Линклар

Шошилинч хабар
03 феврал 2023, Тошкент вақти: 12:59

Нукус воқеалари бўйича суд ҳукми: Тажимуратов 16 йилга қамалди

Бухоро вилоят судида 2022 йил июлида Нукусдаги намойиш ва зўравонликларга алоқадорликда айбланаётган 22 киши устидан суд якунланмоқда. 31 январда суд айбланувчиларга нисбатан ҳукмни ўқиб эшиттирди. Ҳукмга асосан, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалди.

11:30 31.1.2023

31 январь куни 1−2 июлдаги Нукус воқеаларида айбланаётган 22 нафар судланувчига нисбатан ҳукм ўқилди. Суд жараёни Бухоро вилоятида ўтказилди.

Судланувчилар Лолагул Қаллиханова, Азамат Турданов, Аҳмад Исматуллаев ва Азамат Нуратдиновларга шартли равишда озодликни чеклаш (уй қамоғи) жазоси берилди. Улар суд залидан озод қилинди. Лолагул Қаллихановадан ташқари уларнинг барчасига 4,5 йилданга озодликдан чеклаш жазоси белгиланди.

Қаллиханова ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандлари асосида айбдор деб топилди ва 8 йил озодликдан маҳрум қилинди. Унинг тергов пайтида қамоқда ўтирган 6 ой 24 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 7 йил 5 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдириилди. ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.

Судланувчи Бердақ Генжебаев Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб талон-торож қилиш) ва 227-моддаси 2-қисми «а» банди (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатларга нисбатан ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) асосида айбдор деб топилди.

Суд уни 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унинг тергов изоляторда ўтирган муддати жазо муддатидан чегириб ташланди ва қамоқ 4 йил 10 ой 11 кунга қисқартирилди.

Судланувчи Саламат Калилаев ва Нурлан Султамуратовлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми (Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш) билан айбдор деб топилди. Уларнинг ҳар бирига уч йилдан қамоқ жазоси белгиланди.

Айни шу модда асосида айбдор деб топилган Пўлат Нурниязов 4 йилга, Қаҳарман Сейтимов 5 йилга, Саипназар Калимов билан Арислан Темирханов ҳар бири 6 йилданга, Полат Шамшетов 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга, Амирбек Адилбеков 7 йилга, Бахтияр Кадирбергенов 7 йилга, Сейдабулла Медетов билан Нурлан Найипов ҳар бири 7 йилданга, Разбек Бекмуратов 8 йилга, Султанбек Каипов 8 йилга, Даулетмурат Жиемуратов 8 йилга, Байрам Сейтниязов 8 йилга, Аллабай Тоқимбетов 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоларига судланди.

Асосий айбланувчи сифатида кўрилган Даулетмурат Тажимуратов Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми ва 244−1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилинди. У жазонинг дастлабки йкки йилини қамоқхонада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди.

15:43 18.1.2023

Қорақалпоғистонда рейдлар: 132 киши ҳибсга олинган, 90 мингга яқин хонадон тинтув қилинган

Қорақалпоғистондаги рейдлар Ўзбекистон конституциясида "суверен" деб белгиланган ҳудуд мақомининг ўзгартирилишига қарши ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари юз берган қонли намойишлардан қарийб олти ой ўтиб амалга оширилди.
Қорақалпоғистондаги рейдлар Ўзбекистон конституциясида "суверен" деб белгиланган ҳудуд мақомининг ўзгартирилишига қарши ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари юз берган қонли намойишлардан қарийб олти ой ўтиб амалга оширилди.

Қорақалпоғистонда сўнгги ҳафталарда ўтказилган рейдларда шу пайтгача қидирувда бўлган 132 нафар шахс қўлга олинган ва тергов бўлимларига топширилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги Қорақалпоғистон ички ишлар вазири Бахтияр Торебековга таяниб хабар берди.

Қорақалпоғистонда ўтказилган “Антитеррор” тозалаш тадбирлари доирасида 18 минг 200 объект ҳамда 89 минг хонадон жамоатчилик фаоллари билан бирга кўздан кечирилган.

Бундан ташқари, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқаролар ўз ихтиёри билан 344 ов қуроли, 170 ўқ-дориларни ички ишлар органларига топширган. 12 нафар бедарак йўқолган шахс аниқланиб, улар ўз уйларига қайтарилган.

Ўз навбатида, 57 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, айбдорлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилган", дейилади хабарда.

Қорақалпоғистондаги рейдлар Ўзбекистон конституциясида "суверен" деб белгиланган ҳудуд мақомининг ўзгартирилишига қарши ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари юз берган қонли намойишлардан қарийб олти ой ўтиб амалга оширилди.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Аммо, маҳаллий расмийлар ҳибсга олинганларнинг 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида рўй берган воқеаларга алоқаси бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот бермаган.

Тажимуратовга 18, Қаллихановага 11 йиллик қамоқ сўралди

Айни пайтда Қорақалпоғистон воқеалари бўйича Бухоро шаҳрида давом этаётган маҳкамада 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда.

Олий суд матбуот хизматига кўра, давлат айбловчиси судланувчиларга тегишли моддалар бўйича уларнинг айбини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда қонунда белгиланган тартибда жазо тайинлашни сўраган.

Жумладан, прокурор Нукус воқеаларидаги асосий айбланувчилар Даўлетмурат Тажимуратов ва Лолагул Қаллихановага 18 ва 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни сўраган.

Дастлабки айблов хулосасига кўра, асосий айбланувчилар Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244 (оммавий тартибсизликлар) ҳамда 244−1-моддаларида (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланган.

Айблов томони қолган судланувчиларга қуйидагича жазо тайинлашни мақсадга мувофиқ деб топган:

  • Даулетмурат Жиемуратов ва Аллабай Токимбетов – 9 йил,
  • Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев, Бахтияр Кадирбергенов, Разбек Бекмуратов ва Султанбек Каипов – 8 йил,
  • Байрам Сейтниязов, Азамат Нуратдинов, Саидабулла Медетов, Нурлан Найипов, Полат Шамшетов, Саиипназар Калимов, Арислан Темирханов ва Амирбек Адилбеков – 7 йил,
  • Кахарман Сейтимов ва Полат Нурниязов – 6 йил,
  • Нурлан Султамуратов – 5 йил,
  • Судланувчилар Саламат Калилаев ва Бердах Генжебаевга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаш сўралган.

Нукус воқеаларида жами 171 киши айбланмоқда. 39 нафар судланувчига доир яна бир иш алоҳида кўриб чиқиш учун ажратилган.

"Сталин даврини эслатувчи маҳкама"

Буюк Британиядаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори, ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, судланувчиларнинг айбни тезда тан олиши Сталин даври маҳкамаларини эслатади.

"Де-факто, бундай сиёсий сабабларга кўра суд жараёнларида Ўзбекистонда айбланувчига қанча муддат берилишини одатда суд эмас, президент ва унинг яқин атрофидагилар ҳал қилади. Чунки Ўзбекистонда суд де-юре, Конституциянинг 11 ва 106-моддаларига кўра, ҳокимиятнинг мустақил тармоғи эканлигига қарамай, ҳали амалда президент ва унинг маъмуриятидан мустақил эмас.
Агар суд айблов ҳукмини чиқариб, айбланувчиларни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилса, бу адолатсизликнинг энг юқори кўриниши бўлади. Бу ердаги ноҳақлик шундан иборатки, Қорақалпоғистонни суверен республика мақомидан маҳрум қилувчи конституциявий ўзгартиришлар лойиҳаси билан боғлиқ барча воқеа у ерда яшовчилар билан олдиндан келишиб олинмаган ҳолда, аввалдан қонунни ўзгартириш мақсадида бошланган. Шавкат Мирзиёйевнинг биринчи икки президентлик муддати ва унинг ҳокимиятини янги муддатга узайтириш мақсадида қилинган тузатишлар тартибсизликлар ва норозиликларни келтириб чиқарди", - дейди Алишер Илҳомов.

Айбланувчилар қийноққа солинганми?

Ўзбекистондаги “Ҳуқуқий таянч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари, ”сибиқ сиёсий маҳкум Аъзам Фармонов Озодлик билан суҳбатда Нукус воқеаларини ўрганаётган комиссиянинг аъзоси сифатида Бухоро вилояти тергов ҳибсхонасида ушлаб турилаётган айбланувчилар билан учрашганини айтди.

Аъзам Фармонов: “Мен Лолахон Қаллиханова ва Азамат Турдановлар билан жума куни Бухородаги тергов изоляторига бориб алоҳида кўришдим. Улар судда айбига иқрор бўлиб гапирганларидан сўнг, қийноққа солинмаганмикан, қанақа аҳволда ушлаб туришаётган экан, деган гап-сўзлар бўлди-да. Уларга мана бунақа кўрсатма бер, деб босим бўлмаяптими, деган хавотир бўлди. Рухий тушкунлик бор эди унда. Қаллиханова ҳам Турданов ҳам ҳеч қанақа қийноқ ёки қўпол муносабат бўлмагани, жуда яхши муомилада бўлишаётгани, ҳатто буни кутмаганликларини менга айтишди. Улар кимларнингдир алдовига учиб, одамлар ўлимига сабабчи бўлдик, болалари етим қолди, деб шунақа ишлар бўлганидан пушаймон эканликлари, виждони қийналаётгани айтишди. Қамоқ шароити билан ҳам танишдик. 12 кишилик камерада ушлаб туришибди экан. Мени ўзим ҳам қамоқхонада 11 ярим йил ўтирганман, шароит яхши”.

- “Макан” интернет-нашрининг собиқ маъмури Лолагул Каллихонова ва қлрақалпоқ фаоли Азамат Турдановла Қорақалпоғистонда июль бошида рўй берган тартибсизликлар бўйича Бухоро вилоятида ўтказилаётган судда ўз айбига иқрор бўлганди. Уларни енгиллик эвазига шундай гапиришга кўндиришмаганми Сизнингча?

Аъзам Фармонов: “Энди табиий, уни шундай гапиришга тайёрлашган, шунақа гапирасан, деб босим қилишган, деган тасаввур пайдо бўлади-да. Шунинг учун ҳам мен у билан алоҳида гаплашдим. Ички ишлар ходимидан чиқиб кетишни сўрадим. Қолаверса биз олдиндан огоҳлантирмасдан бордик. Чунки мени ўзим биламан қамоқхонада нималар бўлишини комиссия келиши олдидан нималар қилинишини. Лекин, Лола Қаллиханова ҳам Азамат Турданов ҳам бундай гапиришга уларни ҳеч ким мажбурламагани, бўлган ишдан виждони қийналаётганини менга айтишди”.

1-2 июль кунлари Нукусда минглаб намойишчи Ўзбекистон Конституциясидаги Қорақалпоғистон Республикаси мақомига оид бандларга таклиф этилган ўзгартиришларга норозилик билдириш учун кўчаларга чиққан.

Тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни бостириш чоғида, расмийларга кўра, тўрт нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари дохил 21 одам ҳалок бўлган, 270 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Ўтган ой Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон хавфсизлик кучларини шу йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган норозилик намойишларини бостириш чоғида "ҳаддан ташқари ва ҳалокатли" куч қўллаганликда айблаб чиққанди.

Ташкилот Telegram, Instagram ва TikTok каби платформаларда жойлаштирилган видео ва фотосуратлар, шунингдек, бевосита юборилган ўнлаб тасвирларни таҳлил қилган ҳолда шундай хулосага келганини билдирган.

Намойишчиларга куч қўлланилгани бу воқеаларни ўрганаётган комиссия эътиборидан четда қолмаяптими?

Аъзам Фармонов Озодликнинг бу саволига жавоб берар экан: “Куч қўллаганларга ҳам қонуний чора кўрилади, Қанақан қурол қўлланилган, қай тартибда ким томондан. Бу ўрганилади, комиссия талабларида бор нарса бу. Ҳаммасига ойдинлик киритилади..Вақти келиб жавоблани оламиз оммага тақдим қиламиз”, деб жавоб қилди.

Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси эса июль воқеаларини ўрганиш учун комиссия тузганини эълон қилди ва ҳодисани мустақил текширишини билдирди.

Аммо, ушбу комиссия хулосаси ҳануз эълон қилинмаган.

Нимага комиссия хулосаси кечикяпти? Аъзам Фармоновнинг Озодликнинг саволига жавоби бундай бўлди:

“Бу суднинг якуний хулосаси билан боғлиқ. Ўзимизни хулосамизни чиқариворсак судни қарорига таъсири бўлмаслиги учун шу масалани суддан кейин берайлик, деб мени ўзим таклиф қилганман. Агар суд қарорида ҳақисизлик бўлса апелляция қилиш имконимиз ҳам бор. Лекин, мен сизга комиссия қачон хулосасини эълон қилишини айтолмайман”.

03:07 16.12.2022

Маҳкаманинг онлайн намойиши қачон тикланади?

Комиссия Бош прокуратурадан гувоҳлар сўроқ қилиб бўлинганидан кейин суд жараёнларининг онлайн намойиши яна давом эттирилиши-эттирилмаслиги юзасидан ҳам жавоб олган.

Жиноят-процессуал кодексига кўра, гувоҳлар сўроқ қилинаётган вақтда жараённи онлайн намойиш этиш тақиқланган эди.

- Суд муҳокамасининг гувоҳлар кўрсатмалари эшитиш босқичида ЖПКнинг 432-моддаси талабига кўра, суд ажрими билан онлайн намойиш этиш тўхтатилган. Суд жараёнлари тарафларнинг музокараси босқичида ОАВ вакиллари томонидан онлайн намойиш этилишига суднинг ташаббуси билан ёки диноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра, раислик этувчисуд томонидан рухсат этилиши мумкин, дейилади Бош прокуратура жавобида.

19:21 15.12.2022

"Комиссияда қурбон бўлганлар ҳақида тўлиқ маълумот бор!"

Аъзам Фармонов
Аъзам Фармонов

Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия Озодликнинг норозилик чиқишлари ва тартибсизликлар пайтида қурбон бўлганлар сони ва қурол ишлатилишига оид сўровига жавоб берди.

Комиссия аъзоси ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов яқин кунларда жамоатчилик бераётган саволлар юзасидан махсус ҳисобот тайёрланаётганини билдирди.

"Қурбон бўлганларни барчасини тўлиқ адреси ва исми шарифи комиссияда бор. Уларни уйларига комиссия аъзолари бориб, холидан тўлиқ хабар олинган. Айбдор ёки айбдор эмаслигидан қатъий назар, оила аъзоларига ёрдам пакетлари берилган. Ўлганлик масаласи юзасидан экспертиза хулосалари олинган. Қурбонлар яқинлари билан шахсан гаплашганман, комиссия аъзолари хам гаплашишган.

Қуроллар борасида хам маълумотлар олинган. Яқин кунларда дастлабки ҳисобот хақида ишлаяпмиз. Маълумотлар тўлиқ тақдим қилинади", деди Комиссия аъзоси Аъзам Фармонов.

Комиссия аъзоси ҳисобот тайёр бўлмасдан Нукус воқеаларида нобуд бўлганлар рўйхати ва уларнинг ўлим сабаблари тўғрисида маълумотни очиқлай олмаслигини ҳам билдирди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG