Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:57

Туркия сайлов кенгаши Эрдўғонни президент сайлови ғолиби деб эълон қилди


Ражаб Тоййиб Эрдўғон президент сайловининг иккинчи босқичи ортидан тарафдорлари олдида чиқиш қилмоқда, Анқара, 2023 йил 28 майи
Ражаб Тоййиб Эрдўғон президент сайловининг иккинчи босқичи ортидан тарафдорлари олдида чиқиш қилмоқда, Анқара, 2023 йил 28 майи

Туркия Олий сайлов кенгаши президент сайловининг иккинчи босқичида, дастлабки натижаларга кўра, 52,14 фоиз овоз олган Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ғолиб деб эълон қилди.

Қайд этилишича, 28 май куни ўтказилган сайловнинг иккинчи босқичида берилган овозларнинг 99,9 фоизи ҳисобланганда Эрдўғоннинг рақиби – бирлашган мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли 47,86 фоиз овоз олган.

Жорий йилнинг 14 май куни Туркияда ўтказилган президент сайловида, расмий маълумотларга кўра, 49,52 фоиз олган Эрдўғон ва 44,88 фоиз олган Қиличдорўғли иккинчи турга йўлланма олган эди.

Давомат 85 фоизни ташкил қилган иккинчи босқичда ҳам Анқара, Истанбул ва Измир каби Туркиянинг энг йирик шаҳарларида худди биринчи босқичда бўлгани каби мухолифатчи Камол Қиличдорўғли ғалаба қозонган.

Олий сайлов кенгаши 28 майдаги сайлов ҳуқуқбузарликларсиз ўтганини билдирган. Бироқ мухолифат вакиллари айрим участкаларда ҳуқуқбузарликлар кузатилганини айтишмоқда.

Сайлов куни кечаси Анқарада чиқиш қилган Қиличдорўғли бўлиб ўтган сайлов тарихдаги энг адолатсиз сайлов бўлганини билдирди. Мухолифатчи демократия учун курашда давом этишини урғулади.

Эрдўғон президентлик лавозимини 2014 йил августида эгаллаган, бунгача эса у 2003 йилдан буён мамлакат бош вазири вазифасини бажариб келган. Мухолифат Эрдўғон президентликка келганидан буён Туркияда авторитар бошқарув унсурлари кўпайганини айтиб келади.

Бирлашган мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли 2002 йилдан буён Туркия парламенти депутати бўлиб келган, 2010 йилдан буён эса у мухолифатдаги асосий сиёсий куч – Жумҳурият халқ партияси лидери вазифасини бажариб келади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни телефон орқали мулоқотда Ражаб Тоййиб Эрдoғjнни президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди. Мирзиёев Эрдўғонни 49 фоиздан кўпроқ овоз олган сайловнинг биринчи босқичида кейин ҳам Туркияда президент ва парламент сайловларининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган эди.

Эрдўғонни 28 май кечаси Ўзбекистон президентидан ташқари Озарбайжон президенти, Қатар ва Кувайт амирлари, Венгрия, Арманистон, Грузия, Покистон, Малайзия, Британия бош вазирлари, Сербия, Россия, Беларусь, Венесуэла, Бразилия, Қирғизистон, Қозоғистон, БАА, Миср, Эрон лидерлари, АҚШ, Украина, Франция президентлари, Германия канцлери, ЕИ мутасаддилари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хусусан, БМТ, НАТО ва Турк давлатлари ташкилоти бош котиблари сайловдаги ғалабаси билан қутлашга улгуришган.

Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель ҳамда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Эрдўғонни твитлар воситасида табриклашиб, ЕИ билан Туркия ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиши истагини билдиришган.

АҚШ президенти Жо Байден Эрдўғонга йўллаган табригида Қўшма Штатлар Туркия билан НАТОдаги иттифоқдошлик доирасида ҳамкорликни давом эттиришига умид билдирган.

Туркия АҚШ учун қимматли иттифоқчи эканини урғулаган Давлат котиби Энтони Блинкен эса “турк халқи томонидан сайланган” Эрдўғон ҳукумати билан ҳамкорлик фаолияти давом эттирилишини сабрсизлик билан кутаётганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG