Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 15:57

Starlink Интернет хизмати йил якунигача тўлиқ мобил бўлиши мумкин


SpaceX ширкати 2018 йилнинг февралидан бери ўзининг Starlink сунъий йўлдошларини Ер орбитасига чиқариб келади. Ширкат бугунга қадар юзлаб йўлдошни орбитага чиқарди. Бир кун келиб уларнинг сони 54 мингга етиши кутилмоқда.

Ушбу улкан тармоқни яратишдан мақсад сайёранинг исталган нуқтасида аҳолини юқори тезликдаги Интернет алоқа билан таъминлашдир.

SlashGear нашрининг хабар беришича, ўтган ҳафтада Илон Маск йил якунигача Starlink Интернет хизмати тўлиқ мобил бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Тўлиқ мобил бўлиш дегани бу – Интернет хизмати мижозлар ортидан турли манзилларга эргашиши ва ҳаракатланаётган транспорт воситаларида ҳам ишлашини англатади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Маск Starlink ёз ойларида бета-версиядан чиқиши мумкинлигини айтган. Бугунга қадар Starlink ўтган октябрда эълон қилган бета хизматга 10 мингдан ортиқ одам ёзилган.

Бета-версия фойдаланувчилари ўз қурилмаларини бир манзилдан иккинчисига кўчира олмайдилар. Бундан ташқари, бета-хизмат фақат битта уй манзилида ишлайди.

Twitter фойдаланувчиси саволига жавобан Маск Starlink лойиҳасининг келажаги ҳақида кўпроқ тафсилот берди.

Фойдаланувчиларнинг бири қачон параболик антеннани ғилдиракли уйга ёки кичик уйга ўрнатиш, шунингдек, бир манзилдан иккинчисига кўчириш имконияти пайдо бўлиши ҳақида сўради.

Бунга жавобан Маск Starlink жорий йил якунига қадар тўлиқ мобил бўлишини, бу эса хизматни исталган жойга кўчириш ёки ҳаракатланаётган автомобилда фойдаланиш имконини беришини айтди.

Маск тўлиқ қамровни таъминлаш учун SpaceX "яна бир неча сунъий йўлдошни учириши" кераклиги ҳамда тизимнинг дастурий таъминоти айрим тузатишларга муҳтож эканини қўшимча қилди.

SpaceX ширкати Starlink хизматини мобил қилиш учун март ойида АҚШ Федерал алоқа комиссиясига ҳужжат топширган.

SpaceX идорага юборган сўровида ўз хизматини мобил қилиш жамоат манфаатини кўзлаши ва операторлар ва йўловчиларга самарадорликни ошириш учун хизматлардан фойдаланиш имкониятини беришини урғулаган.

XS
SM
MD
LG