Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:08

Прокуратура: "Сардоба иши" бўйича тергов 4 та версияни ўрганмоқда (ВИДЕО)


Сардоба сув омбори ўпирилган кездаги манзара
Сардоба сув омбори ўпирилган кездаги манзара

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, "Сардоба иши" бўйича тергов 4 та версияни ўрганмоқда.

Баёнотда айтилишича, 16 майга қадар бу иш доирасида 170 киши сўроқ қилинган. Тергов, зарурат бўлса, 7 ойгача давом этиши мумкин.

Маълум қилинишича, бу сув омбори қурилиш лойиҳаси қиймати 1,2 трлн сўмни ташкил қилган ва давлат бюджетидан молиялаштирилган.​

Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, "Сардоба иши" бўйича тергов 4 та версияни ўрганмоқда:

— Лойиҳадаги хатоликлар;
— Қурилиш меъёрларининг бузилиши;
— Эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
— Табиий офат.


Халқаро пресс-клубнинг Сардобадаги фалокатга бағишланган сессиясида маълум қилинишича, иш доирасида 170 киши сўроқ қилинган.

Бундан ташқари, судга оид қурилиш экспертизалари белгиланган.


Бош прокурор матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсуддиновнинг айтишича, ҳозирда етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Тергов муддати аслида 3 ойдан ошмаслиги лозимлиги, аммо зарурат туғилса, 7 ойгача узайтирилиши мумкинлиги ҳам таъкидланди.

Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, Сардоба сув омбори объектининг пудратчиси "Сирдарёсувқурилишинвест" ДУК, яъни собиқ Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "15-чи сонли қурилаётган объектлар бирлашган дирекцияси" бўла туриб, бош пудратчи сифатида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" УК қатнашган.

Қурилиш ишларига 28 та суб-пудратчи жалб қилинган. Лойиҳачи сифатида „Узгип“ МЧЖ иштирок этган.

Лойиҳа қиймати 1,2 трлн сўмни ташкил қилган. Молиялаштириш манбаи бюджет маблағлари ҳисобидан бўлган.

Маълум бўлишича, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ДХХ ҳамда ИИВнинг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи олиб бормоқда.

Яна айтилишича, жиноят иши доирасида 25 тадан зиёд тегишли соҳадаги юқори малакали мутахассислар жалб қилинган. Жумладан, бу гуруҳда гидротехника иншоотларини қуриш ва эксплуатация қилиш соҳадаги мутахассислар бор.

Ўзбекистон президенти Мирзиëев 5 май кунги селектор йиғилишида "Сардоба айбдорлари ким бўлишидан қатъи назар¸ жазосини олади"¸ дея ваъда берган.

7 май куни Сардобадаги фалокат сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси таркиби эълон қилинганди.

1 май куни президент Мирзиëев фармойиши билан тасдиқлаган бу комиссия таркибига Сардоба лойиҳасининг бош қурувчиси¸ Ўзгидроэнерго АЖ раиси¸ сенатор Абдуғани Сангинов ҳам киритилган.

2017 йилнинг 17 май куни Сардоба сув омборини айнан буюртмачи Абдуғани Сангинов ва бош пудратчи Очилбой Раматовлар президент Мирзиëевга тақдим этган эди.

Сардоба сув омборини президентга топширганининг эртасига Сангинов Мирзиëев фармони билан янги ташкил этилган Ўзгидроэнерго АЖ раиси¸ яъни Ўзбекистондаги гидроиншоотлар вазири этиб тайинланган эди.

Шу йил охирида уни Мирзиëев "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи" унвони билан тақдирлаган эди.

Жараëндан хабардор мулозимларнинг Озодликка айтишича¸ бу мукофот ҳам Сангиновга¸ айнан 2021 йили қуриб битирилиши кўзда тутилган Сардоба сув омборини белгиланганидан 4 йил олдин топширгани учун берилган.

Қуйида Озодликнинг шу мавзуда ҳозирланган Ozodlive дастури махсус сони:

XS
SM
MD
LG