Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:29

Швеция прокурори суддан Беҳзод Аҳмедовни “интервью” қилишни сўради


2012 йилда Ўзбекистондан қочиб кетган Беҳзод Аҳмедов Тошкент томонидан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган эди.
2012 йилда Ўзбекистондан қочиб кетган Беҳзод Аҳмедов Тошкент томонидан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган эди.

Швеция прокуратурасининг коррупцияга қарши бош прокурори Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича¸ ўзбек телеком бозорига кириш учун 331 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганини тан олган Telia ширкати собиқ бошқарувчилари бу жараëнда фақат бир шахс – Беҳзод Аҳмедов қатнашгани ҳақида кўрсатма берган. Айблов хулосасида прокуратура суддан ҳозирда Россияда яшаётган Аҳмедовни савол-жавоб қилиш сўрови билан Россия маъмурларига мурожаат қилишни сўраган.

Telia 1 миллиард доллар тўлаб¸ АҚШ судига чап берди¸ аммо швед судидан қочиб қутула олмади

21 сентябрь куни Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун 331 миллион доллар пора берганини тан олган Telia (аввалги номи TeliaSonera) ширкати 965 миллион доллар жарима тўлаш эвазига АҚШ Адлия вазирлиги билан судгача келишув битими имзолади.

Аммо эртасига – 22 сентябрь куниëқ Teliaнинг уч собиқ менежерига очилган жиноят иши Швеция прокуратураси томонидан расман мамлакат маҳкамасига оширилди.

Акцияларининг 37.3 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли Telia ишини 2012 йилдан бери тергов қилаëтган прокурор Гуннар Стетлер¸ ширкатнинг уч собиқ бошқарувчисини 2007-2012 йиллар давомида Ўзбекистоннинг ўшандаги президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтилаëтган Takilant ширкатига юзлаб миллион пора берганликда айбламоқда.

Айбланувчилар - 2003-2007 йилларда Telia ширкатининг молиявий директори ва вице-президенти¸ 2007-2012 йилларда эса ширкатнинг Еврoосиë фаолияти президенти бўлган Теро Кивисаари¸ 2007-2013 йилларда ширкатнинг бош менежери бўлган Ларс Нюберг ва Евроосиë фаолияти бўйича бош маслаҳатчиси Ули Туималар ишининг швед судида йил охиригача кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Жиноий ишни тергов қилган Стетлер¸ айбланувчилар билан судгача келишув битими тузишни эҳтимолдан соқит қилади:

- Швеция прокуратураси пора берганликда айбланаëтган шахслар билан судгача келишув битими қилмайди. Бу бизнинг қонунчилигимизда йўқ. Маҳкама қандай ҳукм чиқариши ҳақида ҳам ҳеч нарса айта олмайман. Швеция қонунчилиги пора берганлик учун максимум 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлашни кўзда тутади¸ деди Озодлик билан суҳбатда 2012 йилдан бери TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти устидан тергов олиб борган прокурор Гуннар Стетлер.

Пора кимга¸ қандай берилди?

Гуннар Стетлерга кўра¸ АҚШ тергови¸ қолаверса¸ ўзи ўтказган тергов давомида TeliaSonera собиқ бошқарувчилари 2007 йилда Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириб¸ фаолият бошлаш учун лозим лицензияларни олиш ва сўнгра ўз фаолиятини давом эттириш учун шарт бўлган юзлаб миллион доллар порани “савдолашиш” жараëнида фақат бир одам билан ишлаганларини билдирган:

- Мен пора берганликда айблаган шахслар тергов давомида фақат бир одам – ўша пайтда Ўзбекистондаги "Ўздунробита" телеком ширкати бошқарувчиси Беҳзод Аҳмедов билан гаплашганларини иддао қилди. Улар иддаосича¸ ҳатто ҳисоб рақамига юзлаб миллион доллар ўтказилган Takilant ширкатининг қоғоздаги эгаси Гаяне Авакянни ҳам кўришмаган. Уларга кўра ҳамма иш Аҳмедов билан битган¸ ўзаро келишувга ҳам у қўл қўйган¸ дейди Стетлер.

Teliaдан пора олган бошқалар ҳам борми?

Озодлик билан суҳбатда швед прокурори Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун расмий лицензия ва бошқа ҳужжатларни олиш жараëнида Тошкент ҳукуматининг турли даражадаги расмийлари ҳам қатнашгани ва уларнинг ҳам бу коррупцион схемаларда “махсус роли” борлигига ишонишини айтади.

“Аммо¸ ҳозирча у ëки бу шахс номини айта олмайман”¸ деган Стетлер¸ бу расмийлар номини ошкор қилиши мумкин асосий шахс – Беҳзод Аҳмедов эканини таъкидлайди:

- Билишимча¸ Беҳзод Аҳмедов ҳозирда Россияда. Мен суддан уни интервью қилиш сўрови билан Россия ҳукуматига мурожаат этишни сўрадим. Билишимча¸ Аҳмедов телеком бозорини Гулнора Каримова назорат қилиши ва Ўзбекистонда бизнес қилишнинг ягона йўли унга пора бериш эканини айтган. Айни пайтда¸ мен Гулноранинг бу жараëнда якка ўзи ишламаганини тушуниб турибман. Телекоммуникация соҳаси раҳбарларидан айримларининг бу ишлардаги роли мени ҳам қизиқтирмоқда. Лекин Ўзбекистон бошқарувидагилардан айнан яна кимларнинг пора олганини аниқлаш Швеция юриспрунденцияси доирасидан ташқарида. Менинг қолган порахўрлар кимлигини тасдиқлаши мумкин фактларга қўлим етмайди. Лекин мен судга бош пора олувчи Гулнора эканини исботловчи етарли далилларни тақдим этдим¸ дейди Стетлер.

2012 йилда Ўзбекистондан қочиб кетган Беҳзод Аҳмедов Тошкент томонидан фирибгарлик ва пул ювишда айбланиб¸ Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган эди.

Гулнора Каримова ўзига қарши аввалига Швейцария¸ сўнгра Швеция¸ Ҳолландия ва Францияда бошланган жиноий ишларни айнан "Аҳмедовнинг фитнаси" деб атаган эди.

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Интерпол расмий сайтида халқаро қидирувга берилган шахслар рўйхатида Беҳзод Аҳмедов номи топилмади.

Унинг қачон¸ қайси асосда¸ кимнинг сўрови билан халқаро қидирувдан олиб ташлангани ҳозоирча Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG