Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:51

Польшада оилавий зўравонликка қарши акция ўтказилди


Польшадаги оилавий зўравонликка қарши "Панда марши"дан лавҳа.
Польшадаги оилавий зўравонликка қарши "Панда марши"дан лавҳа.

Польшанинг кўплаб шаҳарларида “Биз аёлларга нисбатан зўравонликка қаршимиз” шиори остида ўтказилган 16 кунлик норозилик акцияси ўз ниҳоясига етди. Акция доирасида турли кўринишдаги намойишлар ва конференциялар бўлиб ўтди.

Акция ташаббускори - Польша парламентнинг қуйи палатаси Аёллар конгресси“Панда марши” номи остида чиқди. Айтиш керакки, панда оилавий зўравонлик қурбони бўлган бир аёл сифатида гавдаланади.

Намойишда аёллар юз-кўзлари кўкарган ҳолатлардаги грим билан шаҳар марказларида намойиш кўрсатишди.

Норозилик маршига олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчилари ҳам жалб этилди. Акция фаолларидан бири Михалина Шпаковскага кўра, бундан мақсад ёш йигитларга таъсир кўрсатишдан иборат.

- Эркаклар оилада устун бўлишларини исташади.” Оиладаги бошқарув фақат менинг измимда”, деган фикрдалар. Ёш йигитлар айнан шу ғоя остида улғайиб, аёлини ўз измига тушириб, буйсундиришга ҳаракат қилади. Оқибатда аёлига қўл кўтаради, жисмоний азият етказади, - дейди Михалина Шпаковска.

Маълумотларга кўра, Польшада аёлларга нисбатан зўравонлик охирги йилларда одат тусига айланиб бормоқда. Ҳар йили оилавий зўравонлик туфайли 150 нафар аёл ҳаётдан кўз юмади, 800 000 нафар аёл жисмоний ва жинсий зўравонлик, тахминан 4 миллион нафари эса руҳий босим ва иқтисодий танглик қурбонига айланмоқда.

Аёлларнинг ҳар ўнидан бири учун уй кўчадан кўра хавфлироқ макон ҳисобланади. Ачинарлиси, уйдаги жиноятлар кўпинча соя ортида қолиб кетади. Кўплаб аёллар бу ҳақда оғиз очишга тортинади ёки қўрққанлари учун гапирмасликни маъқул кўради. Уларнинг аксарияти зўравонлик оила ҳаётининг ажралмас бир бўлаги, “табиий ҳолат”, деб қарайди.

Европа Кенгашининг “Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш” бўйича конвенцияси бу иллатга қарши курашишда самарали восита ҳисобланади. Ҳозирда Польшадаги Аёллар конгресси расмийларни мазкур конвенцияни зудлик билан ратификация қилишга чақирмоқда.

Польшада икки ҳафтадан кўпроқ давом этган норозилик акцияси иштирокчилари “Биз ҳеч қанақа куч ва зўравонликни истамаймиз”, “Конвенцияни тасдиқланг”, “Биз ортиқ кута олмаймиз” сингари шиорлар билан чиқишган.

Мазкур кампанияни “Эркаклар зулмга қарши” ташкилоти ҳам қўллаб-қувватлади. Улар бу борада турли конференция ва семинарлар ўтказиб, матбуотда қатор чиқишлар қилишди.

Айни пайтда бу муаммога Польша расмийлари ҳам эътиборсиз қолмасликка ҳаракат қилмоқдалар.

- Ҳозирги кунда оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар ёрдам кўрсатиш хизматига қўнғироқ қилиш имкониятига эгалар. Кўплаб шаҳарлардан қўнғироқлар бўлади ва уларнинг катта қисми аноним ҳолатда қолиш илтимоси билан мурожаат қилишади.Афсуски, кўплар: “Бу муаммо менга тааллуқли эмас”, деган фикрда. Шу туфайли улар оилавий зўравонликка лоқайд муносабатда. Аммо, менимча, ҳеч бир инсон бу каби жиноятга бефарқ бўлмаслиги лозим, - дейди Лодз шаҳри вице-президенти Кжистов Пионтковски.

Польша Аёллар конгресси вакиласи профессор Магдалена Шрода сўнгги конференциялардан бирида қилган чиқишида бу масала парламентда келгуси йил январь ойининг биринчи ярмида муҳокама этилишини эълон қилар экан, оилавий зўравонликка қарши конвенциянинг ҳеч қанақа тўсиқларсиз қабул қилинишига ишонч билдирди.

Озодликнинг Польшадаги мобил мухбири йўллаган хабар.

XS
SM
MD
LG