Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

Россия муҳожирларнинг миграция муддатларини яна узайтирди


Президент Владимир Путин ўз фармони билан Россияда муҳожирларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш муддатларини 2021 йилнинг 30 сентябригача узайтирди. Бунга коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият сабаб қилиб кўрсатилди.

2021 йилнинг 15 июнь куни Россия президенти “Россияда коронавирус инфекцияси (COVID-19) асоратларига қарши курашиш даврида хориж ватандошлари ва ватандошлиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини вақтинчалик бошқариш чоралари тўғрисида” деб номланган 354-сонли фармонга имзо қўйди.

Шу кунга қадар Россияда муҳожирларнинг вақтинча яшаш муддати 15 июнгача белгиланган эди. Шу санадан бошлаб Россияни тарк этмаган муҳожирлар ноқонуний яшовчилар сифатида тан олиниши белгиланганди.

Кремль расмий сайтида эълон қилинган Фармонга асосан, 30 сентябргача муҳожирларни Россиядан маъмурий равишда чиқариб юбориш, депортация қилиш, вақтинча қолиш муддатини қисқартириш, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш, вақтинчалик бошпана бериш, илгари берилган визаларни бекор қилиш, ишлашга рухсатнома ва патент бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 16 июндан бошлаб Россияда яшаш учун қонуний асосларга эга бўлмаган шахслар ўзлари бўлиб турган ҳудуддаги полиция бўлимларига 30 сентябрга қадар мурожаат қилишлари шарт бўлади. Полиция бундай ҳолатдаги чет элликларга жазо чоралари қўлланилмаслиги фармонда белгиланди.

Ўз ҳуқуқий ҳолатини расмийлаштиришни истамаётган хорижликларга 2021 йилнинг 30 сентябригача чиқиб кетиш имкони яратилади.

Шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭС) мамлакатлари ватандошлари 2021 йилнинг 31 декабрига қадар Россияга кириб келишда белгилаган мақсадларидан қатъи назар, меҳнат ва ҳуқуқий шартномаларни тузишга ҳақли экани таъкидланди.

Қолган мамлакатлар, жумладан Озарбайжон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украина ватандошлари ҳеч қандай муаммоларсиз ишга рухсатнома – патентлар муддатларини узайтиришлари мумкин.

Миграция масалалари бўйича эксперт, юрист Ботиржон Шермуҳаммад бу фармон ноқонуний ҳолатда бўлган кўплаб юртдошларимиз учун ҳужжатларни қонунийлаштириш имконини очганини айтади.

- 30 сентябргача терроризмга, экстремизмга алоқаси бўлмаган, ҳар-хил митингларда қатнашмаган ёки озодликдан маҳрум қилиш жойларида ўтирмаган, қамалмаган бўлса, уларга нисбатан “депортация” ёки Россияга киришга тақиқ қабул қилинмайди.

Яна бир муҳим масала: 2021 йилнинг 16 июнигача неча йил бўлса ҳам – 10 йилми, 2 йилми, - ҳужжатсиз юрган одам, “запрети-видворениеси” бўлмаса, 30 сентябргача ИИБга мурожаат қилиб, ҳолатини қонунийлаштириб олиши мумкин. Уй эгаси билан борасиз, бармоқ изи топширасиз, мумкин жарима солишади, лекин сизга янгидан регистрация қилиб беришлари мумкин бўлади ва кейин патент, бошқа ҳужжатларни қилиб олишингиз мумкин.

Яна бир янгилик – миграция картасида нима ёзилганидан қатъи назар – “ўқишга”, “шахсий”, “коммерция”, “транзит”ми – муҳожирларимиз бемалол патентга ҳужжат топширишлари мумкин бўлади, - деди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Суҳбатдош вақтинчалик яшаш (РВП) ёки доимий яшаш (ВНЖ) ҳуқуқига эга хориж ватандошлари ҳужжатлари муддати 2021 йилнинг 31 декабригача узайтирилганини ҳам қўшимча қилди.

Путин фармонида 30 кун давомида патент расмийлаштира олмаган ва Россиядан бу муддат орасида чиқиб кетмаган шахслар жаримага тортилмаслиги ва жорий йилнинг 31 декабригача бекор қилингани белгиланди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг энг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда ноқонуний юрган муҳожирлар сони 500 мингдан зиёд ва уларнинг аксари -332 мингни ўзбекистонликлар ташкил этади. Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой “15 июнга қадар ўз миграция мақомларини қонунийлаштирмаган муҳожирлар Россияни тарк этишлари лозим”, дея баёнот берганди.

Бугунги кунда меҳнат муҳожирлари учун ҳужжатларни расмийлаштирувчи кўплаб миграция марказларида, хусусан йирик мегаполислардаги идораларда улкан навбатлар юзага келгани тўғрисида Озодлик хабар бериб келади.

XS
SM
MD
LG