Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:34

Қозоғистонлик модель: Ҳарир кўйлакда чиққаним учун йигитим калтаклади


Динагул Тасова

Қозоғистонлик модель Динагул Тасова модалар намойишида ҳарир кўйлакда чиққани учун йигити калтаклагани тўғрисида Инстаграмдаги саҳифасида ёзди.

Қизнинг сўзларига қараганда, уни ижтимоий тармоқларда кўпчилик аҳлоқсизликда айблаган ва бу айбловлар йигитининг ғазабини қўзғаган.

Шундан кейин у қизни калтаклаган, компьютер ва телефонини тортиб олган, ҳамда ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни ўчириб ташлаган.

Калтакланганидан сўнг модель ўзининг жароҳатланган қиёфаси акс этган суратларни Инстаграмга жойлаштирди ва юз берган ҳодиса юзасидан «жим турмаслигини» таъкидлади.

Тасованинг айтишича, қозоғистонлик дизайнер Дана Дуйсенбаева томонидан тикилган либослар намойиши 30 ноябрь куни Astana Fashion Night модалар ҳафталигида бўлиб ўтган.

Унинг журналистларга айтишича, "намойишдан сўнг салбий фикрлар билдирилмаган, ҳамма илиқ кутиб олди, қарсаклар чалишди, бирга суратга тушишди". Инстаграмда қизнинг ёзишича, намойишдан сўнг кўплаб аёллар у билан суратга тушган ва уни қўллаб-қувватлашларини айтишган.

"Намойиш акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда ва ахборот порталларида пайдо бўлди, шундан сўнг муҳокамалар бошланди. Кимдир чиройли либосни, кимдир яланғоч баданни кўрди ва ҳамма менинг образимни муҳокама қила бошлади. Мен бизда (Қозоғистонда) одамлар модага шундай муносабатда бўлишларини билмаган эдим", –деган модель.

Унинг айтишича, ўзининг шаънига билдирилган изоҳлар йигитининг жонига тегиб кетган ва у «гўёки мен саҳнада либосни эмас, очиқ кўкракларни намойиш қилганимни» айтди. Тасованинг сўзларига қараганда, 8 декабрь куни йигити уни калтаклаган ва ҳақорат қилган, телефон ва ноутбукини тортиб олган, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни ўчириб ташлаган.

"Ҳодисадан ўн кун ўтиб, ўзимни қўлга олишга қарор қилдим, жароҳатларимни суратга олиб, аёлларга қўл кўтариб бўлмаслигини одамларга кўрсатиб қўйишга ахд қилдим. Мен унга нима иш қилиб қўйганини кўрсатмоқчиман. Мен карахт ҳолдаман, чунки унга ишонардим, биз беш йилдан бери бирга эдик. Мен намойишдан сўнг ундан қандайдир қўллаб-қувватлашини кутган эдим, чунки жуда кўплаб муҳокамалар ва салбий фикрлар билдирилган эди. Унинг сўз билан бўлсада мени қўллаб-қувватлашини кутган эдим. Аммо у мени калтаклади. Бундай бўлишини кутмаган эдим"- дейди Тасова.

Айтишича, у полицияга мурожаат қилмаган, чунки у йигити билан бирга яшайдию лекин расман эр-хотин эмас.

Бироқ модель йигитининг ҳаракатларини ҳамма билишини истамоқда:

"Мен жароҳат олган ҳолда тушган суратларимни эълон қилдим. Майли у буларни кўрсин, майли халқ муҳокама қилсин, майли халқ хулоса чиқарсин. Бундан кейин у билан ади-бади айтишиб ўтирмоқчи эмасман, у билан учрашиш ниятим ҳам йўқ. Уни кўришни ҳам истамайман", – дейди Тасова. – Бироқ жамият муҳокама қилишини истайман".

Тасова Остона Ёшлар Маслаҳатининг фаоли сифатида бундан кейин Қозоғистондаги оилавий зўравонликлар мавзуси билан шуғулланишини айтди. У сўзларига қўшимча қилар экан, эри ва қариндошлари томонидан калтакланган, аммо қаерга мурожаат қилишни билмаётган аёллардан мактуб олаётганини айтди.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG