Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:48

Ҳисобот: Хитой ва Россия пропаганда масаласида ҳар қачонгидан кўпроқ ҳамкорлик қилмоқда


Хитойликлар Ханчжоудаги савдо марказига ўрнатилган экранда Россия-Украина уруши ҳақидаги лавҳани томоша қиляпти. 25 февраль, 2022
Хитойликлар Ханчжоудаги савдо марказига ўрнатилган экранда Россия-Украина уруши ҳақидаги лавҳани томоша қиляпти. 25 февраль, 2022

Украинадаги бир йиллик урушдан сўнг, Хитой ва Россия пропагандада бирлашди ва Ғарбга қарши кенгроқ стратегия доирасида бир-бирларининг хабарларини тарқата бошлади, дейилади янги ҳисоботда.

Германиянинг Маршалл жамғармаси қошидаги “Демократия учун альянс” амалга оширган бир йиллик тадқиқот шуни кўрсатдики, 2022 йил февраль ойида Украинага босқин бошлангандан кейин Хитой расмийлари ва оммавий ахборот воситалари Пекиннинг расман нейтралитет позициясига қарамай, Кремль қарашларини кўпроқ “ёритиш”га ҳаракат қила бошлаган.

"Албатта, россияпараст уйғунлашув бор эди ва Хитой уруш бошидан буён россияпараст лисонда сўзлаб келади, камига, Россиянинг уруш жиноятларини камайтириб, рус овозига эътибор қаратмоқда", дейди “Демократия учун альянс” ҳисоботи муаллифларидан бири Этьен Соула “Озодлик”ка.

Россия босқинига бир йил тўлди. Уруш хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:53 0:00

24 февраль куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, “Хитойнинг Ғарбга путур етказиш учун ўзининг глобал таъсир тармоғидан фойдаланиши” Глобал Жанубдаги Ғарбга иттифоқчи бўлмаган давлатлардаги кайфиятга таъсир қилиши мумкин.

"Ғарб ва унинг иттифоқчиларини заифлаштириш учун Хитой Глобал Жанубдан уларни узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқда", дейилади ҳисоботда. "Украинадаги уруш манзарасида Хитой ОАВлари Украинани қўллаб-қувватловчи давлатларни иккиюзламачи ва дунёнинг қолган қисмига бефарқ эканлигини таъкидлашга уриниб келади."

Урушнинг бир йили

Хитойнинг қаттиқ назорат остидаги ОАВлари урушни босқинчилик деб аташдан ўзини тиймоқда ва бунинг ўрнига Кремль терминологиясидан фойдаланиб, уни “махсус ҳарбий операция” деб атаяпти. Хитой ОАВлари АҚШнинг Украинада биологик қурол лабораториялари борлиги ва Россия кучлари Буча шаҳрида тинч аҳолини судсиз ўлдиргани ёлғонлиги ҳақидаги дезинформация ва Украина президенти Володимир Зеленский америкалик миллиардер Жорж Сорос назорати остида экани ҳақидаги фитна назарияларини Россия давлат каналларидан олиб тарқатди.

Ғарбга қарши қарийб ўн йиллик пропаганда билан кучайтирилган Хитой оммавий ахборот воситалари Кремлнинг уруш ҳақидаги версиясини кенг оммага тарғиб қилишга ёрдам бермоқда.

Ҳисобот таҳлилига кўра, ижтимоий тармоқларда бу позиция намоён бўлиб турибди.

2022 йилнинг 24 февралидан 2023 йилнинг 23 январига қадар Хитойнинг дипломатик ва давлат оммавий ахборот воситалари Twitter'да Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларини украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулебаникидан кўра “уч баравар кўпроқ” иқтибос келтирган. Россия президенти Владимир Путин ҳам Зеленскийдан саккиз баравар кўпроқ эсланган.

Хитой ОАВларининг Россия версиясини такрорлаши АҚШни қоралаш ва Пекиннинг АҚШ ташқи сиёсатига оид узоқ йиллик мавқеини қўллаб-қувватлайди, дейилади ҳисоботда.

Урушнинг биринчи йилида Хитойнинг дипломатик ва давлат ОАВлари Twitter'да «уруш» ҳақида гапирганда Қўшма Штатларни Россиядан икки баравар кўп тилга олди ва НАТОга кўпроқ эътибор қаратди, урушдан илгари Хитой ОАВлари бу ташкилотга бунчалик эътибор бермас эди.

2021 йилда “Демократия учун альянс” тузган маълумотларга кўра, Хитой давлат ОАВлари 1200 дан ортиқ твитида «НАТО»ни тилга олган, ташкилотнинг «кенгайиши» эса бор-йўғи 52 та твитда тилга олинган. Россия босқинидан бери «НАТО» ва «кенгайиш» сўзларидан фойдаланиш мос равишда 540 ва 1700 фоиздан кўпроққа ошган.

Тайван – ўтган йилги Россия босқинидан кейин тилга олиниши кўпайган яна бир мавзудир. Аммо бу Хитойни Россияга медиа соҳасида яқинлаштириш учун ноқулай мавзу бўлиб чиқди.

Пекин ўзиники деб даъво қиладиган орол ва Украина ҳақида бир вақтда гапирилган твитлар 500 мартадан кўпроқ бўлган, аммо бу твитларнинг аксариятида Хитой расмийлари ёки ОАВлари Тайван ва Украинани таққослаш хато эканини таъкидлашга уринган. Пекин Тайванни ўз провинцияси сифатида кўради ва ўзининг "суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги"ни ҳурмат қилиш, Тайван билан мустақил давлат сифатида муомала қилмасликни талаб қилади.

“Хитойнинг Россияни қўллаб-қувватлаши мутлақ эмас. Қизил чизиқ бор – нима бўлишидан қатъи назар, Хитой манфаатлари ҳамма нарсадан устундир, – дейди Соула. – Тайван ҳақида гап кетганда, бу жуда аниқ сезилади, шу боис Украина ва Тайван бир хил мақомда эмаслигини кўрсатишга уринишади ва бундай вақтда Россия версияси улоқтириб юборилади."

Хитой ва Россия Глобал Жанубда

Ҳисобот хулосалари АҚШ Давлат департаментининг хориж дезинформациясини “фош қилиш ва унга қарши туриш” учун ташкил этилган Глобал ҳамкорлик маркази координатори Жеймс Рубиннинг март ойи бошида Европага сафари чоғида айтган гапларига мос келади. У Ғарб Хитойнинг ахборот маконида пайдо бўлиши ва бу соҳада Россия билан яқин алоқаларига муносабат билдирганди.

"Биз – АҚШ ва Ғарб жавоб беришга шошилмаётганимиз учун жуда катта муаммога дуч келаётганимиз адолатли оқибат бўляпти", деди Рубин 28 февраль куни журналистларга. «Алоқа соҳасида Россия ва Хитой ҳамкорлиги деярли қиёмига етган”.

Сўнгги ўн йил ичида Хитой ва Россия Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Осиёда янги аудиторияни жалб қилиш учун ҳаракат қилди. Рубиннинг таъкидлашича, ҳар икки давлат бутун дунё бўйлаб ўз пропагандасини кенгайтириш учун миллиардлаб маблағ сарфлаган.

Хитой давлат ОАВлари Пекиннинг бошқа мамлакатларга таъсир ўтказиш, Коммунистик партия ҳақидаги маълумотларни назорат қилиш ва Хитойнинг сиёсати ва дунёдаги роли ҳақидаги версияларини тарқатишда марказий роль ўйнайди.

Украинадаги уруш манзарасида бу версиялар Глобал Жанубда ўзига унумдор замин топганга ўхшамоқда. Февраль ойи охирида Европа Ташқи алоқалар кенгаши ўтказган сўров шуни кўрсатдики, Ғарб давлатларида кўпчилик Украинани қўллаб-қувватласа‑да, Глобал Жанубда сўралганлар урушни давом эттиришни истамайди ва Москвага ҳамдард бўлиб, Ғарбга нисбатан шубҳа билан қарайди.

Соуланинг айтишича, бу Пекин ва Москва ўртасидаги ўсиб бораётган яқинлашишни англатади.

“Россияни қўллаб-қувватлагани учун Хитойга қарши санкция жорий қилиш ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти, – дейди у. – Бу Россияни хурсанд қилади ва Глобал Жанубда Пекин манфаатларига хизмат қилади".

Форум

XS
SM
MD
LG