Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 21:05

The Lancet: Россиянинг “Спутник V” вакцинаси клиник синовларда 91,6 фоиз самара кўрсатди


Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вакцинани 2020 йил августида рўйхатга олган эди.

Коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасининг самараси 91,6 фоизни ташкил этди. Клиник синовнинг учинчи босқич хулосалари дунёнинг етакчи тиббиёт журнали - The Lancet’да сешанба куни чоп этилган.

Мустақил тадқиқотчилар томонидан ўрганилган бу хулосалар жаҳон ҳамжамиятида коронавирус пандемиясига қарши курашишда яна бир қурол пайдо бўлганини англатади, дейди олимлар.

"“Спутник V” вакцинаси шошма - шошарлик, шаффоф бўлмаган ҳамда қоидаларга амал қилинмаган тарзда ишлаб чиқилаяпти, деб танқид қилинаётган эди. Лекин бу мақолада чоп этилган хулосалар пухта бўлиб, вакцина эмлашнинг илмий тамойилларини намойиш қилмоқда. Демак, яна бир вакцина коронавирусга қарши курашга қўшилди”, - дейди бу синовда иштирок этмаган Ридинг университетининг профессори Ян Жонс ва Лондон Гигиена ва тропик тиббиёт мактабининг профессори Полли Рой.

Икки дозали вакцина клиник синовнинг учинчи босқичида 19,866 кўнгилли, жумладан, плацебо олган 5 мингга яқин одам текширилганда унинг самараси 91,4 фоизни ташкил этгани аниқланди. Бу ҳақида “Спутник V”ни ишлаб чиққан Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот марказининг ходими Денис Логунов The Lancet журналига маълум қилган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вакцинани 2020 йил августида рўйхатга олган эди. Ўшанда унинг дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинган коронавирусга қарши вакцина экани айтилганди. Совет Иттифоқи томонидан фазога илк бор учирилган сунъий йўлдош шарафига вакцина “Спутник V” деб номланган эди.

Россия учинчи босқич клиник синовларнинг маълумотларини аллақачон бир қатор давлатларнинг мутасаддиларига тақдим этган ҳамда вакцинани рўйхатга олиниш илтимоси билан Европа Иттифоқининг регуляторига мурожаат қилган.

Тадқиқот натижалари AstraZeneca ҳамда Pfizer ширкатлари коронавирусга қарши препаратни ишлаб чиқаришни камайтиришга мажбур бўлиши ортидан Европада вакцина тақчиллиги кузатилаётган бир пайтда чоп этилган. АҚШда ҳам вакцинани сақлаш билан боғлиқ муаммолар ва штатлараро мувофиқлаштиришнинг заифлиги деб эмлаш жараёни оқсамоқда.

XS
SM
MD
LG