Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:53

ЖССТ: Коронавирус эпидемияси пандемияга айланиши мумкин


ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус.
ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги коронавирус эпидемияси Хитойда максимум даражага етиб, сустлаша бошлаганини билдирди. Аммо бир вақтнинг ўзида ташкилот бошқа мамлакатларда вирус тарқалаётгани хавотирли эканлигини ҳамда эпидемия пандемияга айланиши мумкинлигини айтиб, барча давлатларни ҳозир туришга чорлади.

«Пандемия» сўзи юнонча “пан” (барча) ва “демос” (одамлар) сўзларидан ясалган бўлиб, мутахассислар бу сўзни хасталик сайёранинг турли бурчакларида бир вақтнинг ўзида тарқалган пайтда ишлатадилар.

ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус эпидемия Хитойда 23 январь билан 2 февраль орасида максимал даражага етганини ва ўшандан бери вирусни юқтиришлар сони бир маромда озаётганини айтди.

Женевада сўзлаган Гебрейесус вирус тарқалишини чеклаш учун кескин чораларни кўрган Хитой расмийларига миннатдорчилик билдирди.

Вирус Хитой ташқарисида тарқала бошлаши ортидан бошқа давлатлар ҳам кескин чора кўра бошлади. Хусусан, Италияда 11 шаҳар изоляция қилинди, Жанубий Корея расмийлари эса Дэгу шаҳрининг 2,5 миллион турғунини ташқарига чиқмасликка чорлади.

Расмий номи COVID-19 бўлган вирус тарқалишда давом этмоқда. Душанба куни вирус Афғонистон, Баҳрайн, Ироқ, Кувайт ва Уммонга кириб келгани хабар қилинди.

Эрон коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони энг юқори бўлган иккинчи давлатга айланди. Сўнгги хабарларга кўра, мамлакатда вирус туфайли ҳалок бўлганлар сони 16 га етди. Аммо Эронда вазият расмийлар тан олгандан аслида анча оғир эканлиги айтилмоқда.

Хитойнинг ўзида вирусга 77 мингдан ошиқ одам чалинди, уларнинг 2700 дан ошиғи ҳалок бўлди.

Жанубий Кореяда ҳам ўтган ҳафтадан бери вирусни юқтирганлар сони ошмоқда. Мамлакатда 1000 яқин одам вирусга чалинди, ҳалок бўлганлар сони 11 тага етди.

Европада ҳам хавотир кучайиб бормоқда. Италияда 200 га яқин одам вирусни юқтирди, уларнинг 7 нафари вафот этди. Шу сабабдан мамлакатда бир неча футбол матчлари кейинга қолдирилди.

Эпидемия глобал иқтисодга қаттиқ зарба бўлди. Хитойда кўплаб завод ва фабрика карантин туфайли бутунлай ёпилди ёки чекланган қувватда ишламоқда.

Якшанба куни Халқаро валюта фонди эпидемия иқтисодий тикланишга таҳдид солаётганини билдирди. Оқ уй эса Хитойда корхоналар иши вақтинча тўхтагани АҚШ иқтисодига салбий таъсир кўрсатишини билдирди.

Бу орада халқаро мутахассислар гуруҳи етакчиси Брюс Эйлвард Хитойда жорий қилинган айрим чекловларни бекор қилиш вақт келганини айтди.

- Табиийки, улар жамиятни янги нормал ҳолатга қайтарилишлари керак, чунки вирусдан қутилишимизга бир неча ой керак бўлиши мумкин, - деди Эйлвард.

XS
SM
MD
LG