Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:51

Кўп туз истеъмол қилиш зиёнми?


Инсон танаси яхши фаолият юритиши учун озгина натрийга муҳтож. Натрийни керакли миқдорда туздан олиш мумкин. Аммо бугунги кунда аксар одам керагидан ортиқча туз истеъмол қилади. Бу эса юрак-қон томир касалликларига чалиниш ҳолатлари кўпайишига олиб келади.

Олимлар бир неча ўн йилдан бери ушбу муаммони ҳал қилиш устида бош қотириб келади. Аммо бугунга қадар ўтказилган турли тадқиқотлар натижасида организм учун қанча миқдорда туз кераклиги, қанча миқдордаги туз ошиқча эканлиги ҳақида турли хулосаларга келинган.

Сўнгги тадқиқотлар эса аввал ўтказилган тадқиқотларда хатолар борлигини, аслида ҳозирги кунда тавсия қилинаётган миқдордан ҳам оз туз истеъмол қилиш кераклигини кўрсатди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кунига 5 граммдан оз туз истеъмол қилишни тавсия қилади. Аммо ҳозирги кунда жаҳон бўйлаб одамлар кунига 10 грамм туз истеъмол қилади. Ошиқча туз қон босимини оширади ва бу ўз навбатида юрак хуружи, юрак ишламай қолиши ҳамда инсульт хатарини оширади.

Аксар тадқиқотлар истеъмол қилинган туз миқдори ва юрак-қон томир хасталикларига чалиниш хавфи ўртасида чизиқли боғланиш борлигини кўрсатган. Аммо айрим изланишлар муаллифлари 7,5 граммдан оз ёки 12,5 граммдан кўп туз ейиш касалликка чалиниш хавфини оширади, деган хулосага келишган. Бошқача қилиб айтганда, улар истеъмол қилинган туз миқдори ва касалликка чалиниш хавфи ўртасидаги муносабат тўғри чизиқ бўйлаб юрмайди, дея хулоса қилишган. Лекин ушбу тадқиқотлар методларида камчиликлар борлиги кўрсатиб берилди.

Инсон истеъмол қилган тузнинг 90 фоизи сийдик орқали чиқариб юборилади. Шунинг учун сийдикдаги туз миқдорини ўлчаб, турли хулосалар қилиш мумкин. Аммо айрим олимлар одатда сийдикни бир-икки марта тўплаб, хулоса қилишади. Аслида эса тўғри ва тўлиқ хулоса чиқариш учун камида уч марта 24 соат муддат давомида организмдан чиққан сийдикни тўплаш керак. Сабаб шуки, бир марта олинган сийдикдаги туз миқдори изланиш иштирокчиси анализдан олдин қанча миқдорда суюқлик ичгани, сийдик таҳлили куннинг қайси пайтида олинганига қараб ўзгариб туради.

Лондондаги Куин Мэри университети ходимлари эса 18 ойдан тўрт йилгача бўлган муддат давомида 3000 га яқин одамдан бир неча марта 24 соат давомида анализ олган. Ушбу мукаммал тадқиқот кунига 3 грамм туз истеъмол қилганда ҳам туз миқдори билан ўлим хавфи ўртасида чизиқли муносабат борлигини кўрсатган. Олимлар, шунингдек, кунига фақат бир марта анализ олиш мунозарага сабаб бўлган тадқиқотлар натижаларини кўрсатишини аниқлашган. Бошқача қилиб айтганда, 24 соат давомида анализ олиш туз миқдори билан касаллик хавфи ўртасида чизиқли боғланиши борлигини кўрсатган, аммо онда-сонда анализ олиш бундай хулосага олиб келмаган.

Шундай экан, олимлар маслаҳати аниқ: озроқ туз истеъмол қилиш умрни узайтиради. Бундай хулосага келинмаган тадқиқотлар эса камчиликларга эга ва шу сабаб уларнинг хулосалари хато.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилганидек, туз истеъмол қилишни аста-аста озайтириб бориш юрак-қон томир касалликлари олдини олишга кўмаклашади. Олимларга кўра, туз истеъмол қилишни озгинага озайтириш ҳам катта фойда олиб келади.

XS
SM
MD
LG