Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

"Умумий нафрат". Хитой ва Россия раҳбарларининг Москвадаги учрашуви нима билан тугади?


Россиянинг Хитойга иқтисодий қарамлиги кучайиб бораётганига қарамай, Си Путинга ўзига тенг раҳбар сифатида муомала қилиб келади.
Россиянинг Хитойга иқтисодий қарамлиги кучайиб бораётганига қарамай, Си Путинга ўзига тенг раҳбар сифатида муомала қилиб келади.

21 март куни Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин Кремлда музокара ўтказиб, Хитойнинг Украинадаги урушдаги “ижобий роли” ва “холис, бетараф позицияси” ҳақида гапирди. Шу куни кечга томони икки раҳбар қўшма баёнот имзолади.

Аммо умумиятла ташриф қандай натижа билан тугади?

Имзоланган келишувларда келгусида икки мамлакат ўртасида иқтисодий алоқаларни яхшилаш ва ҳар икки мамлакатнинг давлат оммавий ахборот воситалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш режалари батафсил баён қилинган. Шунингдек, уларда Ғарб мамлакатлари танқид қилинади. Хусусан, келишувлар АҚШ, НАТО ҳамда Австралия, Буюк Британия ва АҚШ ўртасидан имзоланган янги AUKUS мудофаа пактини нишонга олди.

Аммо музокаралар давомида Москвага Ғарб санкцияларининг кучайиб бораётган босимига бардош беришда ёрдам бера оладиган муҳим иқтисодий масалалар бўйича ҳал қилувчи келишувларга эришилмади. Бу ҳолат Хитойнинг Россияга ёрдами чекланганидан ҳамда икки давлат ўртасидаги кучлар мувозанати Пекин фойдасига ўзгариб бораётганидан далолат беради.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Chatham House тадқиқот марказининг Хитой бўйича катта илмий ходими Ю Жи “Си Цзиньпиннинг бу сафардан мақсад Россия билан статус-квони сақлаб қолиш, янги ҳамкорлик сари бир сантиметр силжиш ёки замин яратиш эмас”, деб ёзди.

Саммитда нимага эришилди?

Си 2022 йил 24 февралда Путин Украинага бостириб кирганидан бери Россияга илк маротаба сафар қилди. Сафардан кўзланган мақсад Украина уруши келтириб чиқарган халқаро беқарорлик ва нотинчликка қарамай, Пекиннинг Москва ёнида туриш нияти қатъий эканини кўрсатишдир.

Хитой раҳбари сафари чоғида Путиннинг уруш бўйича позициясини жимгина қўллашда давом этди. Икки раҳбар икки томонлама алоқаларнинг янги даврини эълон қилди. Уларнинг даъвосича, бу глобал миқёсда геосиёсий манзарани ўзгартиради.

“Ҳозирда биз 100 йилдан бери кўрмаган ўзгаришлар содир бўляпти”, деди Си Путинга 21 март куни уюштирилган давлат зиёфатидан сўнг.

Аммо Си Россиянинг Украинадаги уруш ҳаракатларини дастаклаш учун тўғридан-тўғри бирор чора кўрмади ва Москва кутган баъзи катта режалар амалга ошмай қолди.

Энг муҳими, Пекин “Сибирь кучи-2» газ қувури лойиҳасини очиқчасига қўллашдан ўзини тийди. Лойиҳа Россиянинг Европага энергия экспортини Мўғулистон орқали Хитойга йўналтириш стратегиясида муҳим ўрин тутади.

Путин 21 март куни қувур ҳақида жамоатчиликка берган изоҳларида худди Хитой томони билан келишувга эришилгандек сўзлади. Ўша куни Си билан қилган чиқишида Россия раҳбари Мўғулистон “Сибирь кучи-2” лойиҳасини имзолагани, Россия жорий йилда Хитойга камида 98 миллиард куб метр табиий газ етказиб беришни ваъда қилганини қўшимча қилди.

Аммо бу кўрсаткичга фақат янги қувур ишга тушсагина эришиш мумкин бўлади. Си учрашув давомида бу масалада лом-лим демади.

Ташриф ортидан эълон қилинган қўшма баёнотда шунчаки Хитой ҳам, Россия ҳам газ қувурини қуриш режаларини “ўрганиш ва келишиш бўйича илгари силжиш йўлида ҳаракат қилиши” айтилади.

Украинада тинчлик ўрнатиш режаси бўйича силжиш бўлдими?

Ташриф олдидан Си Путинни Украинада ўт очишни тўхтатишга чорлайдими, шунингдек, Хитойнинг февраль охирида эълон қилинган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш таклифи урушни тугатиш учун асос бўла оладими, деган саволларга эътибор қаратилган эди.

Бироқ, Москвадаги учрашувдан сўнг Украинада тинчлик ўрнатиш истиқболи олдингидек олис кўринади.

Путин Хитойнинг урушни тугатиш борасидаги позициясига очиқ эканлигини, аммо унинг муваффақияти Ғарб давлатлари ва Киев бу ғояга қандай муносабатга эканлигига боғлиқлигини таъкидлади.

Хитойнинг 12 банддан иборат режасини Ғарб рад этди, чунки у Россияни Украинани тарк этишга аниқ чорламайди. Шунингдек, Хитой таклифи можарони Москва шартлари билан музлатиб қўйиш уриниши сифатида талқин қилинди.

Вашингтоннинг Пекин Россияга ҳарбий ёрдам беришни кўриб чиқаётгани ҳақида огоҳлантиришларига қарамай, Хитой Россияга жанг майдонида ёрдам беришга ошиқмаяпти.

Шанҳай саммити: Яккаланган Путин "якка қутбли" дунёга қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00

Умуман олганда, қўшма матбуот анжумани чоғида Си ва Путин таниш гапларни такрорлади. Икки раҳбар “ҳар қандай давлат ёки давлатлар гуруҳи томонидан бошқа давлатларнинг қонуний хавфсизлик манфаатларига зарар етказувчи ҳарбий, сиёсий ва бошқа соҳаларда фойда кўришга интилиши” оқибатларидан огоҳлантирди. Кремль НАТО кенгайишига қарши риторикасида айни гапларни айтиб, урушнинг авж олишида Ғарбни айтиб келади.

Киев Хитой таклифига шубҳа билан қаради ва музокара бошлашдан аввал Россия ўз ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетиши кераклигини таъкидлади. Шундай бўлса-да, Украинанинг юқори лавозимли расмийлари Пекинни очиқчасига танқид қилишгача бормади.

Си Россия босқинидан бери Украина президенти Владимир Зеленский билан суҳбатлашгани йўқ, бироқ сафар арафасида The Wall Street Journal газетаси икки етакчи телефон орқали суҳбатлашиши мумкинлиги ҳақда хабар берган эди. Зеленский 21 март куни Си билан қўнғироқ “ҳали тасдиқланмаганлигини” айтди.

Хитой ва Россия муносабатлари ўзгардими?

Хитой раҳбари Россияда қизил гиламда кутиб олинган бўлишига қарамай, Пекин Россиянинг Украинадаги уруши масаласида эҳтиёткорлик билан чора кўрмоқда. Россиянинг қўшни мамлакатга босқини Ғарбни бирлаштирди ва Пекиннинг икки асосий савдо ҳамкори — АҚШ ва Европа Иттифоқи билан алоқаларини кескинлаштирди.

Ташрифдан асосий мақсад Хитой ҳали ҳам Россия билан алоқаларига жиддий қарашини ва Украинадаги уруш икки мамлакат муносабатларини тубдан ўзгартирмаганлигини кўрсатиш эди. Си Путинга жорий йилда “қулай вақтда” Хитойга боришни таклиф қилди.

Аммо ташриф улар муносабатларидаги чегараларини ҳам фош қилди ва Хитой Россияга ўз манфаатларига путур етказадиган ёрдамни таклиф қилишга тайёр эмаслигини кўрсатди.

Украинадаги уруш даврида Пекин Россия билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирди. 2022 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо кўлами рекорд 190 миллиард долларга етди. Хитой юани Россиянинг асосий хорижий валютасига айланиши кутилмоқда, чунки Москва Хитойга ўзининг асосий энергия бозори сифатида қарам бўлиб бормоқда.

Бу динамика эса Хитойга қўл келиши мумкин.

2014 йилда Москва Қримни аннексия қилгани учун санкцияларга дуч келганида Пекин “Сибирь қудрати” қувури орқали арзон газ сотиб олиш бўйича музокаралар олиб боришга муваффақ бўлганди. Линия 2019 йилда ишга тушди. Россиянинг янги харидор топиш уринишлари ҳамда айни шаклда ривожланиши ва Хитойга қўл келадиган келишув билан якунланиши мумкин.

Россиянинг қудрати сустлашиб, мамлакатнинг иқтисодий қарамлиги кучайиб бораётганига қарамай, Си Путинга ўзига тенг раҳбар сифатида муомала қилиб келади. Мутахассисларнинг фикрича, Хитой раҳбари Россияни АҚШга қарши курашда муҳим иттифоқчи сифатида кўради.

Бу шуни англатадики, икки раҳбар муносабатлари асосида бирор қадрият эмас, балки Вашингтонга нисбатан умумий нафрат ётибди. Хитойнинг асосий мақсади Москвани ўз ёнида ушлаб туриш ва Россия уруш туфайли Ғарб босимига қарши тура олмайдиган даражада заифлашишига йўл қўймасликдир.

Хитой ташқи сиёсатининг етакчи мутафаккирлари айни фикрда.

Нуфузли ташқи сиёсат олими ва Шанхай халқаро тадқиқотлар институти Илмий маслаҳат кенгаши раиси Ян Цземянь февраль ойида “Россия доимий равишда кучсизланса, АҚШ ва Ғарбга қарши қарши кураша олмайдиган, буни хоҳламайдиган ёки журъат қила олмайдиган даражага етса, бу ҳолат охир-оқибатда Хитойни мутлақо ноқулай стратегик вазиятга солиб қўяди”, деб ёзган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG