Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:11

Россия қамоғида очлик эълон қилган ўзбекистонлик ишини Ўзбекистон элчихонаси ўз назоратига олди


Маъруф Шакаров ёшлигидан авиацияга қизиқади
Маъруф Шакаров ёшлигидан авиацияга қизиқади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Москвадаги ўзбек консуллиги ва парламент депутатлари Москвадаги қамоқхонада очлик эълон қилгани айтилаётган ўзбек муҳожири ишини ўз назоратига олди. Наркотик модда сақлаганликда айбланиб қамалган 21 яшар тошкентлик Маъруфжон Шакаров Москвага учувчиликка ўқишга келгани айтилмоқда.

Элчихона очлик эълон қилган муҳожир иши билан шуғулланмоқда

Ўзбекистон элчихонаси 1996 йилда туғилган Маъруфжон Зоҳид ўғли Шакаровга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни бошлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида пайдо бўлган хабарда бундай дейилади:

"2018 йилнинг 14 июль куни Элчихона консуллик бўлимининг Москва ш. 1-Тергов изолятори раҳбарияти билан телефон орқали суҳбатдан маълум бўлдики, М.Шакаров очлик эълон қилган ва шу сабабли, қабул қилинган қоидага биноан, туну кун видеокузатиш ўрнатилган якка камерага ўтказилган. Тергов изолятори раҳбарияти у билан суҳбатлашмоқда, доимий врач назоратида... Яқин орада М.Шакаровнинг онаси ва холасига у билан учрашишга изн берилади", дейилади Ўзбекистон ТИВ расмий хабарида.

Бу иш консулликнинг махсус назоратига олингани ҳам айтилди.

Ўзбек муҳожири ҳимоясига Олий Мажлиснинг айрим депутатлари ҳам қизиқиш билдирди.

Парламент вакили Алишер Қодиров ўзининг Фейсбук саҳифасида Шакаровга ёрдам сўраб ... негадир Чеченистон президенти Рамзан Қодировга мурожаат қилди.

- Ҳурматли Рамзан Аҳматович! Наҳотки Россия каби буюк давлатда полиция сержанти илм излаб келган ёш йигитга бунчалик адолатсизлик кўрсатиши мумкин? – дея таажжубланди депутат Алишер Қодиров.

Тошкент вилоятилик Маъруфжон Шакаров иши ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин баҳслар келтириб чиқарди ва у охирги кунларда энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланди.

Маълум бўлишича, 2018 йилнинг 14 июнь куни Москва шаҳар суди Суд коллегияси қарори билан ўзбекистонлик Маъруфжон Шакаровнинг “гиёҳванд модда тарқатишга уриниш” моддаси “катта миқдордаги наркотик моддаларини ўз истеъмоли учун сақлагани”га алмаштирилди ва қамоқ жазоси 5 йил этиб белгиланди.

2017 йилнинг 13 декабрида Москванинг Преображенский туман суди полициячилар кўрсатмасига таяниб, ўзбек муҳожирига 10 йиллик қамоқ тайинлаган эди.

Москвага ўқишга келган ўзбекистонлик 5 йилга қамалди

Москвадаги “Матросская тишина” қамоқхонасида бир йилдан бери сақланаётган Ўзбекистон ватандоши Маъруфжон Шакаров ўзининг сохта айблов билан қамалганини иддао қилиб бир ойдан бери овқатланишдан бош тортаётгани ҳақида биринчи бўлиб 15 июлда “Московский комсомолец” газетаси хабар берди.

Маъруфжон Москвага ўчувчилик касбини эгаллашга келганди
Маъруфжон Москвага ўчувчилик касбини эгаллашга келганди

Нашрнинг ёзишича, 21 ёшли Шакаровнинг аҳволи ўта заифлашиб қолган, аранг ҳаракатланади ва гапиради.

Хабарда қайд этилишича, Маъруфжон Шакаров Тошкент авиация техникумини битиргач, Москвага фуқаро авиацияси институтига кириш ва учувчи бўлиш орзусида келган. Бироқ Москва полицияси уни ўтган йилнинг ёзида кўчада қўлга олган. Полициячилар унинг ёнидан гиёҳванд моддалар топилганини билдирганлар.

Маъруфжон Шакаров полициячилар уни камситиб, миллатчилик қилгани ортидан можаро келиб чиққанини, шунгдан сўнг полиция жиноят ишини сохталаштирганини, уни қўлга олишганидан сўнг полициячилар ўрмонга олиб бориб аёвсиз калтаклашганини айтмоқда.

Шакаров тўлиқ оқланмагунга қадар очликни тўхтатмасликни билдиргани айтилади “Московский комсомолец” нашрида.

Шунингдек, рус журналистлари Шакаров сўзларига таяниб, унинг ҳимоячиси адвокат Шарбатулло Содиқов “жазо муддатини камайтириш учун унга ўз айбига иқрор бўлишни” тавсия қилганини билдирди.

Ҳимоячи Содиқов: Мен ўз ишимдан мамнунман!

Озодлик Маъруфжон Шакаров ҳимоясини охирги 1 йил давомида таъминлаб келган “Ҳуқуқ ва Адолат” Москва адвокатлар коллегияси адвокати, юридик фанлари номзоди Шарбатулло Содиқов билан суҳбатлашиб, ўзбек муҳожири иши билан боғлиқ вазиятни ўрганишга уриниб кўрди.

Ҳимоячи турли нашрларда у ҳақда ёлғон-яшиқ гаплар тарқатилаётганидан афсус билдирди.

Адвокат “Комсомолка” нашрида у ҳақда ёзилган гапларни “журналист фантазияси” деб атаб, нашр устидан судга берганини билдирди.

- У ерда ёлғон тарқатишаяпти. Унинг қариндошлари илтимоси билан мен шартнома имзоладим. Унгача унда бошқа адвокатлар бўлган. Мен ярим йил дастлабки тергов, кейин яна ярим йил суд жараёнида Маъруфжон Шакаровга адвокатлик қилдим. “Московский комсомолец” ёзганлари унинг ҳимоясига қаратилмаган, оддий пиар. Ўзбекистон элчихонаси катта ёрдам берди. Биз биргаликда гиёҳванд моддаси бўйича 10 йиллик қамоқ жазосини 5 йилга қисқартиришга эришдик – бу камдан-кам учрайдиган ҳодиса! Тошкентдан келган Шакаровнинг момоси, холаси ва онаси ҳаммасини ўз кўзи билан кўрди. Мен Маъруфжонга қўлимдан келган ёрдамни кўрсатдим ва иложи борича қонун асосида унинг аҳволини енгиллаштиришга уриндим, деди “Московский комсомолец” газетасини ёлғон тарқатгани учун судга берганини қўшимча қилган адвокат Содиқов.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, ўзбек муҳожири 5 йиллик муддатдан 1 йилини ўтагани, яна бир йилдан кейин у муддатдан олдин озод қилинишга ҳақли эканини билдирди:

- Очлик билан боғлиқ шов-шув кўтарилганидан кейин уни битта қамоқхонадан бошқасига ўтказилди. У ҳозир “Бутирка” қамоқхонасида. У менга полиция ходимлари унга наркотикларни ташлаб қўйганини айтганди. Бунинг юзасидан тафтиш ўтказилишини сўраб, судга даво киритгандик. Тергов қўмитаси текшириб, “жиноят аломатлари аниқланмади” деган хулоса чиқарди. Унга қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмади: қонида гиёҳванд моддалар аниқланмади, наркотик, банк картаси, тарози деган бирорта ашёвий далил борлиги судда кўрсатилмади. Бироқ суд буларни инобатга олмасдан 10 йил берди! У Тошкентда Авиация коллежини тамомлаб, Москвага Авиация университетига ўқишга кириш учун келгани ҳам рост. Афсуски, Шакаров бир ўзи эмас: Россияда минглаб Ўзбекистон ва Тожикистон гражданлари ўз ҳақларини талаб қилиб очлик эълон қилади, деди Шакаров ишидан ҳимоячи сифатида мамнун эканини билдирган Шарбатуло Содиқов.

Суҳбат сўнггида адвокат Шарбатулло Содиқов Ўзбекистон Бош прокуратурасига ўзбек маҳбуси Маъруфжон Шакаровни экстрадиция қилиш бўйича сўровнома билан Россия ҳукуматига мурожаат қилишни тавсия қилди.

"Россияга ҳам бундай шов-шувнинг кераги йўқ, шу боис улар жон дили билан уни Ўзбекистонга бериб юборади. Ҳар ҳолда Россия кўп маротаба судланганларни экстрадиция қилгани маълум", дея таклиф киритди ҳимоячи.

Таъкидлаш жойизки, ўзбекистонлик Маъруфжон Шакаров ҳибсга олинган Гольяново тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари меҳнат муҳожирлари орасида ёмон ном билан танилгани маълум.

XS
SM
MD
LG