Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

Танишинг: «Путин саройи» лойиҳасини чизган «бечора итальян архитектор»


Навальний суриштирувида итальян архитектор Ланфранко Чириллога тегишли экани иддао қилинган уй - Геленжик, Қора денгиз - видео скриншоти
Навальний суриштирувида итальян архитектор Ланфранко Чириллога тегишли экани иддао қилинган уй - Геленжик, Қора денгиз - видео скриншоти

56 ёшдаги Ланфранко Чирилло Россия президенти Владимир Путин кўмаги билан Россия фуқаролигини олган.

Чирилло Путин учун қурилгани иддао қилинаётган улкан сарой режасини яратгани учун «Путиннинг меъмори» ўлароқ танилган.

Кремль ва Санкт-Петербургдаги Қишки сарой каби Россиянинг муҳим ҳокимият бинолари лойиҳаларини италиялик меъморлар яратган.

Бундан беш йил олдин Қора денгиз бўйидаги «Путин саройи» архитектори ошкор бўлишидан аввал Чириллони деярли ҳеч ким танимас эди. Россия мухолифати учун Геленжик шаҳри яқинидаги ҳашаматли сарой ва унинг атрофидаги иморатлар мамлакатда чуқур илдиз отган давлат коррупциясининг жирканч рамзига айланган.

Чирилло сарой лойиҳасини чизиш имкониятини қай йўсинда қўлга киритгани номаълум бўлиб қолмоқда. Меъмор Озодлик радиосига яқинда берган интервьюсида ўзини камтар одам ўлароқ кўрсатди. У ҳатто ўзини «бечора итальян архитектор» деб атайди. Аммо унинг бадавлат эканига шубҳа йўқ.

Чириллонинг ўзи Қора денгиз бўйида 800 квадрат метр ҳашаматли уйни сотиб олганини тан олди. Чирилло «Путин қасри» ҳақида саволларга жавоб беришдан бош тортди, лекин комплекс лойиҳасини яратганини тан олди. Кремль Геленжикдаги саройга Путиннинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб келади.

Ланфранко Чирилло
Ланфранко Чирилло

«Бу ерда ҳеч қандай ғалати нарса йўқ. Мен бу ерга шунчаки пул ишлаш учун келдим ва яхши компания яратдим. Нима, бу ёмонми?», - деди меъмор Озодликка берган интервьюсида. Чирилло Озодлик билан суҳбатда Россияга «Лукойл» ширкати орқали келганини сўзлаб берди.

Италиянинг Ломбардия вилоятидаги Брешия шаҳрида туғилган Чирилло Венециядаги Ка-Фоскари университетини тамомлагани, бунинг ортидан «араб давлатларида» бир-икки йил ишлаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 1991 йилда Миландаги дўсти уни Россияда дача қуришни режалаётган шахс билан таништирган. Чирилло ушбу мижоз орқали «Лукойл» ширкатини 1993 йилдан бери бошқариб келаётган Вагит Алекперов билан танишган. Итальян меъмор пировардида «Газпром» ва «Новатек» ширкатлари учун ишлай бошлаган.

Чирилло 1991 йилдан бери 43 рус миллиардери учун ҳашаматли уй ва офис лойиҳаларини яратгани ва қурганини иддао қилди. «Мен ҳар доим мағрурлик билан айтаман: Россияда 120 миллиардер бўлса, уларнинг 43 нафари менинг мижозим бўлган. Мен бундан фахрланаман. Бу ёпиқ доира. Россияда бундай кичик доирага кириш жуда қийин», - деди меъмор.

Навальний жамоасига кўра, "Путин учун қурилган сарой"га 1 млр доллар сарфланган
Навальний жамоасига кўра, "Путин учун қурилган сарой"га 1 млр доллар сарфланган

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ҳисоботида айтилгандек, Чирилло Геленжикдаги сарой яқинида кўчмас мулкка эга эканини тасдиқлади. Меъмор бу мулкни ижарага олиш ҳуқуқини Виктор Золотовнинг ўғли Роман Золотовдан сотиб олганини айтди. 13 йил давомида Путиннинг хавфсизлик хизмати раҳбари ўлароқ ишлаган Виктор Золотов 2013 йилда Ички ишлар вазирлиги қўшинлари раҳбари этиб тайинланган.

«Мен у мулкни қурдим ва сотиб олдим. Бу сир эмас. Бунга ҳуқуқим бор. Уй яхши: денгиз бўйида жойлашган, [майдони] 800 квадрат метр. Менимча, Россияда 23 йил ишлаган одам ўз оиласи учун уй қуриш ҳуқуқига эга», - деди Чирилло.

«Денгиз менга ёқади», - дея қўшимча қилди меъмор.

«Мен ёш денгизчилар учун мактаб очганман. Мен бутун Краснодар ўлкасидаги ёшларига ёрдам бераман», - дея сўзини давом эттирди у.

Навальнийнинг сўзларига кўра, Чирилло Геленжикда Олег Кузнецовнинг рафиқаси Татьяна Кузнецова билан қўшни. Россия оммавий ахборот воситалари Кузнецов Федерал ҳимоя хизмати расмийси бўлиб ишлаган пайтида «Путин саройи»ни қуришда иштирок этганини кўрсатувчи ҳужжатларни қўлга киритган.

Россия ва ғарб оммавий ахборот воситаларида Чирилло, Горелов ҳамда «Россия» банкининг собиқ акциядорларидан бири Горелов Геленжик қасрини муҳокама қилаётгани акс этган суҳбат стенограммаси эълон қилинди. АҚШ Молия вазирлиги ушбу банки «юқори лавозимли расмийларнинг шахсий банки» деб атаган.

Суҳбатда Россиянинг Украинадаги фаолияти сабабли Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган Шамалов ҳам қатнашган.

Чирилло ўз ширкатининг веб-сайти йўқлиги ва ҳеч қачон ўз хизматларини реклама қилмаслигини айтди. Чириллонинг бу сўзларига қарамай, Россиядаги меъморлар орасида унинг исми нотаниш бўлиб қолмоқда. «У Москвадаги меъморлар даврасида мутлақо номаълум», - деди МАРШ архитектура мактаби ректори Евгений Асс. «Унинг мавжудлиги ҳақида фақат шов-шувли сиёсий мақолалар орқали хабар оламиз».

Чириллонинг ўзи эса ном чиқармагани муаммо эмаслигини айтди.

«Ҳеч ким мени танимаса-да, жуда яхши яшаяпман. Шундай экан, нега одамлар мени танишлари керак?» - дея сўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG