Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2020, Тошкент вақти: 12:46

Тошкентда Мирзиёевга арз қилмоқчи бўлган 6 аёл 10 кунга қамалди


23 июл куни ўттизга яқин аёлдан олти нафари Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси, майда безориликда айбланиб 10 суткага қамалди, қолганига огоҳлантириш берилиб, қўйиб юборилди.

Тошкентда милиция ва прокуратура устидан арз қилиш мақсадида президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулига кириш учун борган бир гуруҳ аёл қўлга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, 23 июль куни ўттизга яқин аёлдан олти нафари майда безориликда айбланиб 10 суткага қамалган, қолганига огоҳлантириш берилиб, қўйиб юборилган.

Яккасарой туман ИИБси мулозими аёлларнинг қўлга олингани ҳақда изоҳ беролмаслигини айтиш билан чекланди.​

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татьяна Довлатованинг Озодликка айтишича, 23 июль куни ўттизга яқин аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан босим ва таҳдидларга учраётганини президентга айтиш учун унинг қабулига бормоқчи бўлишган, лекин улар президент идораси олдида қўлга олиниб, Яккасарой туман Ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

- Яккасарой туман ИИБсида 6 соат ушлаб турилгач, айримлари огоҳлантирилиб қўйиб юборилган, олти нафарини эса Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддаси, майда безориликда айблаб 10 суткага қамашди, - дейди Довлатова.

Ҳозир шикоятчи 6 аёл Тошкентнинг халқ орасида "Панелний" деб танилган ҳибсхонаси – Тошкент шаҳар ИИБга қарашли вақтинчалик сақлаш марказида ушлаб турилибди.

Тошкентнинг халқ орасида "Панелний" деб танилган ҳибсхонаси.
Тошкентнинг халқ орасида "Панелний" деб танилган ҳибсхонаси.

Милиция бўлимида ушлаб турилиб, қўйиб юборилган аёллардан бири улар Тошкентнинг Мустқаллик майдонига, президент аппарати жойлашган бино олдига эрталаб боришганини айтади.

- Президент кортежи идора ёнига яқинлашган пайтда, бизни автобус келиб тўсди, кейин куч билан бизни автобусга босиб олиб кетишди, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган шикоятчи аёллардан бири.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татьяна Довлатова қўлга олинганлардан учтасининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлганини айтди.

- Улардан бирини ўғли қамоқда ўлган экан. Унинг иддаосича, ўғлини қамоқда қийнаб ўлдиришган. Яна бири хорижда яшаётган оиласига қўшилиш учун чиқиш визасини йиллардан бери ололмаяпти. Бормаган жойи, шикоят этмаган идораси қолмагач булар мана шу муаммоларни президентнинг ўзига айтиш учун боришган, лекин Панелнийга қамаб қўйишган. Уларнинг балоғатга етмаган болалари бор. Қамалганлардан бири Зулфия Ҳудойберганованинг алоҳида эътиборга мухтож, гапиролмайдиган боласи бор экан, ҳозир у қамоқдан хат чиқариб, шаҳар судидан унга белгиланган чорани қайта кўриб чиқишни сўрамоқда. Ушланган яна бир аёлнинг икки ёшли боласи ҳам борлигини аниқладик. Ахир Ўзбекистон қонунчилигига кўра, уч ёшгача бўлган болалари бор аёллар қамалмаслиги керак. Бундан ташқари қамоқхона харажатлари, уч марта овқат ва яшаш ҳам аёлларни ўзларидан ундирилар экан, - дейди Татьяна Довлатова.

Қамоққа олинган аёллардан бири Зулфия Ҳудойбеганованинг маъмурий ишлар бўйича шаҳар судига мурожаати.
Қамоққа олинган аёллардан бири Зулфия Ҳудойбеганованинг маъмурий ишлар бўйича шаҳар судига мурожаати.

Ўзбекистонда 2016 йилдан буён президент виртуал қабулхонаси ишга туширилган ва президентга арз қилиш учун Интернет орқали мурожаат қилиш имкони бор.

Ўзбекистон расмий матбуотига кўра, Президент виртуал қабулхонаси ўтган салкам икки йил ичида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланган.

Лекин, ҳуқуқ фаоли Татьяна Довлатованинг айтишича, қамоққа олинган аёллар Мирзиёевнинг қабулига боришдан олдин ўз муаммолари ҳақида президент Виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилганлар, лекин натижа бўлмаган.

Озодлик Тошкентда президент қабулига бормоқчи бўлган аёлларнинг қўлга олиниши ҳақида изоҳ сўраб, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ва Яккасарой ИИБсига мурожаат этди.

Президент матбуот хизмати мулозими аёлларнинг қўлга олинганидан хабарсиз эканини айтди.

Озодлик суҳбатлашган Яккасарой тумани ИИБси мулозими эса, аёлларнинг қўлга олингани ҳақда изоҳ беролмаслигини айтиш билан чекланди.

Ўзбекистонда бундан олдин ҳам президент қабулига бормоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақда Озодлик хабар берган.

Ўтган йилнинг июнь ойида Сурхондарёнинг Жарқўрғон тумани милициясида вафот этган тадбиркорнинг онаси Каромат Қодирова президент қабулига бораётганида қўлга олиниб, 15 суткага қамалгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG