Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 10:30

ДХХ "мансабга совуққонлик билан қараш"да гумонланаëтган Сардоба сув омбори директорини ҳибсга олди


1 май куни Сардоба сув омбори тўғони ëрилиши ортидан воқеа жойига етиб келган президент Мирзиëев¸ фалокат айбдорлари ким бўлишидан қатъи назар¸ жазоланишини ваъда қилган.

Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевни ҳибсга олди.

ДХХ Тергов бошқармаси бошлиғининг 19 май санаси билан расмийлаштирилган "Хабарнома" сида шундай ëзилган.

Мактуб¸ уни Озодликка юборган мулозимга кўра¸ “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси қарашли бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбариятига жўнатилган.

ДХХ расмий билдирувининг Озодликка юборилган нусхаси.
ДХХ расмий билдирувининг Озодликка юборилган нусхаси.

Расмий билдирувда ëзилишича¸ 33 яшар асли жиззахлик Данабоев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

«Мансабга совуққонлик билан қараш” деб номланган 207-модда бу жиноятни “давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлиш” сифатида таснифлайди.

Бу модданинг 3-қисми “а» банди «одам ўлишига» сабаб бўлган ҳолатни назарда тутади ва бу айб маҳкамада ўз исботини топса¸ судланувчини “муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш”ни кўзда тутади.

Жамоатчиликка тақдим этилган расмий хабарга кўра¸ Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши ортидан бошланган тошқин оқибатида 6 одам нобуд бўлди.

19 май куни ҳибсга олинган Фахриддин Данабоев ДХХ билдирувида ëзилишича¸ Тергов ҳибсхонаси (эски Гвардейская кўчаси)да сақланмоқда.

Фахриддин Данабоев Сардоба сув омбори раҳбарлигига 2019 йилнинг 1 февралида тайинланган.
Фахриддин Данабоев Сардоба сув омбори раҳбарлигига 2019 йилнинг 1 февралида тайинланган.

22 май куни Озодлик Сардоба сув омбори дирекцияси билан боғланиб¸ Данабоевнинг ҳибсга олиниш тафсилотларини суриштирди.

Телефонга жавоб берган аëл¸ ўзининг дирекция ходимаси эканини айтиб¸ раҳбари Данабоевнинг ҳибсга олинганидан бехабарлигини билдирди.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖсининг исми сир қолишини истаган мулозими Данабоевнинг сўроққа чақиртирилиш ортидан ҳибсга олингани¸ унинг оиласи қаердалигини суриштиришни бошлагандан сўнг¸ одатда бундай маълумот бермайдиган ДХХ "Ўзбекистон темир йўллари" раҳбарига расмий билдирув юборганини айтди.

Озодлик бу хабарни тарқатишидан бир неча соат ўтиб¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий баëнот эълон қилди ва шахсини очиқламаган ҳолда¸ "Сардоба иши" бўйича икки шахснинг қамоққа олинганини билдирди.

"Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилди.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда"
¸ дейилади Бош прокуратура баëнотида.

Озодликка ҳибсга олинган иккинчи шахсга оид айрим маълумотлар маълум. Терговдан билвосита хабардор мулозимнинг айтишича¸ иккинчи гумонланувчи Сардоба сув омбори қурилишига 2010-2014 йилларда бевосита алоқадор бўлган давлат мулозимидир.

Ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқлатиш имкони йўқ.

Сардоба фалокати бўйича биринчи ҳибс?

16 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши бўйича очилган жиноят иши ҳақида жамоатчиликка илк бор маълумот берган Бош прокуратура матбуот котиби¸ 16 майга қадар бу иш доирасида 170 шахснинг сўроқ қилинганини билдирган эди.

Расмий баëнотда сўралганлар кимлиги¸ мазкур иш доирасида ҳибсга олишлар бўлган-бўлмагани ҳақида маълумот берилмади.

Бундан эса¸ Сардоба сув омбори директори Фахриддин Данабоевнинг мазкур иш доирасида ҳибсга олинган илк мулозим эканини тахмин қилиш мумкин.

16 май куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов "Сардоба иши" бўйича тергов лойиҳадаги хатоликлар¸ қурилиш меъёрларининг бузилиши¸ эксплуатация жараёнидаги хатоликлар ва табиий офат каби тўртта версияни кўриб чиқаëтганини ҳам билдирди.

Сардобадаги техноген фалокат ортидан берилган 3 май кунги илк расмий баëнотида Бош прокуратура воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган эди.

Расмий хабарда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилгани айтилган эди.

16 май кунги расмий баëнотда¸ жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ДХХ билан биргаликда “ ИИВнинг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи” олиб бораëтгани¸ унга 25 тадан зиёд мутахассислар¸ хусусан¸гидротехника иншоотларини қуриш ва эксплуатация қилиш соҳаси экспертлари жалб қилингани ҳам айтилди.

Бу мутахассисларнинг кимлиги ҳақида ҳозирча Озодликда маълумот йўқ. Аммо Сардоба фалокати сабабларини ўрганиш бўйича президент фармойиши билан тузилган ҳукумат комиссияси таркибига унинг бош пудратчиси ва қурилиш тепасида турган асосий мулозим¸ ҳозирда “Ўзгидроэнерго” АЖ раҳбари Абдуғани Сангинов киритилган.

Асосий айбдорлар қолиб¸ “стрелочник” жазоланадими?

Озодликка Фахриддин Данабоевнинг ДХХ томонидан ҳибсга олингани ҳақидаги расмий билдирувни тақдим этган мулозим¸ дастлабки ҳибслар “Сардоба иши”нинг қайси йўналишдан кетишидан даракчи бўлиши мумкинлигини билдирди.

Данабоев 2019 йил 1 февралида сув омбори директорлигига тайинланган. Данабоевнинг¸ билишимча¸ Сардоба сув омбори¸ унинг тўғони қурилишига бевосита алоқаси йўқ. У фақат эксплуатация учун масъул бўлган. Балки уни тўғон хавфсизлигини яхши назорат қилмаслик¸ аҳолини олдиндан огоҳлантирмаслик ëки тегишли периметрларда камералар қўймаганликда айблаш мумкиндир. Аммо мантиқдан келиб чиқилса¸ тўғон ëрилиши учун сув омбори директоримас¸ уни лойиҳалаштирганлар ва қурганлар жавоб бериши керак эмасми ? Данабоевнинг қамалиши жиноят иши Сардобадаги фожианинг асл ва тепада ўтирган катта айбдорлари қолиб¸ пешкаларни жазолаш билан якун топади¸ деган скептизмни кучайтирмоқда”¸ деди шахси сир қолишини сўраган тергов жараëнидан билвосита хабардор мулозим.

Сардоба фалокати сабабларини ўрганиш комиссиясига унинг тепасида турган асосий давлат мулозими – Абдуғани Сангиновнинг киритилгани хабари ортидан маҳаллий матбуот ва блогерлар¸ қолаверса¸ ижтимоий тармоқдаги фаоллар айни шу хавотирни билдириб келмоқда.

Бу ишончсизликка билвосита жаваб берган президент Мирзиëев 5 май кунги йиғилишда "Сардоба айбдорлари ким бўлишидан қатъи назар¸ жазосини олади"¸ деб ваъда берди.

Орадан 10 кун ўтиб¸ 15 майда фалокат туфайли бор-йўғидан айрилган сирдарëликлар билан учрашган Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омборидаги техноген офатни таҳлил этиш учун Франция, Туркия ва Россия каби мамлакатлардан дунёнинг етакчи экспертлари таклиф этилиши ва улар воқеага холисона баҳо беришини маълум қилди.

Бундай ҳодиса такрорланмаслиги учун текширув муҳимлиги”ни таъкидлаган Мирзиëев¸ бу экспертларнинг қачон ва қайси мақомда жалб этилишини очиқламади.

17 май куни Сардоба сув омборида рўй берган фалокат сабабларини сунъий йўлдош орқали олинган суратлар ëрдамида таҳлил қилган Ҳолландиядаги тадқиқот маркази мутахассислари¸ Ўзбекистон ҳукумати сув омборининг лойиҳа ва қурилиш жараëнига оид маълумот ва ҳужжатларни тақдим этган тақдирда¸ фалокатнинг асл сабабини аниқлаш қийин эмаслигини таъкидлади.

Шарҳларни кўринг (18)

XS
SM
MD
LG