Емайл: bobomatovu@rferl.org
Петербург полицияси шаҳарда кўпайиб бораётган исловотхоналарга қарши кураш бошлаганини хабар қилмоқда. Биргина февраль ойида Россиянинг “маданий пойтахти”даги Приморский, Кировский, Невский, Марказий туманларида асосан ўзбекистонлик аёллар “хизмат” кўрсатаётган фоҳишахоналар тарқатиб юборилди.
Петербургнинг Московский вокзалида ушланган Ўзбекистоннинг 10 фуқароси 7 минг рублгача жаримага тортилди ва Россиядан ташқарига чиқариб юборилди. Полициядагилар “Тошкент-Санкт-Петербург” поездидан тушган ўзбекистонликлар тиббий суғуртаси йўқлиги туфайли маъмурий жавобгарликка тортилганини айтди. Ҳуқуқшунослар эса виза талаб қилинмайдиган мамлакатлардан келган фуқаролардан суғурта талаб қилиш қонунга зидлигини айтмоқда.
Москва вилоятининг Митишчи шаҳридаги хусусий уйлардан бирини талон-тарож қилганликда айбланаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибс этилди. Полиция 42 ва 26 ёшли самарқандликлар жабрланган уй эгаларига самурайлар қиличи – катаналар билан таҳдид қилгани айтилмоқда.
Украинада уч ойдан бери давом этаётган оммавий норозилик намойишлари Сочида бошланган Қишки Олимпиада ўйинлари якунига қадар Янукович ҳукумати ва “Майдон” УмумУкраина бирлашмаси Кенгаши ўртасидаги келишувга мувофиқ тўхтатилди. Мухолиф кучларнинг таянч марказига айлантирилган майдондаги намойишчилар орасида ўзбек муҳожирлари ҳам бор.
“СОВА” Ахборот-таҳлил маркази ходимлари Россияда ксенофобия ва миллатчилик вазияти юзасидан навбатдаги тадқиқот натижаларини эълон қилди. “Ўнг радикал ўз қанотларини ёзди. Ксенофобия ва радикал миллатчилик ҳамда 2013 йилда унга қарши кураш” деб номланган ҳужжат муаллифлари Россияда ўтган йил давомида мигрантларга қилинган ҳужумлар сони кескин ошганини қайд этди.
Волгограднинг “Сади Придонья” ("Сады Придонья") ширкатида маош берилмагани сабабли 160 нафарга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири иш ташлаши юзасидан маҳаллий прокуратура ва Меҳнат вазирлиги инспекцияси олиб борган текширув натижалари маълум бўлди. Тафтишчилар мева шарбати ишлаб чиқарувчи ширкатнинг ишдан бўшатиб юборилган ўзбек йигит-қизлари олдида “қарзи йўқлигини” аниқлади. Ваҳоланки, ўзбекистонликлар икки ой давомида иш ҳақи берилмагани учун иш ташлаган эди.
Волгограднинг “Сады Придонья” ширкатида маош берилмагани сабабли иш ташлаган 160 яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишдан бўшатилди. Корхона раҳбарияти ўзбек ишчиларини “меҳнат интизомини бузгани учун” ишдан бўшатиб юборганини иддао қилаётган бўлса, мардикорлар бир неча ойлик иш ҳақини ололмаётгани ва “ноинсоний муносабатдан” норози бўлиб қўзғалганини айтмоқда.
Ҳукуматникидан фарқлироқ нуқтаи назар билан воқеа-ҳодисалар таҳлилини эфирга узатиб борувчи “Дождь” телеканали душанба кун “Триколор ТВ” алоқа операторидан узиб ташланди. Эндиликда Россияда “Дождь” канали аудиторияси 20 фоизга камайиши айтилмоқда.
9 феврал куни Москвадаги ўзбек жамоалари Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 573 йиллигини нишонлади. Москванинг Серпуховская майдонидаги шоир ва мутафаккир ҳайкали олдига гулчамбарлар қўйилди, шаҳар Миллатлар Уйида шоир ижодига бағишланган мусиқий-адабий кеча уюштирилди.
Владимир вилоятида газ баллони портлаши натижасида нобуд бўлган беш нафар меҳнат муҳожирини Ўзбекистонга жўнатишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шифохонада қолаётган яна икки ўзбекистонликнинг аҳволи ўртача оғирликда экани хабар қилинди.
Шу кунларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари сўрови билан Москвада ҳибсга олинган 29 ёшли бухоролик Маҳмудов Аброржонга нисбатан экстрадиция текшируви ўтказилмоқда. Яқинларининг фикрича, Аброржон Ўзбекистон маъмурлари томонидан "намозхон бўлгани учун" таъқиб қилинмоқда.
Москвада ўпирилиб тушган тупроқ остида қолган тожикистонлик меҳнат муҳожирини қутқариш амалиёти 4 соат давом этди ва якунланди: оғир жароҳат олган шифохонага олиб кетилди.
Россиянинг Владимир вилоятидаги кимё корхоналаридан бирида содир бўлган портлаш ва ундан келиб чиққан ёнғин оқибатида 5 киши куйиб ўлди, 3 киши оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди. Ўзбеклар диаспораси вакиллари пропан баллони портлаши натижасида қурбон бўлган ва яраланган муҳожирларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси эканини айтмоқда.
Душанба куни Москванинг Отрадное туманидаги 263-сонли мактабнинг юқори синф ўқувчиси қурол билан ўз мактабига бостириб кириб, 20 нафарга яқин мактабдошини гаровга олди. Гаровгир ҳодиса жойига чақирилган полиция нарядини ўққа тутди, бир ўқитувчи ва бир полиция ходимини отиб ўлдирди. Ўсмирнинг ўз ўқитувчиси билан можародан сўнг бу ҳаракатга қўл ургани айтилмоқда.
Меҳнат муҳожирларига Россияда савдо ва маданият соҳасидаги қатор мутахассисликлар бўйича квоталардан ташқари фаолият юритишга рухсат берилди. Россия Меҳнат вазирлиги чоп этган буйруқда хорижликларга хўжалик ва маданият соҳасидаги 62 йўналиш бўйича меҳнат қилиш ҳуқуқи берилди. Мутахассислар эса бу янгиликнинг жорий этилиши Россияда меҳнат муҳожирлиги вазиятига жиддий ўзгариш киритмаслигини гапирмоқда.
“Дождь” телеканалининг “Ленинград шаҳрини фашистларга топшириш орқали юз минглаб ленинградликлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинмиди?”, деган савол билан ўтказган сўрови ҳукуматнинг мазкур телеканалга босим ўтказиши учун баҳона бўлгани айтилмоқда.
Санкт-Петербургда қарияларни тўнаганликда гумон қилинаётган жиноий гуруҳ аъзоларидан бири ўзбекистонлик эканлиги эълон қилинди. Маълум бўлишича, у қидирувга берилган. Шундай қилиб, кексаларга ҳужум қилганликда гумон қилинган бир ўзбек ўрнига бошқа бир ўзбек пайдо бўлди.
Москва вилоятининг Химки шаҳрида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари сўрови билан яна бир ўзбек муҳожири ҳибс этилди. Ҳимоячилар 35 ёшли Фаррух Муродовга қўйилаётган айбловларни унинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши Россия ҳудудида ўтказилган пикет ва норозилик тадбирларда иштирок этгани, хусусан президент Ислом Каримов режими борасида танқидий мулоҳазалар билдиргани билан боғламоқда.
2014 йилнинг январ ойида Нижний Новгород вилоятининг Кстов шаҳар суди 40 ёшли Ўзбекистон фуқаросини 11 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. Ўзбек муҳожири ўтган йили рашк устида хотини пичоқлаб ўлдирганликда айбдор деб топилди.
Россия Вазирлар Маҳкамаси мамлакат Давлат Думасига Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши тўғрисидаги протоколни муҳокамага киритди. Россия ҳукумати расмий сайтида протокол 16 январ куни вазирлар томонидан муҳокама этилиб, тасдиқлангани хабар қилинади.
Давомини ўқинг