Линклар

Шошилинч хабар
30 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Ҳалокат қурбонлари: Тожикистонликлар самимий, улар бировга ёмонлик тиламайди


Хорижий сайёҳлар ўлдирилган жой
Хорижий сайёҳлар ўлдирилган жой

Нидерландиялик психолог, дунёни велосипедда кезаётган икки америкалик ва швейцариялик бир сайёҳ - тўрт чет элликни Тожикистон жанубидаги хушманзара шосседа маҳаллий ҳайдовчи ўз машинасида уриб ўлдирди.

Воқеа жойида ҳалок бўлган саёҳатчилар Тожикистонда танишиб қолган ва хушманзара Помир этакларига бирга сайр қилишни келишиб олган етти сайёҳнинг тўртови эди. Қолган уч киши ҳужум оқибатида жароҳатланди.

29 июль куни Тожикистон пойтахтидан тахминан 150 километр жанубда ҳужумни уюштирган кишилар автомобилни велосипедчилар устига ҳайдаган, сўнгра ундан тушиб, сайёҳларни пичоқлаб ўлдирган. Бу ҳақда давлат идоралари вакиллари хабар тарқатди.

Ислом давлати (ИД) экстремистик гуруҳи ушбу фожиа учун жавобгарликни зиммасига олди ва 31 июль куни бир видеолавҳани тарқатди. Унда ташкилотнинг қора байроғи остида туриб, ИДга содиқлигини изҳор қилаётган беш киши тасвирланган. Улар Тожикистон ҳукуматини мамлакатни “кофирлар ишғол қилгани”ни айтиб, танқид қилади.

Тожикистон ҳукумати ушбу иддаони рад этиб, ИД ўрнига Тожикистон ислом уйғониш партияси тарафдорлари жавобгар эканини айтмоқда. Илгари ушбу партия вакиллари ҳукумат лавозимларига эга эди, аммо президент Эмомали Раҳмоннинг авторитар режими 2015 йили уларни ҳокимиятдан бутунлай четлатди.

Ушбу ҳужум Тожикистон ҳокимият идораларини танг аҳволга солиб қўйди, чунки сайёҳлик мамлакатнинг қашшоқ иқтисодиётига анча-мунча тушум келтириши кўзланаётган эди.

Тожикистон ва қўшни Қирғизистоннинг гўзал табиат манзаралари кун сайин кўпроқ вилосипедчилар ва бошқа саргузаштсевар сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Жорий йилнинг ўзидаёқ Тожикистонга 900 мингга яқин сайёҳ келди ва 2017 йилги жами кўрсаткичдан 400 фоиз кўп демакдир.

Сайёҳларнинг 7 кишилик гуруҳи уч эр-хотин ва бир француздан иборат эди.

Америкалик Жэй Остин билан Лорен Жеогеган ишдан бўшаб, дунё бўйлаб велосипедда бир йилча олдин саёҳатга чиққан эди. Улар Европага ўтишдан олдин Африка мамлакатларига саёҳат қилди, сўнгра Марказий Осиёга отланган эди.

Уларга Тожикистонга келишдан олдин Қозоғистон ва Қирғизистонга сафар қилди. Остин бошдан кечирганларини блог тарзида ёритиб, эр-хотиннинг велосипеддаги саёҳатларига оид фотосуратларини ҳам эълон қилиб борди.

Ҳужум вақтида ўлдирилган ва жароҳатланган кишилар ҳақида маълумот:

Жэй Остин:

29 яшар Остин АҚШнинг Уй-жой қурилиши ва шаҳарларни ривожлантириш департаментида етти йил хизмат қилгандан сўнг жаҳон бўйлаб велосипедда саёҳат қилиш учун ишдан бўшаган. У бир блогида “велосипедда саёҳат қилиш ўта хавфсиздир. Тарқатилаётган хабарларга қанчалик ишонманг, дунё жуда гўзал... ўғирлаб кетилган сайёҳлар ва майиб бўлган велосипедчилар ҳақидаги гап-сўзлар жуда кам учрайди... Биз учун энг хавфли нарса.. автомобиль ҳайдаётган кишилардир. Одамлари самимий, бировга ёмонлик тиламайди”, деб ёзган эди.

У тўрт ўлдирилган кишининг биридир.

Лорен Жеогеган

Вашингтон шаҳрида истиқомат қилган Жеогеган Жоржтаун университетини битирган ва ўша ерда қабул ҳайъатининг етакчи ходими бўлиб ишлаётган эди. Асли Калифорния жанубидан бўлган бу аёл АҚШ Конгрессида ҳам ишлаган. Жеогеган велосипед ҳайдаш билан беш йил олдин жиддий шуғуллана бошлаган. Сўнгги йилларда Остинга бир неча марта жаҳон бўйлаб саёҳатлари чоғида ҳамроҳлик қилган.

У ҳам ўлдирилган сайёҳларнинг биридир.

Рене Уокке ва Ким Постма

Нидерландиялик 56 яшар психолог Уокке узоқ йиллик шериги Ким Постма билан Таиланддан Эронга кетаётиб, Тожикистонга келган эди. Улар хатарли Афғонистондан юрмаслик учун Тожикистон орқали ўтиб кетмоқчи эди. Уокке Постма билан кўплаб велосипед саёҳатларида қатнашган. Укасининг айтишича, дунёнинг 130 га яқин мамлакатига борган.

Уокке билан Постма Амстердамдаги қайиқ-уйига узоқ йиллар кўплаб муаммоси бор болаларни олиб келиб тарбиялаш билан шуғулланган. Болалар улар доимий уй топгунча уларникида яшаб турган. Уокке ҳужум вақтида ҳалок бўлди. Постма эса Душанбе шаҳридаги шифохонада даволаниб чиқди. Айни пайтда у пойтахтдаги хавфсиз уйда дам олмоқда.

Маркус Ҳуммел ва Мари-Клэр Диеманд

Швейцариялик велосипедчилар – асли Цюрих кантонидан. 62 яшар Ҳуммел ва шериги, 59 яшар Диеманд “Ушалаётган орзулар” номли блогида ёзишларича, Хитойнинг Сиан шаҳридан Қирғизистонга Буюк ипак йўли бўйлаб велосипедда келган. Улар 25 июль куни юритаётган блогига Тожикистондан, “сукунатдан ва тушга ўхшаган табиат манзарасидан баҳра оляпмиз, кунбўйи Помир дарёси ва водийнинг афғон томонига тикилиб ўтирибмиз”, деб ёзган эди.

Ҳуммел ҳужум вақтида ҳалок бўлди, Диеманд эса омон қолди ва Душанбе шаҳридаги шифохонага ётқизилди.

​Гийом Казабат

Ушбу француз гуруҳнинг қуйруғида велосипед ҳайдаб кетган эди ва у дастлабки ҳужумнинг нишони бўлмаган. Хабарларда айтилишича, енгил жароҳат олган. Франциянинг Душанбедаги элчихонаси у ҳақда бундан ортиқ маълумот бера олмади.

XS
SM
MD
LG