Линклар

Шошилинч хабар
03 март 2021, Тошкент вақти: 01:50

Шоира ва мухолифат фаоли Гулчеҳра Нуруллаева вафот этди


Гулчеҳра Нуруллаева миллий тил ва мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлиларининг олдинги сафларида бўлган

Таниқли шоира ва мухолифат фаоли Гулчеҳра Нуруллаева узоқ хасталикдан сўнг 83 ёшида оламдан ўтди.

Бу ҳақда Озодликка инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов шоиранинг қизи Гулнора Нишоновага таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Гулчеҳра Нуруллаева 16 январь куни пешин намозидан сўнг Тошкентдаги Дўмбиробод қабристонига қўйилади.

Гулчеҳра Нуруллаева 1980- йиллар охири, 90-йиллар бошида жамият ҳаётида анча таъсирли кучга эга бўлган демократик ҳаракат фаолларидан бири бўлган.

У мухолифатдаги "Бирлик" халқ ҳаракати фаоли сифатида Оролни қутқариш , ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ва миллий мустақиллик талаб қилган ўзбек зиёлиларининг олдинги сафларида бўлган.

У 1989 йилда совет даврида олган Ленин комсомоли мукофотидан воз кечган эди. Мустақиллик йилларида шоира сиёсий фаолияти туфайли Ёзувчилар уюшмасидан чиқарилди ва матбуотдан четлатилди.

Озодлик Гулчеҳра Нуруллаеванинг 2018 йил ноябрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қайта тиклангани ҳақида хабар берган эди.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг сўнгги китоби 1988 йилда нашр этилган.

Озодлик билан қилган суҳбатларидан бирида шоира ўзининг сиёсатга киришини шундай тушунтирган:

"Агар озгина мустақил фикрга эга бўладиган бўлсалар¸ жасоратга эга бўладиган бўлсалар¸ улар қувғинга учрайдилар¸ қамоқларга ташланадилар. Довюракликлари учун¸ ватанпарварликлари учун жазоланадилар"¸ - деган эди Гулчеҳра Нуруллаева.

Озодлик 2012 йил мартида Гулчеҳра Нуруллаева билан шеър ва шоир, ижодкор ва унинг ҳақиқатлари ҳақида суҳбатлашган эди.

XS
SM
MD
LG