Прокуратура айбловларни ўқиб эшиттирди
“Газета.уз” мухбири хабарича, куннинг иккинчи ярмида суд мажлисида прокуратура томонидан 1—2-июл кунлари Нукус воқеаларига алоқадорликда гумон қилинаётган шахсларга қўйилган айблов ўқиб эшиттирилди.
Айблов хулосасида Даулетмурат Тажимуратов ва унинг тарафдорлари Азамат Турданов, Лолагул Каллиханова ва бошқалар Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз ва бошқа жиноятлар содир этгани айтилди.
Жумладан, прокуратура вакили Конституциянинг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддаларига таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга ўз норозиликларини билдирганликлари, уни интернет тармоғида кенг тарқатишлари ва фуқароларни тартибсизликларга ташвиқ қилишлари республикада намойишларга сабаб бўлганини таъкидлади.
Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 11 моддаси асосида жавобгарликка тортилди
Суд материалларига кўра, Нукус шаҳридаги тартибсизликлар натижасида 6 млрд. 681 млн. 247 минг 508 сўм моддий зарар етказилган.
Нукусликларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг қуйидаги моддалари билан жиноят иши қўзғатилган:
28-модда. Жиноят иштирокчиларининг турлари моддаси орқали 104-модда. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш;
104-модда. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш;
159-модда. Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш;
164-модда. Босқинчилик;
167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
227-модда. Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш;
243-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш;
244-модда. Оммавий тартибсизликлар;
244−1-модда. Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
247-модда. Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш;
277-модда. Безорилик.
20 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига «уй қамоғи» ва 1 нафарига "жамоа кафиллиги" тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Суд жараёни видеоконференция тарзида узатилмоқда
Суд залига сиғмаган журналистлар, кузатувчилар ва судланувчилар яқинлари учун суд залидан видео жонли тарзда узатилмоқда.
Судланувчи Қуръони Каримни келтиришни сўради
Суд мажлисида иштирок этувчилар гувоҳлигича, айбланувчи Даулетмурад Тажимуратов бир нечта илтимос билан мурожаат қилди.
Хусусан, Тажимуратов суддан ҳимоячиси билан гаплашиб олиш учун имконият беришни сўради, бу илтимоснома суд тарафидан қаноатлантирилди ва судланувчи ва ҳимоячиси гаплашиб олиш учун имконият берилди
У, шунингдек, содир этилган ҳолатга гувоҳ бўлган фуқароларни ҳам суд ишига таклиф қилинишини сўради. Унинг бу илтимоси инобатга олинди ва асосий гувоҳлар сўроқ қилингач, қўшимча гувоҳлар сўроқ қилиниши белгиланди.
Шунингдек, Тажимуратов «қалбининг тозалигини исботлаш учун» Қуръони Каримни келтиришни сўради. Cуд бу сўровни рад этди, чунки бу каби юридик механизм қонунчиликда мавжуд эмас.
Форум