Тошкентликларга кўра, чанг, осмонни қоплаган туман, ёнилғи ҳиди ва одамларнинг йўталдан шикоят қилиши - кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб қолган.
IQ Air индексида пойтахт ҳавосининг ифлосланиш кўрсаткичи кўпинча "ҳаёт учун хавфли" деган даражада. 20 ноябрь куни PM2,5 майда дисперс заррачалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 3,4 баравар юқорилиги қайд этилди. Бунинг ортидан “Ўзгидромет” аҳолига иложи бўлса ташқарига чиқмасликни, кўчада ниқоб тақишни тавсия қилди.
Бу ҳолат нафақат соғлиқ, балки одамларнинг келажак ҳақидаги фикрларини ҳам ўзгартирган.
“Оддий аҳоли мажбур ҳолда мослашмоқда. Болаларимни мактабга ниқобсиз чиқара олмаяпман. Ҳатто бошқа давлатга, камида вақтинча бўлса ҳам, кўчиб кетсаммикан, деб ўйлаб қолдим. Бундай фикр менга аввал ҳеч қачон келмаган, мен доимо ватанпарвар эдим. Лекин ҳукуматнинг ҳаво ифлосланишига қарши етарли даражада кураш олиб бормаётгани мени бу ҳақда ўйлашга мажбур қилмоқда” - деди Озодлик мухбири суҳбатлашган тошкентликлардан бири.
Айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳаводаги чангни ва ифлосланиш даражасини камайтириш мақсадида дарахтлар ва йўлларга сув сепишни бошлагани 20 ноябр куни тармоқ фаоллари томонидан олқишланди. Бу чора қисқа муддатда зарарли заррачаларни пасайтириши мумкинлиги айтилади. Бироқ кузатувчиларнинг фикрича, муаммонинг асосий сабаблари бартараф этилмас экан, узоқ муддатли самара бўлмайди.
“Йўлларга сув сепиш ва яшил зоналарнинг суғорилиши ҳароратни пасайтиради. Юқори ҳароратда чанг ҳавода узоқроқ вақт сақланиб қолади, ифлослантирувчи моддалар кимёвий реакциялари тезлашади. Намлаш эса бу жараённи секинлаштиради ва заррачаларнинг тезроқ чўкишини таъминлайди” - дея таъкидланган Тошкент шаҳар ҳокимияти 21 ноябрда Телеграм канали орқали тарқатган хабарда.
Айни пайтда муаммо фақат пойтахт билан чекланмаган. Навоий, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ҳам аҳоли чанг, саноат чиқиндилари ва транспорт газлари сабаб нафас олиш қийинлашганидан шикоят қилмоқда.
Иқтисодчи Исломбек Ниёзметов Vatandosh порталидаги муҳокамада шундай фикр билдирган:
“Мен экология муаммоларини ўз ҳаётимда шахсан ҳис қилиб келаман. Аввал Хоразмда яшаб, азият кўрдим, кейин Тошкентга кўчдим, бу ерда эса муаммо янада оғирроқ туюлмоқда. Кўп йиллардан бери Тошкент ҳавосининг ифлосланиши, айниқса транспорт ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикрларимни Фейсбукда ёзиб келаман. Менда аллергия бор. Ўзбекистондан ташқарига чиққанимда, экологик шароити яхшироқ, инсон саломатлигига кўпроқ эътибор қаратадиган давлатларда бўлганимда аллергиям тўхтайди. Ўзбекистонга қайтганимда эса яна бошланади. Шу сабаб мен аллергиямнинг деярли барча сабаби ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ, деб ҳисоблайман”.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда ҳаво ифлосланишига асосий сабаб сифатида охирги йиллардаги оммавий дарахт кесишлар ва шаҳар экотизимига катта зарар етказаётган пала-партиш қурилишлар тилга олинади.
Экспертлар қурилиш ишларида шамол йўналишлари ҳисобга олинмагани сабаб ҳаво айланиши чекланиб, чанг ва газлар шаҳар ичида тўпланиб қолишини таъкидлашади. Бу ҳолат катта шаҳарларнинг табиий шамол йўли қоидасига зид.
Бундан ташқари, автомобиллар кўпайиши ортидан, транспортдан чиқадиган зарарли газ ҳам шаҳар атмосферасини булғашини айтилади. Шунингдек, иситиш станцияларида мазут ёки кўмирдан фойдаланиш ҳам сабаб сифатида кўрсатилади. Чунки улар ҳавога зарарли заррачаларни чиқаради. Яшил ҳудудларнинг қисқариши, дарахтларнинг кесилиши эса ҳавони табиий тозалаш имкониятини камайтиради.
Жаҳон банкининг 2024 йилдаги ҳисоботига кўра, Тошкентда PM2.5 майда зарралар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади. Бу кўрсаткич ўпка, юрак-қон томир ва онкологик касалликларнинг кўпайиши билан боғлиқ.
“Бугунги кунда аҳолининг уйларини иситиш учун мазут ёқиш бир неча бараварга ошган. Рақамлар - ўжар нарса: миқдор ошган сайин салбий оқибатлар ҳам кўпайиши эҳтимоли юқори. Буни аниқлаш учун келажакда илмий тадқиқотлар олиб борилиши керак. Мазут ёқилиши оқибатида онкологик касалликлардан фуқароларнинг вафот этиши - алоҳида жиддий масала. Бундан ташқари, иқтисодий зарар ҳам бор: бундай касалликларни даволаш ва эрта аниқлашга кетадиган харажатлар, уйларни газ орқали иситишга кетадиган маблағларга нисбатан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин. Бу масалага кенгроқ қараш керак. Одамларнинг уйларини иситиш муҳим, чунки ҳар бир хонадонга иссиқ керак. Лекин кўпроқ маблағ сарфлаб, касалликларни олдини олиш - давлат ва жамият учун узоқ муддатда анча арзон ва самарали ечим бўлиши мумкин. Буни тушуниш учун жуда катта олим бўлиш шарт эмас” - дея фикр билдирган фаоллардан бири Бобур Расулов Vatandosh порталидаги муҳокамада.
Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати газ танқислиги сабабли иситиш тизимини тўлиқ зангори оловга ўтказа олмаяпти. Бу муаммо расмий баёнотларда кўп айтилмайди...
Тошкент дунёнинг энг ифлос шаҳарлари рўйхатидан тушмаётган ва мораторийга қарамай дарахтлар кесилиши давом этаётган бир пайтда, Экология вазирлиги Ўзбекистон ҳукуматидан чиқарилиб, Президент администрациясига бўйсундирилди. Энди у Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси сифатида фаолият юритади. Таҳлилчилар ва атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган ўзбекистонликлар бу орқали янгича, маънили экологик сиёсат бошланишига умид боғламоқда.
Ҳавонинг ифлосланиши Марказий Осиёда Тошкентдан ташқари, Бишкек ва Олмаота шаҳарларида ҳам сўнгги йилларда қиш мавсумининг асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Атроф-муҳит учун кураш
Атроф-муҳит ифлосланиши ҳақида сўз кетганда Хитой ва Ҳиндистон босиб ўтган йўл бот-бот тилга олинади.
Ўз вақтида ҳаво ифлосланиши боис жаҳон янгиликлари сарлавҳаларидан тушмаган Пекинда заводлар чиқиндиларига қатъий чекловлар қўйилган, автоматик мониторинг станциялари жорий этилган ва электр транспорт воситаларига субсидиялар ажратилган. Деҳлида эса газ ва электр автобуслар ишга туширилди, автомобиллар учун Odd-Even тизими жорий этилди ҳамда ҳаво ифлосланишига қарши миллий дастур қабул қилинган.
Европа шаҳарларида ҳаво ифлосланиши кўрсаткичи нисбатан паст бўлишига қарамай, муаммо ҳар доим кун тарибида. Лондон ва Парижда дизель автомобилларига чекловлар киритилиб, шаҳар марказларида “тоза ҳаво зоналари” ташкил этилган. Берлин ва Амстердамда велосипед йўллари кенгайтирилиб, яшил транспорт сиёсати кучайтирилган. Скандинавия мамлакатларида эса иссиқлик марказлари босқичма-босқич қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказилган.
Форум