Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:12

АНДИЖОН – “ST-таъсир: мижозга вирус юқтирган стоматология бўлинмаси фаолияти тўхтатилди”


“Сиздан Телеграм”да Андижон вилояти Жалақудуқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли стоматология поликлиникаси фаолиятидаги камчиликлар ҳақида мактуб чоп этилган эди. Хусусан, ST даракчиси мазкур тиббий муассасасда тиш олдиргач, гепатит Б вирусини юқтирганини маълум қилган эди. Ушбу масалани ўрганган Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, стоматология бўлинмасида бир қатор камчиликлар аниқланган. Пировардида, бўлинма фаолияти тўхтатилган. Қуйида вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг мазкур ҳолат бўйича жавоби билан тўлиқ танишишингиз мумкин:

“Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан зудлик билан соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мурожаат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида мурожаатчи Г.Қурбонова Фарғона вилоятида бўлгани сабабли у билан телефон орқали мулоқот қилинди. Мурожаатчи Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Жалақудуқ туман тиббиёт бирлашмасининг хўжалик ҳисобидаги стоматология бўлимида 2012 йилда даволанганини айтди. Гепатит Б вирусини ҳам ўша вақтда юқтириб олганини иддао қилмоқда. Г.Қурбоновадан нима сабабдан касалликни аниқланган вақтида, яъни 7 йил аввал хабар қилмасдан бугунги кунга келиб хабар қилаётгани сўралганида, саволга тайинли жавоб бера олмади. Г.Қурбоновани ўзи билан учраша олмаганимиз учун турмуш ўртоғи М.Қурбонов билан суҳбатлашдик. М.Қурбонов ҳам юқоридаги ҳолатларни таъкидлаб, вазиятга ойдинлик киритувчи саволларимизга тўлиқ жавоб бера олмади.

Мурожаатда касалликка сабаб қилиб кўрсатилган стоматология бўлинмаси фаолият жараёни билан танишилганда, бўлинмада жами 22 нафар ходим, шундан, 7 нафари олий тоифали шифокор, 2 нафар ҳамшира, 2 нафар санитария ходимлари ва 10 нафар техник ходимлар фаолият кўрсатиши аниқланди. Бўлинмада меҳнат қилувчи барча тиббий ходимлар соғлиқни сақлаш вазирлигининг 200-сонли буйруғига асосан даврий тиббий кўрикдан ўтказилган. Стоматология бўлинма биноси мослаштирилган бўлиб, Жалақудуқ тумани Навоий кўчаси 24-уйда жойлашган. Бино хоналарига ичимлик сув ва канализация тармоғи киритилган, барчаси ишчи ҳолатда.

Муассасада 5 та тиш даволаш хонаси мавжуд бўлиб, хоналар таъмирталаб ҳолатида, стоматологик креслолар ва тиббий анжомлар маънан эскирган. Хоналарда муолажалар учун ташкил этилган қўл ювиш мосламалари ҳам янгиланишга муҳтож. Хоналарнинг санитария ҳолатлари қониқарсиз. Кунлик тозалов ишлари талаб даражасида олиб борилмаган. Тиш даволаш ва қўйишда фойдаланиладиган тиббий анжомлар ўртасида табиий таъсир оқибатида эскириш ва занглашлар мавжуд. Шунингдек, стерил ҳисобланган юмшоқ материаллар нам ҳолатда экани аниқланди. Бу эса тиббий анжомларни етарли стерилизация қилинмаётганидан далолат беради. Фойдаланилган қонли пахталар зарарсизлантирилмасдан ташланаётгани, беморлардан эпидемиологик таҳлилий маълумотлар умуман йиғилмаётгани маълум бўлди.

Юқорида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан соҳа мутахассислари томонидан зарурий тавсиялар берилди. Стоматология бўлинмасининг кейинги иш фаолияти давомида юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўймаслик, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда белгиланган қатъий меъёр ва нормаларда ишни қайта ташкил этиш учун бўлинма фаолияти тўхтатилди. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Жалақудуқ туман тиббиёт бирлашмасининг хўжалик ҳисобидаги стоматология бўлимининг мудири Бахтиёр Ҳасанов эса лавозимидан четлаштирилди”.

(Бу хабар Озодликка 31 октябрь куни келган.)

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG