Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:43

Жалолобод давлат университетида таҳсил олувчи юздан ортиқ талаба ўқишдан ҳайдалди


Ўшда тахсил олаётган ўзбекистонлик талабалар. Иллюстрация учун архивдан олинган фотосурат.
Ўшда тахсил олаётган ўзбекистонлик талабалар. Иллюстрация учун архивдан олинган фотосурат.

Қирғизистоннинг Жалолобод давлат университети Тиббиёт факультетида таҳсил олаётган юздан ортиқ ўзбекистонлик талаба ўқишдан четлатилди. Университет раҳбарияти бунга талабаларнинг кўп дарс қолдиргани сабаб эканини айтмоқда. Бироқ баъзи талабалар бу ҳолатни “пул ундириш усули” деб баҳоламоқда.

Ижтимоий тармоқларда Жалолобод давлат университети Тиббиёт факультетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг норозилик билдираётган йиғини тасвирланган видео тарқалди. Унда талаба қизлардан бири университет раҳбариятига қуйдагича мурожат қилган:

“Деканга борсак тингламайди, бу ҳам одам демайди. Бизни одам ўрнида кўрмайди. “Мен медвузда ўқиганларингни билиб туриб, ҳаммангни отчисления қиляпман”, дейди. Биринчи курсдан бери ўқиймиз, анатомия ўқитилмаган, фундамент анатомия. Анатомияни билмай қанақа врач бўламиз. Даволашни ҳам Ўзбекистонга практикага бориб ўргандим. Дарслардан ҳеч нима ўрганмадик Сентябрдан бери коррупция. Пул берсанг ўқишда қоласан, пули йўқлар ҳайдалади. Биз нима қилишимиз керак?”, - дейди талаба қизлардан бири.

Видеода йиғиннинг бошқа кўплаб иштирокчилари талаба қизнинг сўзларини қарсак билан қувватлашгани акс этган.

Исми-шарифини айтмаслик шарти билан Озодликка интервью берган ўзбекистонлик бошқа талабалар, олийгоҳда ҳорижлик талабаларга кўп ҳолларда пул эвазига баҳо қўйилишини айтшган. Баъзилар эса, “ўқитувчилар пул олади” деган сўзни инкор қилиб, ўқув сифатини мақташган.

Бухородан келганини айтган талаба йигит, апрелда оғриб қолиб икки ҳафта дарс қолдирганини, бироқ деканат уни “100 дарсга қатнашмади” деган асосда ўқишдан четлатгани, натижада бир йил учун тўлаган контракт пули куйиб кетганини айтган.

Акушерлик ва педиатрия кафедраси ўқитувчиси Асқар Сейдалиев, талабалар сўзларини тасдиқлаб, 300 талаба ўқишдан четлатиш муаммосига дуч келганини айтади.

-Кўпроқ “дарсга келмади” деган асосда талабаларни “пулга туширишади”. Деканатдагилар ўқитувчилардан кимлар дарсга келмаётганини сўраб, рўйхатини олади. Кейин ўша талабаларни чақириб гаплашишади. Пулини олишади. Қарасанг, ўша талаба одатдагидек ўқиб юрган бўлади, - дейди Сейдалиев.

Тиббиёт факультети декани Гулбара Ташиева бу каби билдирувлар «ҳақиқатга зид» эканини айтди. Унга кўра, дарсни кўп қолдирган талабалар ўқишдан четлатилиши тўғрисида гуруҳ раҳбарлари орқали аввалдан огоҳлантирилган.

«Бизнинг битирувчилар кейин бошқалар саломатлигига жавобгар бўлишади. Бу – зиммамиздаги катта жавобгарлик. Баъзи талабалар “касал бўлганим учун дарс қолдирдим” деб тиббий маълумотнома олиб келишди. Ҳар бир маълумотни текширдик. Қолаверса, чегарадан қачон ўтиб-қайтганигача билдик. Ёлғондан оғриб қолгандим деганлар ҳам аниқланди. Шундай қилиб, 117 студентни ўқишдан четлатдик. Менга уялмай келиб, “ишни битириб қўймайликми” дейишди. Қирғизистонда “пул берсанг ҳамма иш битади”, деган сўзларни ҳам айтишяпти. Ундай бўлмайди», - деди Ташиева.

У шунингдек дарсга келмаган 50дан ортиқ покистонлик ва ҳиндистонлик талаба ҳам ўқишдан четлатилганини қўшимча қилди.

Билдирилишича, тиббиёт факультетида таҳсил олаётган 3300 нафар талабанинг 400 нафари Ўзбекистондан келган. Бундан ташқари бу ерда Покистон, Ҳиндистон ва Бангладешдан келган минг нафардан кўпроқ талаба ҳам ўқийди.

Деканат маълумотига кўра, ўқиш ҳаққи бир йилга 120 минг қирғиз сўми. Хорижлик талабалар эса 1500 АҚШ долларидан 2000 долларгача контракт тўлайди.

Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Маориф сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2020 йилда эълон қилган маълумотда Жалолобод давлат универститети ўқитиш сифати ночор олийгоҳлар қаторига киритилган эди.

2017 йили Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар очилиб, ўзаро борди-келди қайта тикланганидан сўнг Қирғизистондаги олий ўқув юртларига ўқишга кирган ўзбекистонлик ёшлар сони кўпайган. 2020 йилги ҳисоб-китоб бўйича Қирғизистонда Ўзбекистондан келган 17 минга яқин талаба билим олади.

XS
SM
MD
LG