Линклар

Шошилинч хабар
02 июн 2020, Тошкент вақти: 02:59

Қозоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилди, коронавирусга чалинганлар сони 8 тага етди


«Коронавирус, биз сендан қўрқмаймиз» деб ёзилган плакатни тутган йигит, 14 март, 2020, Олмаота.

Қозоғистонда 15 мартдан бошлаб, фавқулодда ҳолат жорий этилди.

15 март куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 — коронавирусни юқтирганлар сони 8 нафарга етганини маълум қилганди.

Соғлиқни сақлаш вазири Элжан Биртановга кўра, 15 март куни эрталаб 1959 йилда туғилган яна бир аёлда вирус аниқланган ва бу аёлнинг барча яқинлари изоляцияга олинган.

Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ илк икки ҳолат ҳақида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 13 март куни маълум қилганди.

Kazakhstan Today нашри хабарига кўра, Қозоғистонда коронавирусни юқтирган олти нафар бемордан тўрт нафари Олмаотада, икки нафари Нур-султонда карантинга олинган.

Шунингдек, стационар карантиндаги фуқаролар сони 1090 кишини, уй карантинидагилар сони – 452 кишини ташкил этади.

Қозоғистонда Наврўз тадбирлари ҳамда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар бекор қилинди.

Бу орада 15 март куни Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекциясига чалинган илк бемор қайд этилди. Вирус Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида аниқланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, касаллик дунёнинг 135 мамлакатида тарқалиб, 156 мингдан ошиқ одамда қайд этилган.

Бугунга қадар 5800 дан ошиқ одам ушбу касалликдан ўлган.

Вирус ўтган йилнинг декабрида Хитойда тарқала бошлаши ортидан Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Хитойдан қайтган шахсларга кескин чекловларни жорий қила бошлади.

Бу орада АҚШ президенти Дональд Трампда коронавирус топилмади. Бу ҳақда Оқ уй шифокори Шон Конли маълум қилди.

- Бу тест салбий натижа кўрсатгани ҳақида тасдиқ олдим, — деди у 14 март куни.

Аввалроқ Трамп Флоридада Бразилиялик дипломатлар билан кўришган эди. Трамп билан учрашган дипломатларнинг бир нечтасида кейинроқ коронавирус аниқланган эди.

Бошида Оқ уй Трамп анализ топширишига эҳтиёж йўқлигини айтди. 13 март куни Вашингтондаги Бразилия элчихонаси Трамп билан овқатланган делегация вакилларида COVID-19 аниқланганини маълум қилди. Хусусан, Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг маслаҳатчисида вирус аниқланди. Маслаҳатчи Флоридада Трамп билан бирга овқатланган ва расмга тушган.

Болсанарунинг ўзида вирус аниқланмади, аммо унга қўшимча анализ топшириш ва икки ҳафта давомида уйда ўтириш тавсия қилинди.

13 март куни Трамп коронавирус билан боғлиқ фавқулодда вазият эълон қилди. Орадан кўп ўтмай Намоёндалар палатаси касалликка чалинганлар анализларини бепул текшириш ва уларга молиявий ёрдам кўрсатиш масаласида қарор қабул қилди.

14 март куни Оқ уй бундан нари президент Трамп ҳамда вице-президент Майк Пенс билан яқиндан мулоқот қилмоқчи бўлган ҳар қандай шахс тана ҳарорати текширилишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG