Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:05

Тожикистонда хорижлик сайёҳларни ўлдирганликда гумон қилиб, яна уч киши ушланди (ВИДЕО)


Тожикистонда ўлдирилган хорижлик сайёҳларнинг велосипедлари.
Тожикистонда ўлдирилган хорижлик сайёҳларнинг велосипедлари.

Тожикистонда яна уч киши машинада хорижлик сайёҳларни босиб юборишда гумонланиб қўлга олинди.

Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

29 июль куни Данғара тумани ҳудудида велосипедда Тожикистон бўйлаб саёҳатга чиққан хорижлик сайёҳатчиларни автомобиль уриб юбориши оқибатида Ҳолландия, АҚШ ва Швейцария фуқаролари - 4 киши ҳалок бўлган ва яна 3 хорижлик сайёҳатчи жароҳатланганди.

Уч сайёҳ воқеа жойида, яна бири эса, Данғара шифохонасида вафот этган. Жароҳат олган яна уч нафар сайёҳга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Тожикистонда хорижлик сайёҳларни ўлдирганликда гумон қилиб, яна уч киши ушланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00

Айни куннинг ўзида Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳодиса ортидан бошланган қидирув ишлари жараёнида икки шубҳали шахс отиб ўлдирилгани ва яна бир нафари қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода, 30 июль куни Душанбеда матбуот анжуманида хорижлик сайёҳлар устига автомобиль ҳайдалиши ортидан пичоқ билан ҳужум бўлганини айтди.

- Бу иснод келтирадиган жиноят. Мазкур жиноятда гумонланган уч киши қочишга улгурган. Махсус гуруҳ қидириш ишларини олиб борияпти. Биз барча версияларни ўрганияпмиз, - деди Рамазон Раҳимзода.

Ички ишлар вазирининг қўшимча қилишича, хорижлик сайёҳатчиларга ҳужумда гумонланган гуруҳда ўқотар қуроллар ҳам бўлган.

30 июль куни Тожикистон ИИВ сайтида нашр этилган маълумотда қайд этилишича, хорижлик сайёҳларни автомобилда босишда гумонланиб уч фуқаро - икки кўлоблик ва Жайҳун туманида яшовчи бир фуқаро ушланган.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари қуролли гуруҳни зарарсизлантириш бўйича махсус амалиёт олиб бормоқда.

ИИВ вазирлиги сайти хабарига кўра, Данғара туманидаги Торбулоқ қишлоғида ўтказилган оператив-қидирув тадбири давомида 1997 йилда туғилган нуреклик Жаъфариддин Юсуповга тегишли бўлган Daewoo Leganza русумидаги машина топилган.

"Мазкур автомашинадаги ҳолат хорижлик саййёҳлар устига айнан мана шу автомобиль ҳайдалганидан дарак беради," дея хабар берди Тожикистон ИИВ матбуот хизмати.

30 июль куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон АҚШ президенти Доналд Трамп, Ҳолландия подшоҳи Виллем-Александр ва Швейцария Конфедерацияси президенти Ален Барсега расмий мактуб йўллаб, Тожикистон жанубида ҳалок бўлганлар оилалари ва яқинларига таъзия билдирди.

Тожикистон президенти ўз мактубида айбдорларни топиб, жазолашга ваъда берган.

2018 йил Тожикистонда туризм йили деб эълон қилинган. Жорий ойнинг аввалида Имомали Раҳмон Сўғд вилоятида фаоллар билан мулоқот ўтказаркан хорижлик сайёҳларга нисбатан тамагирлик ва порахўрлик қилган ҳуқуқ-тартибот ходимлари амалларини "ватанга хиёнат" дея баҳолаганди.

Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилнинг дастлабки беш ойида Тожикистонга 900 мингдан ортиқ хорижлик саййёҳ келган, бу ўтган йилнинг айни даврига нисбатан тўрт баробар кўпдир.

XS
SM
MD
LG