Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2024, Тошкент вақти: 05:10

"Янги Тошкент эмас, янги президент керак" - тармоқлар Янги Тошкент лойиҳаси ҳақида


Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида қуриладиган Янги Тошкентнинг бош режаси лойиҳаси билан танишди.

“Ўзбекистон24” телеканалининг “Менимча” кўрсатувида берилган лавҳада Мирзиёев “янги шаҳар қурилиши бошланмаса, Тошкентда беш йилдан кейин одамлар яшай олмаслиги”ни айтган.

“Ўзбекистоннинг 32 йиллик тарихида биринчи марта биз намунавий, жаҳон стандартларга мос лойиҳани қиляпмиз. Бу 300-400 йилга, бизнинг неваралар, чевараларга қолиши керак”, деган президент.

Қурилиш вазири ўринбосари, Янги Тошкентни барпо этишга масъул этилган Давронжон Одилов таъкидича, икки дарё оралиғида қуриладиган шаҳар маҳаллий иқлимдан тортиб шамол йўналишларию қуёш ботишигача – барча тенденциялар ҳисобга олинган ҳолда лойиҳалаштирилган.

Расмийлар пойтахтга йўлдош янги шаҳар қурилиши давр талаби эканини айтмоқда.

Президент матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллион нафарни ташкил қилмоқда. Бинобарин, кўплаб уй-жойлар, муассасалар барпо этилиб, инфратузилма тармоқларига юклама ортмоқда.

Лойиҳа доирасида 20 минг гектар майдонда 500 минг кишига мўлжалланган уй-жой ва инфратузилма объектлари барпо этилиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда 2,5 минг гектар ҳудудда 100 минг аҳолини жойлаштириш вазифаси қўйилган.

"Тошкент Сити қурилиши сабабли одамлар ўз уйларидан чиқариб юборилмоқда"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00

Расмий матбуот янги даврнинг йирик лойиҳаси дея тақдим этаётган Янги Тошкент қурилиши ижтимоий тармоқларда бирдек олқишланмоқда дейиш қийин.

Пойтахт ҳавоси мисли кўрилмаган даражада ифлослангани, инфратузилма кучли зўриқишга дучор бўлганидан норози ватандошлар янги шаҳар қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.

“Тошкент ичига ҳаммаси оч бўридай жойлашиб олди. Фермери борми, дўкондори борми, тайёр канализация, сувни деб. Тайёр мулкка эга бўлмай, Тошкент чеккасида канализация, сув ўтказиб, ўз иншоотларини қурсин”, дейди Фейсбук фойдаланувчиси Гули Ҳакимова.

“Тошкентнинг ҳавоси ифлос, чанг! Тирбандликлар сабаб йўлларда юриб бўлмаяпти. Бир-биридан баланд уйлар қурилиши Тошкент аҳолисини қийин аҳволга соляпти”, дейди Акбар Жўраев.

Баъзи ватандошлар шаҳар қуриш режасини умумият-ла маъқуллагани ҳолда, Янги Тошкент учун танланган жой номақбул эканини айтади.

“Жаноб президент, Янги Тошкентни умуман Тошкентдан узоқ жойда қуриш керак. Сизнинг маслаҳатчиларингизга – “2” баҳо. Янги шаҳарни энг ҳосилдор ва унумли ерларда эмас, Самарқанд билан Қашқадарё ёки Самарқанд билан Жиззах вилоятлари ўртасида қуриш керак. Стратегик нуқтаи назардан ҳам бу жуда муҳим. Халқни ўйлаган одам шу ишни қилади. Лекин ҳозирги янги тошкентчилар ўз чўнтакларини ўйлаётганга ўхшайди”, дея мулоҳазалари билан бўлишади Рустам Мардонов Фейсбукдаги Gazeta.uz нашрининг айни мавзудаги мақоласи остида қолдирган изоҳида.

Эски шаҳар & Tashkent city одамлар тақдирида (5-қисм)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00
Бевосита линк

Яна айримлар фалон пулга янги шаҳар қургунча, пойтахтнинг коммунал тизимини эпақага келтириш керак деб ҳисоблайди.

“Янги Тошкент – катта проект, жуда катта қарзлар эвазига пайдо бўладиган шаҳар. Ундан кўра мавжуд шаҳарни иситиш, газ ва ток билан таъминлаш орқали, пухта режа билан кенгайтириб бораверса, арзон йўл билан секин-аста талаб қондирилиши мумкин”, дейди Илёс Нарзиев.

Кўп сонли фойдаланувчилар ҳозирги шароитда янги шаҳар қуришдан кўра вилоятларни Тошкентдек ривожлантириш муҳимлигини урғулайди.

“Янги Тошкент деявермасдан вилоятларга, чекка туманларгаям сал эътибор беринглар. Бечора вилоятликларнинг дарди “Опен бюджет”да ютиб чиқиб, бирор камчилигини тўғрилаб олиш бўлиб қолди. Завод, фабрика ишлаб чиқаришларни ривожлантиринглар, инфратузилмаларга яхшироқ эътибор беринглар, вилоятликлар ҳам тошкентликлардек яшасин! Ҳали қиш фасли келмай “свет”ни ўчириб ётибсизлар, газларда аллақачон навбат”, деб фиғони фалакка чиқади Азизжон Мирҳабибов.

“Пойтахт билан Ўзбекистоннинг чекка бир тумани ўртасида катта фарқ бўлмаслиги керак. Бутун дунёда шундай, нимага бизнинг амалдорларнинг калласи ярим-чала ишлаши керак?!” дея таажжуб билдиради Ҳакан Иброҳим исмли фойдаланувчи.

“Янги Тошкент лойиҳасини 12 та вилоятга бўлиб, у ерлардаги қолоқ мактаб ва клиникаларни ривожлантириш керак”, дея маслаҳат беради Аҳмаджон Муҳаммаджонов.

“Жаноб президент, завод ва фабрикалар қуриб беринг, аҳоли иш билан таъминлансин! Қолгани шундоқ ҳам яхши бўлиб кетади”, дейди Зуҳра Мелиева.

Айримлар янги қурилиш сабаб Чирчиқ ва Қорасув дарёлари ифлосланиб кетишидан хавотир билдирса, яна бошқалар лойиҳага ажратилган маблағ талон-торож этилишидан ташвишда.

“5 йилдан кейин ким бор-у, ким йўқ – ёлғиз Аллоҳга маълум. Тошкент- ситидан орттирган бойликлар ҳазм бўлганга ўхшайди. Энди янги Тошкентдан соққа қилишмоқчи”, деб ўз фаразини баён қилади Фарҳод Исломов.

Марҳум Каримовга нисбат бериладиган “Янгисини қурмай, эскисини бузма” нақлини ёдга олган бошқа бир фойдаланувчи “Янги Тошкент эмас, балки янги президент керак”лигидан баҳс этади.

Шаҳар қурилиши ҳазил иш эмас, демак, бу масалада етакчи мутахассислар ва жамоатчилик фикрига қулоқ тутиш керак, дейди тармоқ фаоллари.

Форум

XS
SM
MD
LG