Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:38

Мирзиёевга ишониб миллионлаб доллар кредит олган тадбиркорлар банкротлик ва қамоққа юз тутмоқда


Бухоролик тадбиркор бу музхонани 2015 йилда 240 минг доллар кредит олиб қурган эди. 2017 йилги сўм девальвациясидан сўнг, кредит тўрт бараварга қимматлади.
Бухоролик тадбиркор бу музхонани 2015 йилда 240 минг доллар кредит олиб қурган эди. 2017 йилги сўм девальвациясидан сўнг, кредит тўрт бараварга қимматлади.

Ўзбекистонда 2017 йилдаги валюта либерализациясидан аввал кредит олган юзлаб тадбиркор банкротликка юз тутмоқда.

Давлат дастуридаги режа асосида иссиқхона, музлатгич қуриш, интенсив боғ яратиш учун юз минглаб, миллионлаб доллар кредит олган бу тадбиркорларнинг қарзи бир куннинг ўзида икки бараварга кўпайди.

Чунки 2017 йилнинг 2 сентябригача 1 АҚШ доллари 4100 сўм эди, валюта либерализациясидан сўнг 8100 сўмга кўтарилди.

Банклар тадбиркорлардан кредитни долларнинг янги қийматида қайтаришни талаб қила бошлади.

Қарзи бирданига икки-уч бараварга кўпайган тадбиркорлар бирин-кетин сина бошлади, қарзини қайтаролмаётганлар устидан жиноят ишлари очилди, бир қанчаси қамоққа олиниб озодликдан маҳрум этилди ва бир қанчаси устидан суд жараёни давом этмоқда.

Тадбиркорларнинг айтишларича, давлат дастури асосида ишлайман деган ишбилармонларни давлатнинг ўзи бирин-кетин синдирмоқда. Судлар эса давлат томонда, тадбиркорнинг манфаатини ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти.

Бухоро шаҳрида яшайдиган тадбиркор Шавкат Қудратов 2015 йилгача фақат ўзбек сўмида кредит олиб ишлаб келган.

Унга давлат дастури режаси асосида валютада кредит таклиф қилишганида аввал рад қилган, кейин ваъдаларга ишониб қабул қилган:

“Судларда менга саволлар бўляпти, сиз билгансиз долларнинг ошишини деб. Мен, ҳа билганман, инкор қилмайман, лекин бир ҳафтада 10-20 сўм ошиб боришини билганман. Бу табиий жараён эди биз учун. Лекин мен бир кунда икки бараварга ошиб кетишини билмаганман. Лекин Фуқаролик тўғрисидаги кодекснинг 383-моддасида яққол “кўзда тутилмаган ҳар қандай ҳолатлар тадбиркор фойдасига ҳал бўлади” деб, ёзилган. Доллар бир кунда 4100дан 8100 сўмга, яъни 100 фоизга ошиб кетишини билмаганман. Мен бунга айбдор эмасман. Билганимда бу кредитни ҳаётимда олмаган бўлар эдим”.

Шавкат Қудратов кредитни расмийлаштирган 2015 йилда 1 АҚШ долларининг расмий курси 2692 сўм бўлган.

“Ҳозир булар уялмасдан мендан 11400 сўмдан ундиряпти. Бу абсурд! Қонунчиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди! Мен буларга юз марта савол беряпман, акалар, ҳолатга қаранглар, мен буни қандай тўлаб бераман, деб. Президент қарори чиққан дейди. Президент қарор чиқарган бўлса, қарор лойиҳасини ким ишлаб чиққан, кредит олган тадбиркорнинг аҳволи нима бўлади, деб нега ҳеч ким ўйламаган? Булар кредит беришдан олдин менинг бизнес режамни бир йил текширишган ва 20 фоиз фойда қилар экансиз ва кредитни тўлашга қодирсиз, деган хулоса билан берган. Лекин мен 400 фоизга ошган кредитимни қайси фойдамдан тўлаб бераман, деган саволга жавоб йўқ. Мана 7 йилда 26 минг доллар тўлай олдим, холос”, дейди тадбиркор.

Тадбиркорнинг 2015 йилда олган 240 минг доллар кредити ўша пайтдаги курс билан 646 миллион сўм бўлган.

Ҳозир бу 3 миллиард 700 миллион сўмга айланган.

Айни пайтда “Қишлоққурилишбанк” Шавкат Қудратовдан кредитни АҚШ долларининг бугунги курси бўйича тўлашни талаб қилмоқда. Тадбиркор тўламаган тақдирда иши прокуратурга оширилиши ҳақида огоҳлантирилган.

“Савдо саноат палатасига юзландим. Айтяпман, ҳурматли Жасимов, сиз юрист, Бош прокуратурада ишлагансиз, нега қонунни четлаб ўтяпсиз? Мен четлаб ўтганим йўқ, деди. Менинг ҳолатим форс-мажор ҳолати, деяпман. Йўқ, ундай эмас, сизнинг шартномангизда форс-мажор ҳолати кўрсатилмаган. Сиз Ташқи савдо вазирлигига боринг, дейди. Мурожаат қилмаган жойим қолмади, Қоракўл туман суди, вилоят суди банклар тарафида. Олий суд вилоят ва туман судлари қарорини бекор қилиб, қайтадан кўриб чиқишга юборди. Лекин Бухоро тумани судининг Махмудов Шуҳрат деган бир судьяси яна ўйин қилиб юборди. Яна Олий судга бердим, Олий суд яна қайтарди. Хуллас мана шунақа ўйин қилиб ётишибди”, дейди тадбиркор.

Шавкат Қудратов 2017 йилдаги сўм девальвациясидан сўнг жабр кўрган юзлаб тадбиркордан бири, холос.

Бухоро вилоят, Жондор туманидаги тадбиркор Нусрат Қосимов эса кредитини тўлай олмагани важи юзасидан айни пайтда қамоққа олинган.

Нусрат Қосимов фаолиятидан хабардор бўлган, исми сир қолишини сўраган ҳамкорларидан бирининг айтишича, шу кунларда тадбиркор иши судда кўриляпти:

“Нусрат Қосимов “Жондор қурилиш инвест” МЧЖнинг бошлиғи 11 гектар ерга иссиқхона қуриш учун 2016-2017 йиллар мобайнида 6 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олган. 2017 йилда конвертация очилганидан сўнг, бу тадбиркорнинг қарзи ҳам икки баравар ошиб кетган ва мулк тақчиллиги келиб чиққан. Прокуратура тадбиркорни Жиноят кодексининг167, 168, 205-моддалари билан айблаб, ишни судга оширди. Айни пайтда суд давом этяпти”.

Нусрат Қосимовнинг адвокати Завқиддин Амонов Озодлик билан суҳбатда ҳимоясидаги шахсга қўйилган айбловлар асоссиз эканлигини таъкидлар экан, суд бораётганлиги сабабли бундан ортиқ маълумот бера олмаслигини айтди.

Исми сир қолишини сўраган Сирдарё вилоятидаги банклардан бирининг бошқарувчисининг Озодликка айтишича, сўм девальвациясидан сўнг жуда кўп тадбиркор синди:

“Ўзим гувоҳи бўлган воқеани айтай. Бир тадбиркор биздан кредит олиб холодильник қурган эди. Девальвациядан сўнг келди-да, мана оғайнилар, мен олган 4 миллиардлик кредитим 9 миллиард бўлиб кетди, деб банкка ўз хоҳиши билан қурган иншооти калитини бериб кетди. Банк уни бошқа мижозга рассрочкага берди. Кўп кредитларни "головной" банк ҳал қилди. Баъзиларига имтиёз берди, узоқ муддатга тўловни чўзди. Чўлоқ бўлса ҳам ишлаб ётибди. Имтиёз ололмаганлари синди. Девальвацияда тадбиркорлар манфаати умуман ҳисобга олинмади”.

ZIMISTON-UZ. 25-qism: Аномал совуқдан қанча зарар кўрилди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:10 0:00

Озодлик олган маълумотга кўра, Андижон вилоят, Бўстон туманидаги Дилшод “золотой” лақабли тадбиркор ҳам олган кредитини тўлолмагани учун озодликдан маҳрум этилган.

Тадбиркорларнинг айтишларича, валюта либерилизациясидан кейин таназзулга юз тутган тадбиркорлар кўп.

Ўзбекистонда 2016-2017 йилларда президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифида унга кўрсатиш учун фермерларга ва тадбиркорларга иссиқхона, интенсив боғ, музлатгич камералар учун валюта кредитлар олдирилган.

Президент Администрацияси, тўртлик (ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ) ва банкирлар томонидан лойиҳаларни ижро этилиши назорат қилиб борилган.

Тадбиркорларга кўра, валюта кредит маблағларини қайтариш сўмда (курс 2800-2900 сўм миқдорида) амалга ошириладиган имтиёз берилиши ҳақида ваъдалар берилган.

Афсуски, валюта бозорини либераллаштириш, газ етказиб берувчи томонидан мажбуриятларни тўлиқ бажармаслик туфайли тадбиркорлар яхши кўрсаткичларига эриша олмади ва шу сабаб режалаштирилган фойда олинмади.

Мисол учун, 1 млн. АҚШ долларида олинган кредит миқдори ўртача 3 млрд. сўмда қайтарилиши режалаштирилган эди, лекин 2017 йил 2 сентябрь куни қабул қилинган президентнинг ПФ-5177 сонли фармони билан ушбу кредитни қайтариш миқдори 8,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Валюта бозорини либераллаштириш ҳисобига кредит олган фермер ва тадбиркорлар зарар кўришни бошлади.

Банкирлар эса прокуратура органлари билан келишилган ҳолда, босим йўллари билан, кредитларни ундиришга уринишяпти.

Банклар рўйхат тузиб кредит маблағларини ундириб бериш ҳақида вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, тўламаса қонуний чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Тадбиркорларга кўра, аслида банк ва мижозлар орасидаги муаммолар Хўжалик судларида кўрилиши ва бунга прокуратура аралашмаслиги керак.

Кредитни тўлай олмаган тадбиркорлар асосан, Жиноят кодексининг 167 модда(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205 модда(ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан айбланмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG