Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:54

Sevimli TV секс саҳнасини кесиб ташламаган ходимларини ишдан ҳайдади


Sevimli TV хусусий телеканали 15 июль куни эфирга берилган хорижий фильмдаги интим саҳна қирқиб ташланмагани учун узр сўради. Телеканал “миллий аҳлоққа зид саҳнани ўтказиб юбориб, хатоликка йўл қўйган" ходимларини ишдан бўшатди.

“Ҳурлиқо”нинг “уятсиз саҳнаси”

15 июль куни соат 22:30да Sevimli TV орқали “Ҳурлиқо” (I Feel Pretty) хорижий фильми тўлалигича эфирга узатилди яъни фильмдаги “миллий менталитетга мос бўлмаган” саҳналар қирқиб ташланмаган ҳолда томошабинларга намойиш қилинди.

​Томошабинлар томонидан тасвирга олиб тарқатилган фильмнинг ўша “уятсиз саҳнасида” аёл ва эркакнинг ўпишаётган кадри акс этган. Бироз ўтиб кадрда аёлнинг яланғоч елкаси кўринади ва кейин тўшакда ётган эркакнинг бош қисми кўринади. Аёл ва эркакнинг ҳаракатланишидан бу кадрлар жинсий алоқага ишора эканлиги англашилади.

Шу куннинг ўзида фильмни кўрган томошабинларнинг муайан гуруҳи орасида “ўзбекчиликка зид” фильм намойиш этган телеканални қоралаш кампанияси бошланди. Айримлар “миллат маънавиятини оёқ ости қилган” телеканал маъмуриятига қатъий чора кўриш талаби билан чиқди.

“Уятсиз саҳна” учун кечирим

16 июль куни тушга яқин Sevimli TV телеканалининг Facebook саҳифасида “кечирим хати” эълон қилинди. Телеканал маъмурияти “Ҳурлиқо” фильмидаги интим саҳна хатолик боис эфирга узатилгани ва бунга ходимларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлганини таъкидлади.

“Фильмда техник хато туфайли миллий ахлоқимизга зид қисқа эпизод ўтиб кетиб қолгани учун” барча телетомошабинлардан узр сўраган телеканал ижодий жамоси “Бундай хато такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар кўрилди ва белгиланди”, дея хабар қилади.

Камида уч киши ишдан кетди

Sevimli TV ходимларидан бирининг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, “Ҳурлиқо” фильмидаги интим саҳна можароси боис камида уч ходим ишдан олинган:

“Одатда ҳар бир фильм, айниқса, чет эл кинолари аввалдан томоша қилиниб, ундаги менталитетимизга мос бўлмаган саҳналар монтаж қилиниб, қирқиб ташланиши лозим. Якшанба куни бўлгани боис одам кам бўлган ва кинони монтаж қилиш эсларидан чиқиб қолган. Мен эрталабки мажлисда қатнашмадим, лекин ҳамкасбларимнинг айтишича, уч киши ишдан бўшатилибди. Ичида ўша кунги навбатчи муҳаррир ҳам бор. Балки яна кимларнидир ишдан олиши ёки виговор беришлари мумкин экан. Кечанинг ўзида тўполон бўлиб кетди. Ҳалигача бу тўполон бости-бости бўлмади”, деди Sevimli TV ходимларидан бири.

Суҳбатдошнинг айтишича, улар қўлида “менталитетга мос бўлмаган саҳналар рўйхати” йўқ.

“Шахсан мен бунақа рўйхатни кўрмаганман. Лекин оилада ўтирган пайти кўриш уят бўлган саҳналар, масалан, ўпишиш, қучоқлашиш ёки тўшакда ётган саҳналарни бериш мумкин эмаслигини ҳаммамиз биламиз. Бизда чет элга ўхшаб, детский времядан кейин +18 киноларини бериш деган нарса йўқ. 24 соат кўрсатув берсангиз, ҳаммасига бирдай талаб бор”, дейди телеканал ходими.

Хорижий фильмларни монтаж қилиш қонунийми?

Хорижий фильмларни монтаж қилиш қайси қонуний ҳужжатга мувофиқ амалга оширилади? Исталмаган саҳналарни қирқиб ташлаш орқали фильм муаллифларининг ҳуқуқларига дахл қилинмаяптими? Бу саволлар - алоҳида катта мавзудир.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Озодлик боғланган ходими «Миллий менталитетга мос келмайдиган саҳналар» борасида вазирлик ҳузуридаги Мониторинг марказидан маълумот олишимиз мумкинлигини айтди.

Теледастурларни кузатиб борувчи Мониторинг марказининг ўзини Рашид деб таништирган ходими эса, берган саволларимизни ўрганиб, кейин ўзлари қўнғироқ қилишини айтиб, Озодлик мухбирининг телефон рақамларини ёзиб олди. Бироқ қўнғироқ қилишмади.

"Битта лабидан ўпганига шунчами?

Sevimli TVдаги “уятсиз” саҳна борасида баҳслашган ижтимоий тармоқлар юзерлари икки гуруҳга бўлингани кузатилди. Ушбу саҳна намойишини қоралаган муайян гуруҳга қарши турган юзерлар бу каби саҳналарнинг ҳеч қандай уятли жойи йўқлиги ҳақида ёзишди.

Жумладан, Facebook фойдланувчиси @Otabek Kadirov “Битта лабидан ўпган саҳнани ўтиб кетганига шунча шов-шув қилиш керакми?! Одамлар “Дайди қизнинг дафтари” “Баҳор қайтмайди” “Шайтанат”лардаги шунақа жойларини ўқиб санъат даражасига олиб чиқишадию битта твда кўрганини менталитетга қарши деб пропаганда қилади. Абсурддан бошқа нарса эмас”, дея ёзди.

Журналист Жасур Ҳамроев эса “Ҳар бир фильм ҳар бир миллат хусусиятларини инобатга олиб, яратилса, “бўтқа” бўлади-ку?! Шундоқ ҳам фильмларни “қирқавериб”, мазмуни “пойинтар-сойинтар” бўлиб қолмоқда!” дея ёзғирди Facebook саҳифаси орқали.

Жорий йил 16 февраль куни Ўзбекистондаги ZO’R TV канали "миллий менталитетга мос бўлмаган"и боис баҳсга сабаб бўлган Туркиянинг “Севги изтироби” сериали намойишини тўхтатган эди. Ушбу сериалга овоз берган актёрларга нисбатан исломий сайт орқали таҳдид қилиниб, сериал исломий ахлоқ нормаларига зид экани иддао этилганди.

XS
SM
MD
LG