Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:08

Миграция экспертлари: Россия "запрет"га тушган мигрантларга махфий амнистия қўлламоқда


Россияга киришга ман этилганлар рўйхатида ўн минглаб ўзбек муҳожирлари бор
Россияга киришга ман этилганлар рўйхатида ўн минглаб ўзбек муҳожирлари бор

Россияда фаолият юритаётган юристлар ва ҳуқуқ фаоллари мамлакатга киришига тақиқ бўлган тожикистонлик ва ўзбекистонлик муҳожирлар учун норасмий “амнистия” қўлланганини айтишмоқда.

Бу хабар Россия Ички ишлар ва миграция идоралари томонидан изоҳланмаётган бўлса-да, Озодлик Россияга “запрети” ечилиб, кириб борган меҳнат муҳожирлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Айни дамда рус ҳукумати 1 сентябрдан бошлаб Россияга фақат махсус илова орқали киришга рухсат бермоқда.

Россия Мигрантлар федерацияси: Амнистия ҳаммага қўлланилмаган

Россияда фаолият юритаётган қатор миграция мутахассисларига кўра, Россияга кириш ман этилган хориж ватандошларининг айримларига амнистия қўлланмоқда.

Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари Вадим Коженов кириш тақиқи олиб ташланганлар қаторида Россияда енгил маъмурий жазога тортилганлар биринчилар қаторида эканини хабар қилди.

- Россия 15 июндан 30 сентябргача мамлакатда қолаётган ва ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра миграция қоидаларини бузган муҳожирлар учун умумий амнистия эълон қилганди. Бироқ кўпчилик “запрет” (“тақиқ”) олганларга ҳам амнистия берилишини сўраб келаётган эди. Чунки кириш ман этилганлар орасида арзимаган ҳуқуқбузарлик содир этганлар - қайдга туриш муддатини бир неча кунга кечиктиргани, йўл ҳаракати қоидасини икки маротаба бузиб қўйганлар бор. Ҳозирда бу одамларга нисбатан қисман амнистия эълон қилинди, - деди Вадим Коженов.

Федерация раҳбари тақиқ бекор қилинганлар қаторига сўзсиз оғир жиноятлар содир этганлар, катта жарималарга тортилганлар, оммавий муштлашувларда иштирок этганлар ва экстремизм-терроризмда айбланиб бадарға қилинганлар кирмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Коженов ҳозирча бу масалада бирор расмий огоҳлантириш йўқлиги ва ўзининг Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаментидаги манбаларига таяниб бу хабарни тарқатганини тан олди. У ҳатто енгил маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган муҳожирларнинг ҳаммаси ҳам амнистия қилинмаслиги мумкинлигини айтди.

Кириши тақиқланганлар амнистияга тушгани ростми?

Бу ҳақдаги хабарлар ортидан Озодлик мухлисларидан РМФ раҳбари сўзларининг қанчалик ҳақиқатга тўғри эканини текшириб бериш сўралган мурожаатлар кела бошлади.

Озодликнинг саволларига жавоб берган миграция масалалари бўйича эксперт, “Мигрант.моби” портали асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад жорий йил 18 августдан бери Ўзбекистон, 8 сентябрдан эса Тожикистон ватандошлари учун “запретлар” Россия Ички ишлар маълумотлар базасидан олиб ташланаётганига гувоҳ бўлаётганини билдирди.

Юристнинг сўзларига кўра, биринчи навбатда тақиқ бекор қилинганлар қаторига “Россия Федерациясига кириш ва чиқиш тартиби тўғрисида”ги 114-ФЗ Қонуннинг

27 моддаси

  • 12 банди (Россияда рухсат берилган муддатни ошириб юборгани учун) (3 йилга),
  • 13 банди (180 кундан ортиқ регистрациясиз юргани учун) (5 йилга),
  • 14 бандини (270 кундан ортиқ регистрациясиз юргани учун (10 йилга),

ва 26 моддаси

  • 4 банди (охирги 3 йил давомида 2та қонунбузарлик содир этгани учун),
  • 8 бандини (30 кундан ортиқ регистрациясиз юргани учун)

бузганлар киритилган.

- “Запрет” жуда ёқимсиз ва Россиядаги кўпчилик муҳожирларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатган нарса. Ҳар куни 20-30 одамга текширганда тақиқлар бекор қилинганини кўряпмиз. Бу ерда битта муҳим кузатув: кимга суд орқали “запрет” қўйилган бўлса, уларга йўл очилгани йўқ! Масалан, 26 модда 4 банди бўйича, яъни икки марта йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун Россиядан чиқариб юборилган кўплаб ўзбекистонлик ҳайдовчиларимизга киришга рухсат берилди. Ҳатто энг мураккаб бўлган ва 10 йилга қўйилган пп.14 бўйича тақиқлар олиб ташланибди. Ҳозирча бу негадир расман эълон қилинмаяпти ва тақиқлар бекор бўлаётгани тўғрисида миграция бошқармаси очиқ хабар бермаяпти. Аммо биз суҳбатлашган полиция офицерларидан бири тақиқларнинг бекор қилинишини ишчи кучига бўлган талабнинг юқорилиги ва “Мирзиёевга Ўзбекистон мустақиллигига совға” деб изоҳлади, - деди Ботиржон Шермуҳаммад.

Суҳбатдош Россияга кириш ман этилганлар исми-шарифлари Россия ИИВнинг Интернетдаги 2-3 ойда бир янгиланиб турадиган базасидан чиқмаслиги мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, маълумот бевосита Ички ишлар вазиргигига юборилган мурожаатнома ёки пулли хизмат эвазига махсус миграция ташкилотлари томонидан аниқлаштирилиши мумкин.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича Бош бошқармасида Озодлик мухбирлари мурожаатига бу масалада бирор изоҳ бера олмасликларини айтиб, расмий хат билан мурожаат қилишни тавсия этишди.

Муҳожир аёл: Россияда кўпроқ пул топаман

Озодлик Россияга кириш ман этилган, аммо шу кунларда текширтирганда “запрет” белгиланган муддатдан олдин бекор қилингани аниқлаган бир нечта ўзбек муҳожири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Чустлик Муаттар Аълохонова Россияга киришга рухсат олган омадли муҳожирлардан бири.

- Мен “запрет”га шу йил тушганман. 7 май куни чиқиб кетганман, бориб тўй қилиб, қайтаман десам, Наманган аэропортидан қайтаришди. Кейин “амнистия, запрет очилибди” деган гап чиқди. Кечаю кундуз дуо қилиб ўтирдим, чунки менинг штрафим катта эмасди. Текширтирсам - 18.08.2021 йилда очилибди! Менга “90/180 қоидасини” бузиш қўйилган эди – патентсиз 90 кундан ортиқ юрган эдим. Кредитим катта бўлгани учун Туркияга кетиб ишлаётган эдим. Туркияда кўп ишлай олмадим – менга маъқул эмас у ер. Россияда кўпроқ пул топаман, - деди Муаттар.

Ўзбекистонлик муҳожир аёл унинг танишлари орасида Россияга киришга тақиқ қўйилганлар жуда кўплигини ҳам маълум қилди.

“Запрети” ечилган бошқа муҳожирлар Озодлик билан суҳбатда Россияда карантин чекловлари туфайли кўплаб соҳаларда ишчи кучи етишмовчилиги сезилиб қолгани ва рус ҳукумати бу етишмовчиликни меҳнат мигрантлари эвазига тўлдираётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган яна бир ўзбекистонлик муҳожир охирги пайтларда Россияда содир бўлган мигрантларнинг оммавий муштлашувлари ва улар билан боғланаётган оғир жиноятлар маҳаллий аҳоли орасида мигрантофобия кайфиятини кучайтириб юборгани сезилмоқда, дейди.

- Россияда одамлар усиз ҳам мигрантларни хуш кўравермайди. Агарда ҳукумат “Биз мигрантларга запретларни ечдик, уларни ҳаммасига киришга рухсат бердик!”, деса миллатчилар яна бош кўтариб қолишидан қўрқмоқда, менимча, деди суҳбатдош.

Киришга тақиқларнинг бекор қилинаётгани Россияда мигрант ишчилар устидан назоратни кучайтириш зарурлиги тўғрисида расмийлар томонидан овоза қилинаётган чақириқлар манзарасида кузатилмоқда.

Айни дамда 1 сентябрдан бошлаб Россияга фақат махсус илова орқали кириш тартиби жорий этилди.

Жорий йил 1 сентябрдан Россия Федерациясига кириш МДҲ мамлакатларининг барча фуқаролари учун фақат “СОВИД-19-сиз саёҳат қил” (Путешествуй без СОВИД-19) иловаси орқали кириш мумкин бўлади.

Дастлаб МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилишида Россия Федерацияси Бош вазир ўринбосари Алексей Оверчук 1 июлдан “СОВИД-19-сиз саёҳат қил” иловаси орқали кириш Евросиё иқтисодий кенгашига аъзо мамлакатлар учун, жорий йилнинг 1 сентябридан эса Россия ушбу тартибни МДҲ мамлакатлари учун ҳам жорий этилишини билдирган эди.

Россия Қурилиш вазирлиги қурилиш майдонларида ишлатиш учун меҳнат мигрантларини чартер поездларида ташиб келиш тартиб-қоидаларини Ўзбекистон билан муҳокама қилиши айтилганди.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, пандемиядан олдин ҳар йили мамлакатда 9 миллиондан 11 миллионгача чет эл ватандоши келиб кетган. 2020 йилда улар сони деярли икки баравар камайди ва 6 миллионни ташкил этди.

2020 йилда Россиядан 11, 2 мингдан ортиқ чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Россиядан чиқариб юборилган. Бу 2019 йилга нисбатан 3, 3 баравар камдир: ўша йили суд ижрочилари суд қарори билан Россиядан миграция қонунларини бузган 37, 2 мингдан ортиқ чет элликни бадарға қилганди.

2021 йилда Россия полицияси мамлакатдан депортация қилинган ёки мамлакатга кириш тақиқланган хорижликлар сони кескин камайганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG