Шавкат Мирзиёев Тошкентда янги қурилган Ўзбекистон Президенти Халқ қабулхонасини бориб кўрди.
Президент матбуот хизмати қабулхонанинг фойдаланишга топширилган ҳақидаги хабарига ҳашаматли бино фотосуратларини илова қилди.
Президент қабулхонаси маъмурияти бу ерга бош уриб келадиган аҳолини баъзида президентнинг ўзи ҳам қабул қилиши ҳақида тарқалган маълумотларни рад этган.
Янги қабулхона биноси Тошкентнинг Бунёдкор шоҳ кўчаси 2-уйда жойлашган.
Мазкур муассаса бир кунда 200 нафаргача мурожаатчини қабул қилиши айтилмоқда.
"Бу ерда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва бажариш учун барча шароитлар муҳайё. Мутасаддилар томонидан фуқароларни қабул қилиш учун хоналар, Давлат хизматлари маркази шохобчаси, “Мадад” нодавлат-нотижорат ташкилоти маслаҳат бюроси, тиббий хизмат, она ва бола хоналари ташкил этилган", дейилади расмий хабарда.
Хабарда айтилишича, президент янги қурилган қабулхонадаги шароитга юқори баҳо берган.
"Бу ерга келган одам барча саволларига жавоб топиши, Тошкент бу борада намуна бўлиши керак", деган президент.
Президент Халқ қабулхонаси янги биноси 2019 йилнинг апрелида очилиши ва унда Шавкат Мирзиёев фуқароларни шахсан қабул қилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар тарқалган эди.
Centre1 нашри 2019 йилнинг 1 апрелида Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонаси очилиши, у ерда президент ватандошларни шахсан қабул қилиши ҳақида ёзганди. Нашр бу маълумотни Президент Халқ қабулхонаси мудири Бахтиёр Жамоловдан олгани, президент билан шахсан учрашиш учун 20 ватандош танлаб олинганини илова қилганди.
Бунга қадар ҳам, Озодликка боғланган қатор манбалар ва ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари жамоатчилик орасида шунақа гап юргани, аҳоли Тошкентда қурилаёган янги қабулхона очилишини кутаётганини айтган эди.
Ўшанда Президент Халқ қабулхонаси мудири Бахтиёр Жамолов бу каби хабарларни рад қилиб, қатор маҳаллий нашрларга раддия берган.