тел: +420 2 2112 2397 Skype: assadrskype
Email: sadriddin61@gmail.com Facebook: Sadriddin Ashurov
Тошкент шаҳар ҳокимияти халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан ўтган ойда шахс исмлари билан аталган юздан ортиқ маҳалла ва кўча номлари ўзгартирилди. 19 февраль, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21.05 да ўтказилган BahsOnline жонли мулоқотида кўчаларга шахслар исми берилишга тарафдор ва қаршиларни мунозарага таклиф этдик.
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Қултон қишлоғида истиқомат қилувчи Омонқуловлар оиласи газ баллонидан сизиб чиққан газнинг портлаши оқибатида содир бўлган ёнғиндан ҳалок бўлди. 58 ёшли оила бошлиғи, унинг ўғли, келини ва икки ёш невараси таниб бўлмас даражада куйганлиги айтилади.
Бухородаги Хўжа Исмат жоме масжиди имом хатибининг 23 яшар ўғли Суҳробжон Гадоев 8 февраль куни ис газидан бўғилиб ўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, масжидда тунаб қолган Суҳробжон қўлбола печкадан чиққан ис газидан заҳарланган. У билан бирга бир хонада тунаган яна икки нафар мадраса талабаси ҳаёти сақлаб қолинган.
Тошкент вилояти Чиноз туманидаги коллеж ва мактаб ўқитувчилари 13 февраль куни оммавий қор курашга сафарбар этилди. Ўқитувчиларнинг Озодликка айтишларича, бундай мажбурий ҳашар вилоят ҳокими келиши кутилган Тошкент-Самарқанд автомагистралида уюштирилган.
Айни қаҳратонда Шаҳрисабз ҳокимлиги шаҳарни ободонлаштириш мақсадида кўчаларни кенгайтиришни бошлаб юборди. Йўл четидаги аҳоли яшайдиган уйлар ва тадбиркорлик объектларига ҳаво ҳарорати кечалари -5 бўлиб турган шу кунларда бульдозер солинмоқда. Бошпанасиз қолган одамларга қариндошлариникида яшаб туриш тавсия қилинмоқда.
Жиззах вилоятининг Зафаробод шаҳарчасида уйда қаровсиз қолдирилган икки ёш бола электр печкадан чиққан ёнғин қурбони бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, болалар ёнғиндан чиққан тутундан димиқиб ўлган. Зафарободдаги Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Самарқанд кўчасида яшаган уч яшар Шоҳжаҳон Ҳайдаров ва уч яшар Нилуфар Муҳаммадиева 25 январь куни тутун ҳидидан димиқиб ҳалок бўлган.
Қашқадарё вилояти, Жиноят ишлар бўйича Яккабоғ туман суди шу туманлик инсон ҳуқуқлари фаоли Жамолиддин Ортиқов ва унинг укасини туман прокурори устидан арз қилгани учун жаримага тортди. Ака-укалар ўтган йилнинг сентябрида жиянини пахтадан олиб қолгани учун уларнинг “Нексия” автомобилини туман прокурори тортиб олган, прокурорнинг бу ҳаракатини ғайриқонуний, деб билган ортиқовлар Ўзбекистон Бош прокуратурасига арз қилган эди.
Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги кўп қаватли уйда яшаган оила якшанбага ўтар кечаси кўмир исидан заҳарланиб ўлди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, она, қизи, келини ва икки невараси печкага ёқилган кўмир исидан уйқу ичида заҳарланган. Оиланинг эркаклари эса Россияга ишлагани кетган.
Озодликка мактуб йўллаган Қўқон Давлат педагогика институти Табииёт ва география факультетининг талабаларига кўра, дарсларда умуман қатнашмаган талабалар пора бериб сессияни ёпмоқда, факультет декани эса дарсни қолдирган талабалардан пул талаб қиляпти. Факультет деканининг ўзи Озодлик билан суҳбатда талабалар иддаоларини инкор қилди.
Самарқанд вилояти Жомбой туман ҳокимлиги газ босимини кўтариш иддаоси билан ҳар бир хонадонга 152 минг сўмдан солиқ солди. Озодлик билан суҳбатда ҳокимият расмийси бу ялпи ўлпон аҳолидан газ учун қарзни ундириш мақсадида солинганини билдирди. Оддий жомбойликлар эса¸ ҳокимлик қанотида ўғирланган газ пуллари қиш совуғида газсиз ўтирган аҳолига сочилганини таъкидламоқда.
Ўзбекистоннинг қатор шаҳар ва туман деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, гарчи ўраб қўйилган бўлсада, совуқ урди. Сотувчилар Қарши деҳқон бозорида музлаб қолган тарвузларни, Косонсойда эса картошкаларни ахлатга ташлашга мажбур бўлдилар. Тўртинчи февралга келиб мамлакатда ҳаво ҳарорати бироз кўтарилди. Лекин, аксар вилоятларда мактаб, боғча, коллеж ва лицейлар ёпиқлигича қолмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимияти халқ депутатлари Кенгашининг қарорига биноан шахс исмлари билан аталган маҳалла ва кўча номлари ўзгартирилди. Айрим маҳалла фаоллари элга танилган ва халққа хизмати сингган шахсларнинг номи шаҳар кўчаларидан олиб ташланганига норозилик билдираяпти.
Жиззах шаҳридаги боғча болаларига металлолом солиғи солинди. Боғча ходимлари Озодлик билан суҳбатда ота-она ҳар бир боласи учун боғчага 300-400 килограммдан металлолом топиб топшириши кераклигини тасдиқлади. Озодликнинг мавзуга алоқадор манбасига кўра¸ советлардан қолган бу жараëн ҳозирда пул ювиш механизмига айланган.
Андижон туманининг Камолот кўчасида истиқомат қиладиган 77 ёшли Маҳамаджон Маматқуловнинг уйи ободонлаштириш дастури доирасида 2011 йилда бузиб ташланган эди. Орадан уч йил ўтаётган бўлса ҳам пенсионер уйига бульдозер солган ҳокимият товон пули ҳам, қурилиш материаллари ҳам бергани йўқ.
Хўжалик ва электр-рўзғор буюмлари, аудио ва видеотехникалар билан савдо қиладиган Тошкент шаҳридаги “Флешка” техномаркази дўконларининг Чорсудаги “Тошкент”( собиқ “Туркуаз”) савдо марказига кўчиши ҳақидаги хабар расмийлар томонидан инкор қилинди. 27 январь куни ўзбек тилидаги Интернет нашрларида пайдо бўлган бу хабар ижтимоий тармоқлар ва дўкондорлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди.
Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Намунавий уйларни ташкилотлар ёллаган мардикорлар қуряпти. Озодлик манбаларига кўра, уйларнинг томига черепица ўрнига арзон тунукалар ёпилмоқда, уйларнинг ғишти эса лой билан терилаяпти.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтган йили қурилган намунавий уй эгаларига кўра¸ уй деворлари айни кунларда ëрилиб¸ сувоқлар уқаланиб тушган; иссиқлик батареяларидан сув оқиб, пол тахталари қайишиб кетган. Бу уйларни қурган ширкат расмийси шикоятларнинг ҳақиқат эканини тан олди.
Тошкент вилояти ҳокимияти, вазирликлар ва идораларнинг вилоят бошқармалари Ўртачирчиқ туманининг Тўйтепа шаҳрига кўчади. Бу хабарни тасдиқлаган расмийларга кўра, айни пайтда Тўйтепа туманида Тошкентдан келадиган идораларга жой тайёрлаш ишлари бошланиб кетган.
Украинада содир бўлаётган бугунги воқеалар BahsOnlineнинг навбатдаги мавзусини танлашга туртки бўлди. Озодликнинг 22 январь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21.05да эфирга узатилган BahsOnline эшиттиришига Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши тарафдорлари ва қаршилар таклиф қилинди.
Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тақчиллиги боис касалхоналардаги вазият оғирлигича қолмоқда. Озодликка мактуб ёзган тингловчилардан бири Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги марказий шифохонада электр энергияси йўқлиги боис, касаллар қийналаётгани, чақалоқлар эса совуқдан кўкариб қолаётганини айтади. Касалхона шифокорлари бу ҳолатни рад этмади.
Давомини ўқинг