Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Москвадаги меҳмонхона: Ўзбек ва тожикларга жой йўқ!


Москва кўчаларидаги эълонлардан бири: "Квартирада славянлар учун жой бор".
Москва кўчаларидаги эълонлардан бири: "Квартирада славянлар учун жой бор".

Москванинг Нахимовский проспектида жойлашган “2Hostel2” меҳмонхонаси ўзбек ва тожикларга жой бермаслигини маълум қилди. Ҳостел маъмурияти ўз қарорини “участковойнинг оғзаки буйруғи борлиги” билан изоҳлади.

“Ридус” Интернет нашри мухбирлари 3 ўзбек мигрантини шу ҳостелга жойлаштиришга уринганини, лекин бу уринишдан иш чиқмаганини ёзди. Ҳостел бошқарувчиси журналистга бундай деган:

- Чунки уларни (ўзбекларни) регистрация қилиш керак. Улар бир суткага келса ҳам биз уларни қайдга олишимиз шарт, аммо ҳужжатлар 3 кун қилинади. Яъни уларнинг регистрацияси ҳақиқий саналмайди. Биз миграция департаментига бу одамлар аллақачон чиқиб кетганини хабар қиламиз. Улар чиқиб кетганидан кейин янги регистрация қилиши шарт.

“2Hostel2” меҳмонхонаси вакили ўзбек ва тожикларни жойлаштиришда участковой билан муаммолар юзага келишини билдирди.

- Шу йилнинг январидан участковой юриб, Тожикистон ва Ўзбекистон гражданларига жой бермасликни талаб қилмоқда. Шу сабабли ўзбекларингиз Москва вилоятида жойлашаверсин – у ерда уларга муносабат дурустроқ, деган “Ридус” журналистларига ҳостел администратори.

“2Hostel2” меҳмонхонаси фақат Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларини қабул қилмаслигини билдирган. Бошқа постсовет мамлакатлари: Украина, Молдова, Арманистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон гражданлари бу ҳостел хизматидан фойдаланиши мумкин.

Нахимовский проспектидаги “2Hostel2”нинг (Ҳостел - арзон меҳмонхона) Интернетдаги расмий саҳифасида ҳақиқатан “Хостел не заселяет граждан Узбекистана и Таджикистана” деган ёзув турганини кўриш мумкин.

Озодлик муассасанинг кўрсатилган рақамлари бўйича қўнғироқ қилиб, вазиятга ойдинлик қиритишга уринди.

Аввалига 2 кишилик ва 6 кишилик хоналарда жой борлигини айтган меҳмонхона вакиласи, меҳмонлар ўзбекистонлик эканини эшитиб, фикридан қайтиб қолди:

- Қайси мамлакат гражданисиз?

- Ўзбекистон...

- Ҳостел Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларини жойлаштирмайди.

- Нима сабабдан?

- Нимагалиги тўғрисида бизда маълумот йўқ.

Озодлик саволларига жавоб берган аёл бошқа меҳмонхоналардан жой қидириб кўришни тавсия қилди.

“2Hostel2” меҳмонхонасининг исмини ошкор қилмаган раҳбари ҳам бу масалага изоҳ берилмаслиги ва "қоидани у ўзи ўйлаб топмаганини" маълум қилди.

“Ҳостел Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларини жойлаштирмайди”
“Ҳостел Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларини жойлаштирмайди”

Петербургдаги “Ўзбеклар ва Ўзбекистон халқлари миллий маданиятларига кўмаклашиш ва сақлаш” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Неъматжон Мамажонов Озодликка бундай вазиятлар мавжуд бўлишига жиддий шубҳа билдирди.

- Агар бундай ҳолатлар вужудга келса, биз дарҳол прокуратурага ариза ёзамиз ва вазиятни ўрганамиз. Меҳмонхонага жойлашиш масаласида эса шахсан бизга ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ, демак бундай вазият бўлмаган. Бўлганда мен билган бўлардим! Ахир бу инсон ҳақлари топталиши ва бунга йўл қўйиб бўлмайди. Участковой ҳам бундай буйруқ бера олмайди – погонини юлиб ташлашади, ахир, - деди бундай ҳолатни ҳеч кузатмаганини гапирган ўзбеклар жамияти вакили.

Россиядаги мигрантлар ҳуқуқлари бепул ҳимоячиси, юрист Валентина Чупик Россиядаги турли идораларда миллатчилик ва ирқчилик мавжудлигини эътироф этаркан, меҳмонхона чиндан ҳам участка нозири буйруғини бажараётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, деди:

- Ҳостел билан боғлиқ айнан шу вазият ирқчи ва фашист бўлган биргина участковойнинг шахсий ташаббуси бўлиши мумкин. Масалан, Таганский Ички ишлар бўлими доимо қирғизларни ушлаб кетади. Сабабини билмадим! Мана бу участковой эса ўзбек ва тожикларни ёмон кўради. Аммо, бунга биз ҳозир жавоб қайтармасак, у оммалашиб кетиши мумкин. Ўзбекистонлик ва тожикистонликларнинг турли касалликларни ва ҳашаротларни тарқатиши тўғрисидаги гаплар ҳам кулгили, албатта. Сўзсиз, бундай ҳолат бўйича дискриминация юзасидан прокуратурага мурожаат қилиш лозим, деди Валентина Чупик.

Бундан 5 йил олдин Москвага хизмат сафари билан борган таниқли ўзбек фотосуратчиси Умида Аҳмедова Москванинг Киевская мавзесида янги очилган ҳостелга жойлашмоқчи бўлганида ҳам “Биз фақат рус-славян меҳмонларга хизмат қиламиз” деган жавобни эшитгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG