Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 16:21

Мирзиëев Тошкентга келган Сергей Лавров билан учрашди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Тошкентга келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг ëзишича¸ Мирзиëев Лавров билан учрашувда "Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юқори суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган".

Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-мажлисида қатнашиш учун Тошкентга келган Лавров Ўзбекистон президентига "Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган".

2 май куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашган Лавров¸ Росатом лойиҳаси бўйича Ўзбекистонда қурилаëтган биринчи атом станцияси қурилиш ҳудуди бўйича келишувга эришилганини билдирди.

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Россия-Ўзбекистон ҳукумат ва давлат раҳбарлари ўртасидаги ҳамкорлик кучайиб бормоқда.

Россия ҳукумати матбуот хизматининг билдиришича¸ Бош вазир Дмитрий Медведев Россия-Ўзбекистон ҳукуматларининг бош вазирлар даражасида ўтадиган қўшма комиссиясининг илк мажлисида қатнашиш учун жорий ой Тошкентга келади¸ Мирзиëевнинг эса жорий йил охиригача расмий сафар билан Москвага бориши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG