Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:05

Россия Ўзбекистонни ўзининг тарих дарсликларидан ташқарига чиқармоқчи эмас


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Ташқи ишлар вазири С.Лавровни қабул қилди. Тошкент, 2019, 3 май.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Ташқи ишлар вазири С.Лавровни қабул қилди. Тошкент, 2019, 3 май.

Россия Ташқи ишлар вазирининг Москва ва Тошкент “тарихни қайта ёзиш ва уни сохталаштиришга биргаликда қарши чиқади”, деган баёноти, таҳлилчилар фикрича, рус тили билан боғлиқ баҳс-мунозаралар туфайлими, кўпчилик эътиборидан четда қолди.

Сергей Лавров 2-3 май кунлари Тошкентга қилган амалий сафари давомида "Россия ва Ўзбекистон биргаликда тарихни сохталаштирилиши ва қайта ёзилишига қарши чиқади”, деб баёнот берди.

Интернетнинг ўзбек сегментида Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифи билан боғлиқ бошқа масала – бир гуруҳ зиёлилар томонидан рус тилига расмий мақом бериш устида қизғин тортишувлар давом этаётган бир пайтда, рус вазирининг бу баёноти тарихчи ва сиёсатчи мутахассисларнинг тор доирасидагина қизғин муҳокамаларни уйғотди.

Тарихчи олим Сергей Абашин Россия Ташқи ишлар вазирининг бу сўзларига ўзининг Фейсбук саҳифасида “Москва ва Тошкент тарихни қайта ёзилишига қарши биргаликда курашар экан! Совет даврида ёзилган ўша тарихними?”, деб муносабат билдирса, фойдаланувчи Виталий Бадмин “Яъни улар тарихни жорий сиёсий вазиятга мослаб, қайта ёзиб чиқар экан-да!”, дея киноя қилди.

Москвада ишлайдиган ўзбекистонлик тадбиркор ва иқтисодчи Жамшид Муслимов Озодлик билан суҳбатда Сергей Лавровнинг бу сўзларини Россия ҳукуматининг мустақил Ўзбекистонда тарихий-сиёсий ҳодисаларга муносабати ўзгаришини истамаётганидан дарак эканига ишора қилди.

У “сиёсатчилар тарихни сиёсийлаштирмаслиги керак”, деган фикрни билдирди:

- Бу ерда гап, менимча, баҳо беришда кетаяпти. “Soft power” ёки “юмшоқ куч” сиёсати доирасида катта давлатлар кичикроқ давлатларни таъсирида ушлаш учун умумий бўлган ҳодисаларга урғу бериши табиий. Улар “Тарихимизда ҳам фарқ бўлиши мумкин эмас!” деб ўйлайди. Тарих спекуляция қуролига айланиб қолган. “Геноцид бўлганми-бўлмаганми?”, “2-Жаҳон урушида ўзбеклар рус аскарлари билан елкама-елка урушганми, мардикор аскар сифатида урушганми?”, “Туркистон легионидаги ўзбеклар сотқин бўлганми, халоскорми?”. Бу саволларга жавоб топиш лозим! Шу боис тарихни бошқаттан ёзиш деганда кўпроқ баҳо беришни назарда тутган бўлса керак Лавров.

Тарихчилар ўз ишини, сиёсатчилар ўз ишини қилиши керак. Сиёсатчи келиб, тарихчиларга “ундай ёз, бундай ёз” дейишининг ўзи тарихни қайта ёзишда қатнашаётганини билдиради! Тўғри, тарихни бузиб, одамларга нотўғри етказиб қўйиш хавфи бор. Лекин, бундай бўлмаслиги учун тарихий китоблар кўп чиқиши керак, изланишлар олиб борилиши, фактларни юзага олиб чиқиш, баҳслашиш лозим. Бошқа юртдан келиб бизга ўргатиш қанчалик тўғри?!... Тасаввур қилинг, Америка президенти келиб бизга “Тарихларингни бошқачалаб ёзларинг!”, деса, - деди Жамшид Муслимов.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Тошкентга келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

У 2-3 май куни Тошкентга қилган ташрифи давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “9 Май байрами Россия раҳбарияти ва барча россияликлар каби, шахсан у ҳамда барча Ўзбекистон гражданлари учун муқаддас экани”ни таъкидлаб ўтгани тўғрисида журналистларга гапириб берди.

- Келгуси йилда Ўзбекистон МДҲда раислик қилиши, бу йил Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг тантанали 75-йиллиги эканини инобатга олиб, биз тарихий хотирани сақлаб қолиш, тарихнинг қайта ёзилишига йўл қўймаслик, уруш ва меҳнат фахрийларига муносиб эътиборда бўлиш, ёш авлодни улар қахрамонлигига ҳурмат-эҳтиромда тарбиялаш борасида фикр алмашдик, деди вазир Сергей Лавров Тошкентда қилган чиқишида.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари СССРнинг 2-Жаҳон урушидаги ғалабасининг 75-йиллигига оид МДҲ доирасида қатор ҳужжатлар ҳозирланаётганини билдирди.

Сергей Лавров Ўзбекистон ҳукуматига рус тилига ажратаётган эътибори, барча университетлар ва вилоятларда қўшимча рус тили марказлари очилаётгани, рус марказлари фаолиятига кўмак бераётгани ва турли форум ва ёшлар фестиваллари кўпайиб бораётгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Рус вазири ўз ҳамкасби, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашув чоғида Россиянинг МИФИ (Москва муҳандислик-физика институти), ВГИК (Бутунроссия давлат кинематография институти), Москва энергетика институти ва Россия кимё-технология университети филиаллари ишга туширилишини муҳокама қилганини маълум қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг “тарихни сохталаштиришга қаршилик қилишга” оид фикр-мулоҳазаси ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзбек зиёлиларининг рус тилига расмий мақом бериш борасидаги таклифи ортидан кўтарилган баҳс-мунозаралар фонида янгради.

20 га яқин ўзбекистонлик рус тилли зиëли рус тилига расмий мақом бериш таклифи Сергей Лавровнинг 2 май куни Ўзбекистонга қилган расмий ташриф арафасида билан чиққан эди.

Маълумки, охирги йилларда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошқа мамлакатлар масаласида қилган чиқишларида ҳам "тарих фальсификацияси" борасида кўп маротаба гапирган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ўтган 2018 йилда 8,5 мингдан зиёд ўзбек талабалари Россия олий ўқув юртларига ўқишга кирди ва бугунга келиб Россияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар сони 29 минг кишига етган.

Шу билан бирга, вазир Лавров Россия ва Ўзбекистон ўртасида икки давлат раҳбарлари учрашувидан кейин келишилган иқтисодий ва инвестиция лойиҳалари ҳажми 27 млрд АҚШ долларига яқинлашиб қолганини эслатиб ўтди.

XS
SM
MD
LG