиб, Бунинни “қайта текшириш учун қабул қилиб олиш, зеро унга Ўзбекистон Республикасига кириш тақиқлангани” айтилганини кўриш мумкин.

Евгений Бунинга Тошкент аэропортида тутқазилган депортация ҳужжати
Евгений Бунинга Тошкент аэропортида тутқазилган депортация ҳужжати

Тадқиқотчи Евгений Бунин Ўзбекистонга киритилмаганини ўзининг олиб бораётган илмий изланишлари билан бевосита боғлиқ эканига ишонишини айтди:

- Мен бу ҳолат менинг фаолиятим билан боғлиқ эканига 100 фоиз ишонаман, чунки бошқа сабаб бўлиши мумкин эмас! Мен ўтган қишда Ўзбекистонда 3-4 ой яшаганман, маҳаллий сиёсатга мутлақо аралашмаганман. Мен у ерда ўзимнинг Шинжон-Хитой муаммолари билан машғул эдим, холос.

Озодлик билан суҳбатда у икки ой олдин тарихчи ва сиёсатшунос Анвар Назир таклифи билан Тошкентда бўлиб қайтганини ҳам ёдга олди.

- Мен у ташкиллаштирган учрашувда бўлдим. 10-15 киши маҳаллий фаоллар билан кечки овқат атрофида йиғилдик. Улар билан Шинжон масаласида суҳбатлашдим. Балким шу масала юзасидан менга Ўзбекистонга киришга рухсат берилмагандир, аниғини билмадим.

Россиялик олимнинг айтишича, ҳозирда у Шинжонда Хитой сиёсати қурбонлари тўғрисидаги маълумотлар базасини бошқариш ва қуриш билан шуғулланади.

Мустақил олим, таржимон ва ёзувчи 34 ёшли Евгений Бунин сўнгги 4-5 йил давомида уйғур тилининг Шинжон вариантини ўрганиб чиқди ва шу вақт давомида Уйғуристонда яшаб келди.

Евгений Бунин бу маълумотлар shahit.biz сайтига тўпланиб, ўзбек расмийларини ташвишга солган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.

- Мен тахминан бир йилдан буён бу ишни олиб бораяпман ва Шинжондаги қурбонлар гувоҳликлари, уларнинг яқинлари ёки ғойиб бўлиб кетган одамлар тўғрисида маълумотларни тўплаяпман. Ҳозирга келиб базада 5400 уйғуристонлик тўғрисида маълумот жамланган. Хитой учун жуда нозик бўлган бу масала бўйича мен ҳозирда дунёда саноқли экспертлардан бириман. Хитой билан яхши муносабатда бўлиб келаётган Ўзбекистон ҳукумати учун бу фаолиятимдан хатар сезилса керак деб ўйлайман, деди уйғурлар масаласи бўйича мутахассис Евгений Бунин.

Россиялик олим бундан бир неча ой олдин махфий хизмат ходимлари Бухорода ижарада яшаб келаётган уй эгаларидан у ҳақда маълумот йиққанини аниқлаганини ҳам қўшимча қилди.

Евгений Бунин, шунингдек, нима сабабдан Ўзбекистондан депорт қилингани масаласида мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига изоҳ талаб қилиб, мурожаат қилишини билдирди.

Ўзбекистонга киритилмаганлар сони ошмоқда

Евгений Бунин охирги йилларда Ўзбекистонга киритилмаган кўплаб олим жамоатчилик фаоллари ва журналистлардан биридир.

Хусусан, Тошкент аэропортидан антрополог олим Сергей Абашин, таниқли фотосуратчи Константин Саломатин, Би-Би-Си Жаҳон Хизмати Марказий Осиё бўлими мудири Ҳамид Исмоилов, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолифатдаги "Эрк" партиясининг фаоли Насрулло Саййид, АҚШ фуқароси Бобур Ҳасан, ВВС Жаҳон хизматининг Марказий Осиё бўйича мухбири Наталья Антелава¸ “Новая газета” (Россия) фотомухбири Виктория Ивлева, BBC Monitoring гуруҳи ходимаси Багила Бухарбаева (Қозоғистон), қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова ҳам сабаби кўрсатилмасдан ортга қайтарилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Тадқиқотчи Евгений Бунин Ўзбекистондан чиқариб юборилган 1 ноябрда Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши раиси Ли Кэцян Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди.

Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашув давомида у “икки мамлакатнинг ўзаро очилиши икки томонлама муносабатлар ривожланиши ва ҳар тарафлама фойдага эришишга имкон яратиши” борасида гапирди.

Ли Кэцян 1-2 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти (ШҲТ) ҳукумат раҳбарлари йиғилишида иштирок этиб, Хитой Ўзбекистон билан “минтақавий хавфсизлик масаласида” ҳамкорлик қилишга қизиқиши борлигини очиқлади.

Шинжон-Уйғур мухториятидаги миллий озчиликларнинг тақиб қилиб келинаётгани, бир миллионга яқин мусулмоннинг “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётгани халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида қолаётган мавзулардан бири бўлмоқда.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида қилган нутқида сўнгги икки йил ичида Хитойда 1 миллиондан кўпроқ уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар қайта тарбиялаш лагерларида сақланаётганини таъкидлаб, бу ҳолатни “мусулмонларни ўз маданияти ва эътиқодидан воз кечиришга ҳаракат қилиш”, деб баҳолаган.

Шарҳларни кўринг (16)

XS
SM
MD
LG