Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:58

Мирзиёев ташқи қарз ҳақидаги хавотирларни аритишга уринди. Ташқи қарз чиндан ҳам хавфсизми?


Президент Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига анъанавий Мурожаатнома билан чиқди
Президент Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига анъанавий Мурожаатнома билан чиқди

Президент Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида мамлакатдаги тўрт йирик компания “келгуси йилда халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади”, деди.

Мустақил иқтисодчилар фикрича, халқаро молия бозоридан давлат кафолатисиз кредит олиши учун давлат раҳбарининг баёноти етарли эмас. Бунинг учун давлат бу корхоналардаги улушидан воз кечиши, халқаро рейтинг агентликларида уларнинг кредит рейтинглари белгиланиши каби бир қатор талаблар бажарилиши керак.

Президент 29 декабрдаги мурожаатида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи масаласига ҳам тўхталиб, бундай деди:“Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мезонларига кўра хавфсиз ҳисобланади”.

Марказий банкка кўра, 2020 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, 29,3 миллиард долларга етган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоботидан олинган инфографика.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоботидан олинган инфографика.

Бу миқдордаги қарз, Президент айтганидай, чиндан ҳам хавфсизми?

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақуловнинг фикрича, қарзнинг бу кўлами “агар иқтисодий ўсиш бўлганда эди, хавфсиз бўлиши мумкин эди".

"Президент “Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мезонларига кўра хавфсиз ҳисобланади”, деяпти. Бу давлат бошлиғининг гапи. Лекин Президент тилга олган халқаро молия ташкилотларининг худди шунга ўхшаш баёнот берганидан шахсан менинг хабарим йўқ. Яна бир муҳим масала: бу қарзларнинг қандай шартлар билан қанча муддатга олинаётганидан жамоатчиликда ҳеч қандай маълумот йўқ”.

Профессор Хидирназар Аллақулов
Профессор Хидирназар Аллақулов

Афтидан, масаланинг олим айтаётган учинчи жиҳати – олинаётган ташқи қарз ҳақидаги маълумотларни очиқлаш заруратига мамлакат раҳбарияти эътибор берган кўринади. Президент Мирзиёев ўз мурожаатида “ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар бундан буён маҳаллий кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади”, деди.

Яна бир иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев Президентнинг шу пайтгача олинган ташқи қарз хавфсиз, деган фикрига қўшилади. Бироқ Жубаевнинг фикрича ҳам хавфсизлик таъминланиши учун бир муҳим шарт бажарилиши керак:

“Ҳа, Президентнинг фикрига қўшиламан. Чунки шу кунда ташқи қарзнинг умумий миқдори шу кунда тақрибан 30 млрд доллар.. Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти миқдори тақрибан 60 млрд доллар. Демак, ташқи қарз ЯИМнинг 50 фоизи миқдорида. Бу миқдор Ўзбекистонга ўхшаган давлат учун кўп эмас. Қиёслаш учун: Япониянинг ташқи қарзи ЯИМининг 130 фоизи, Буюк Британия 120 фоизи миқдорида, Қозоғистонники 80 фоизи миқдоридадир. Демак, ташқи қарзнинг хавфсиз ёки хавфсиз эмаслиги унинг кўп ёки озлигида эмас, гап ундан қай даражада самарали фойдалана олишда. Иқтисодий ривожланиш бўлса, қарз – хавфсиз. Акс ҳолда хавфли”.

Сапарбой Жубаевнинг тушунтиришича, бу ерда масаланинг бир муҳим жиҳати – ташқи қарз таркибига эътибор бериш керак.

“Марказий банк бу қарзни давлат қарзи ва хусусий сектор қарзи, деб бўлади. Масаладан йироқ одамда нотўғри тасаввур пайдо бўлди. Аслида олинган тақрибан 30 миллиард долларнинг ҳаммаси давлатники. Чунки Ўзбекистондаги йирик корхоналарнинг барчаси акцияларининг назорат пакети давлатники. Масалан, Қозоғистонда ташқи қарз аниқ бўлинган: 14-15 миллиард доллар давлат қарзи, қолган 135 миллиард доллар чет элдан келган инвесторлар зиммасида”.

Масаланинг Сапарбой Жубаев айтаётган жиҳатини президент Мирзиёев ҳам Олий Мажлисга қилган мурожаатида билвосита тан олди:

Доцент Сапарбой Жубаев
Доцент Сапарбой Жубаев

“Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш керак. Ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб қолмоқда”.

Мана шундай шароитда давлат раҳбари мамлакатдаги тўрт йирик компания халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлишини билдирди:

“Келгуси йилда Навоий кон-металлургия комбинати, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятлари халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади”, деди Президент.

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов давлат раҳбарининг бу баёнотини олқишлаб, аллақачон йирик корхоналарга бундай имконият берилиши кераклигини айтаркан, бундай деди:

“Ўзи умуман, жаҳон тажрибасида йирик корпорациялар халқаро молия институтлари билан муносабатга киришар экан, бу муносабатларда давлатнинг кафолати деган нарса бўлмайди. Корпорациялар мустақил иш кўради. Бизнинг корхоналар ҳам шу йўлдан бориши айтилди ва бу яхши бўлади. Лекин бу йўлда олдиндан ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор юмушлар бор”.

Бу юмушлар нимадан иборат эканлигини Сапарбой Жубаев тушунтираркан, бундай деди:

“Ўзбекистон корхоналари халқаро молия институтларидан давлат кафолатисиз қарз олиши учун, агар корхона акциядорлар жамияти бўлса, ўз акцияларини ёки уларнинг бир қисмини чет эллик инвесторларга сотиши керак бўлади. Бу дегани чет эллик инвестор, сотиб олган акциялари миқдорига қараб, Ўзбекистондаги корхона эгаси бўлишини тан олиш деганидир. Бунга амалдаги қонунлар тўғри келадими ва ҳокимият рози бўладими?”

Сапарбой Жубаевнинг фикрича, масаланинг яна бир муҳим жиҳати корхоналарнинг кредит рейтинги масаласидир.

“Ўзбекистон корхоналари (акционерлик жамиятлари) қарз қоғозлари – облигацияларни расман чет эл биржаларида сотувга чиқариши учун халқаро рейтинг агентликларидан кредит рейтингларини олиши керак бўлади”.

Бу йил 10 апрелда, биринчи марта, Ўзбекистон ўзининг суверен кредит рейтингини олди. “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги ВВ- (барқарор истиқболли) рейтингини берган. Шундан кейин Ўзбекистон хукуматининг облигациялари Лондон биржаси листингида сотилган.

Президент Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида “Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра, бу йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди” деди.

Бироқ, Сапарбой Жубаевнинг фикрича, давлат рейтинги мавжудлиги корхоналарнинг ҳам шахсий рейтинги бор, дегани эмас.

“Ҳар бир корхона ўз рейтингига ва бу корхоналарга хизмат кўрсатадиган Ўзбекистон банки хам кредит рейтингига эга бўлиши керак. Бу жуда мураккаб масала. Бунинг учун биздаги 100 % давлат корхоналари хусусийлаштирилган бўлиши талаб қилинади. Акс ҳолда, фақат давлат кафолати орқалигина чет элдан қарз ола билади”.

Иқтисодчи олимга кўра, аксарият ҳиссалари давлатга тегишли ширкатлар жаҳон молия бозоридан қарз олиш имконига эга бўлиши учун давлат бу ширкатлардаги ўз улушидан воз кечиши керак бўлади:

“Ишончли чет эл инвесторлари давлат тассаруфидаги корхоналарнинг акция ва облигацияларини осонликча сотиб олмайди. Улар олдин бу корхоналар тўла хусусийлаштирилишини талаб қилади. Яъни давлат бу корхоналардаги ўз улушидан воз кечиши керак бўлади. Бунга бизнинг ҳокимиятдагилар кўнадими?"

XS
SM
MD
LG