“Сиздан Телеграм”да Фарғона вилояти Марғилон шаҳри “Терак таги” МФЙ М.Турғунбоева кўчасида яшовчи аёлларнинг мактуби чоп этилган эди. Мурожаат муаллифлари эркаклари чет элда эканини маълум қилиб, мутасаддилардан электр сими ва симёғочларни хавфсиз қилиб беришни сўраган эди. Марғилон шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати бу борада қуйидаги расмий хатни йўллади:
“Мурожаат бўйича соҳа мутахассислари томонидан жойида атрофлича ўрганиш амалга оширилди. Ўрганиш давомида мазкур кўчада жойлашган ҳовли-жойлардан бирининг том қисмида 0,4 кВли металл траверс мавжудлиги ҳамда электр симлари носоз тортилгани, муқаддам ушбу жойда таянч бўлгани, номаълум сабабларга кўра ҳовли-жойни таъмирлаш давомида кўчириб олингани маълум бўлди.
Бу борада шаҳар электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан лойиҳада белгиланган жойга таянч ўрнатилиб, ҳаво тармоғи таъмирланди ва электр қурилмаларини эксплуатация қилиш қоидаларига мувофиқ металл траверсдан ушбу таянчга кўчириб ўтказилди.
Мурожаатдаги электр таъминотидаги узилишлар масаласида. 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталафот ўтказиш бўйича электр таъминоти корхонасининг манзилли дастурига мувофиқ М.Турғунбоева кўчасини электр энергияси билан таъминловчи “Фарғона” нимстанциясида режали таъмирлаш ишлари олиб борилгани сабабли 2019 йилнинг 27 октябр куни вақтинча (2 соат) давомида таъминотдан узилгани, ҳозирги кунда электр таъминоти узлуксиз равишда етказиб берилаётганини маълум қиламиз”.
(Бу хабар Озодликка 2 ноябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|