Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2022, Тошкент вақти: 20:06

Суриштирув: Владимир Путин ва йўқолган кокаин сири (ВИДЕО)


Владимир Путин 1990-йилларда Санкт-Петербург мэриясида ишлаган.

Бундан 30 йил муқаддам, СССР энди парчаланган кезлар Ленинград аҳолиси биринчи эркин шаҳар мэри сайловида ЛДУ профессори Анатолий Собчакка овоз берди. Собчакнинг лавозимдаги дастлабки ишларидан бири – мэрия ҳузурида Ташқи алоқалар қўмитасини таъсис этиш бўлди, янги тузилмага у ўзининг ёрдамчиси, 39 ёшли КГБ подполковниги Владимир Путинни раҳбар этиб тайинлади.

Путиннинг сиёсат оламида шиддат билан юксалиши айнан шу лавозимдан бошланган. Ва ҳокимият тизимида илк қадамларини қўйгандан бошлаб коррупция ва фирибгарликка доир айбловлар у билан изма-из юрди.

Путин ва унинг шериклари биринчи марта 1992 йилда шубҳа остига тушди – бу пайтда у лавозимга тайинланганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган эди. Ўшанда Петросовет аъзоси Марина Салье ташқи алоқалар қўмитасини очарчилик даврини кечираётган Петербург учун чет элга озиқ-овқат эвазига хомашё сотиш схемасини ўйлаб топишда айблаган: хомашё жўнатилган, пул олинган, аммо шаҳарга озиқ-овқат келмаган. Салье Путиндан қўмита раҳбари сифатида истеъфога чиқишни талаб қилди, гарчи унинг фирибгарликка шахсан бош қўшганини тасдиқловчи аниқ бир далил бўлмаса-да.

“Настояшчее время” ҳамда Озодлик рус хизмати қўшма суриштирув ўтказиб, бу ягона шармандали воқеа эмаслиги, 1990-йиллар бошларида Владимир Путин бошлиқ қўмита кўплаб шубҳали ишларга аралашганига ва бундан, катта эҳтимол билан, Путиннинг ўзи ҳам, унинг устози Анатолий Собчак ҳам хабардор бўлганига ишонч ҳосил қилди.

1993 йилнинг февралида Санкт-Петербургда 18 тонна Колумбия дудланган гўшти ортилган контейнер тўхтатиб қолинганида ичидан 1092 килограмм кокаин чиқади. Контейнерни очиш жараёни видеога олинади: банкалардан гўшт ўрнига кукун чиқади ва йиғилганларнинг кулгиси остида татиб кўрилади. Кўргазмали ҳибслашлардан сўнг Петербург ФСБси кокаин “тиббий мақсадларда фойдаланиш учун” Москвага жўнатилганини эълон қилади.

Қуйидаги видеода наркотижоратчилар Россия орқали ўтказишга уринган ўнлаб миллион долларлик кокаиннинг ғойиб бўлишида Путин, КГБ ҳамда Петербург мэрияси мулозимларининг қандай дахли борлиги ҳақида сўз боради.

Бу Путинга унинг ҳокимиятдаги илк одимларидан бери ҳамроҳлик қилиб келаётган коррупцион жанжалларга доир суриштирувимизнинг биринчи қисмидир.

Суриштирув: Владимир Путин ва йўқолган кокаин сири
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:46 0:00

XS
SM
MD
LG