Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 19:54

Қозоғистондан бошпана сўраган қорақалпоқ фаоли экстрадицияга юз тутмоқда


Нуқусдаги намойиш. 1 июль, 2022
Нуқусдаги намойиш. 1 июль, 2022

Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратовга Қозоғистонда бошпана бериш рад этилди. Бу ҳақдаги тегишли қарор ўтган ҳафта охирида чиқарилган. Суд қарори Муратов экстрадициядан ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлгани ва исталган пайтда Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлигини англатади. Ҳуқуқ ҳимоячилари унинг тақдиридан ташвиш билдирмоқда.

Фаолнинг адвокати комиссия қарори устидан апелляция шикояти киритмоқчи. Тимур Ермашевга кўра, Ақилбек Муратов 2022 йил ёзида Нукусдаги тартибсизликлар туфайли Қозоғистонда ҳибсга олинган еттинчи этник қорақалпоқ эди.

"Қолган олтитасига сиёсий бошпана бериш рад этилган. Муратов ўз тақдирини ҳал қилаётган комиссия аъзоларига йўллаган мактубида рад жавоби унинг учун кутилган натижа бўлишини ёзган эди. Худди шундай бўлди ҳам", дейди адвокат.

Ақилбек Муратов
Ақилбек Муратов

Муратовнинг ўзи қочқин мақомини бериш бўйича комиссия аъзоларига ёзган мактубида "Қачонгача мустақил мамлакатнинг инсоний ҳимоя масаласидаги ички сиёсати бошқа давлат раҳбарияти позициясига боғлиқ бўлади?", деб ёзган.

Ақилбек Муратов шу йилнинг 15 февралида Олмаотада ҳибсга олинган. Ўзбекистон ҳукумати уни оммавий тартибсизликларга чақириш ва жамоат хавфсизлиги ҳамда тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатишда айбламоқда. Март ойида унинг қамоқ муддати бир йилга, яъни 2025 йилнинг 15 февралигача узайтирилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Муратов Ўзбекистон ҳукуматига топшириладиган биринчи фаол бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Қозоғистондаги "Ар. Руҳ. Ҳақ" фонди раҳбари Бахитжан Торегожинага кўра, ҳокимият ўз сиёсий мухолифларини таъқиб қилиш орқали жамиятга ҳар қандай бошқача фикр бутун дунё бўйлаб таъқиб қилиниши хабарини бермоқда.

"Албатта, улар ҳеч қандай таҳдид туғдирмайди. Улардан на одам кўринишида ва на қурол кўринишида таҳдид бор", дейди фаол.

Қонли намойишлардан икки йил ўтиб, фаолларга тақиблар кучаймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:47 0:00

Нукус воқеалари бўйича Қозоғистонда ҳибсга олинган қорақалпоқ фаолларининг олдинги барча ишлари улар озодликка чиққандан кейин кўриб чиқилган. Муратовга қамоқ муддати тугамасдан рад жавоби берилгани унинг учинчи давлатга кетиш имконияти бўлмаслигини англатади. Ҳозир Муратов экстрадициядан ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва у исталган пайтда тўғридан-тўғри Олмаота қамоқхонасидан Ўзбекистонга юборилиши мумкин.

"Liberty" жамғармаси раҳбари Галем Агелеуовнинг фикрича, инсон ҳуқуқлари бюросида ҳам аёллар, ҳам Ақилбек томонидан матбуот анжуманлари ўтказилиши ижтимоий тартибсизлик қўзғовчи ёки тўғридан-тўғри қандайдир беқарорликка олиб келадиган ҳаракат сифатида баҳоланиши мумкин эмас. Ёки Қозоғистон томонига топширилган айблов хулосаларида айтилганидек, террористик ҳолат ҳам эмас.

Муратовнинг адвокати комиссия қарори устидан шикоят қилишини ва бунинг учун ўн кун вақти борлигини маълум қилди. Фаолнинг ўзи ўз мактубида Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари сурилган айбловлар бемаъни эканини ва агар истаса, уларни осонгина рад этиш мумкинлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистон 1998 йилда ратификация қилган Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенция хорижликларни уларнинг келиб чиқиши ёки сиёсий эътиқоди туфайли ҳаёти ёки эркинлиги хавф остида бўлган мамлакатларга топширишни тақиқлаганини таъкидламоқда.

Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида туғилиб-ўсган, 10 йилдан бери Олмаотада яшаётган Ақилбек Муратов Қозоғистондаги юртдошларига ёрдам кўрсатиб келаётган эди.

Ўзбекистон томони унинг ЖКнинг икки моддасида айлаб, Қозоғистондан экстрадициясини сўраган. Шу сўров асосида Муратов жорий йил 16 феврал куни Олмаотада қўлга олинган эди.

Муратов 2022 йилнинг 1-2 июль кунлари Нукусда бўлган намойишлар ортидан айбланган ва Қозоғистонда қўлга олинган еттинчи қорақалпоғистонлик фаолдир.

Қолган олти нафар фаолга ҳам бу давлатдан сиёсий бошпана бериш сўрови рад этилган.

Муратовга нисбатан Қорақалпоғистон ИИВ қарори, Нукус суди ажрими ҳамда Қозоғистон томонига экстрадиция сўраб киритилган илтимоснома Озодлик тасарруфида мавжуд.

Ҳужжатлардан маълум бўлишича, Ақилбек Муратов 2023 йилнинг 20 ноябрида қидирувга берилган.

Айбловга асос қилиб Муратов YouTube тармоғида 2023 йил 10 октябрида эълон қилган видео - қорақалпоқ фаоллари - Кошкарбай Торемуратов, Карлибай Бекмуратов, Бердимурат Пирназаровнинг ЕҲҲТ анжуманидаги чиқиши тилга олинган.

Cуверен Ўзбекистондаги суверен Қорақалпоғистон. Тарихий контекст
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:48 0:00

Воқеалар хронологияси

  • 2023 йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеаларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • 16 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилганини эълон қилди.
  • Воқеалардан сўнг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг юқори ҳокимиятида қатор кадрлар ўзгариши юз берди, жумладан, референдумга бош-қош бўлгани айтилган Президент администрациясининг қудратли раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов лавозимидан олинди.
  • Янги конституция бўйича референдум бир неча марта кечиктирилди - ва ниҳоят, ўтган йилнинг 30 апрелида ўтган референдумда Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституцияси қабул қилинди, унда Қорақалпоғистоннинг "суверен" ва Ўзбекистондан "ажраб чиқиш ҳуқуқи" сақлаб қолинди.

Форум

XS
SM
MD
LG