Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Далада пахта қолмади, аммо ҳашарчи уйига қайтарилмаяпти


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг бир неча вилояти далаларида пахта деярли қолмаган бўлсада, корхона ва ташкилотларнинг мажбурий теримга сафарбар этилган ишчилари қайтарилмаяпти. Маълумотларга қараганда, Тошкент вилоятида пахта тайёрлаш режаси ҳозир 58 фоиз бажарилган ва ҳар куни йиллик режасининг 0.02 фоизи миқдорида пахта топшириляпти.​

Ангрен шаҳридан кўрпа-тўшаги билан теримга сафарбар этилган ишчи-ходимларнинг Озодликка айтишича, улар об-ҳаво совиб кетгани боис оғир шароитларда қийналаётгани, ижара ва озиқ-овқатдан қарз бўлиб қолгани ҳақида ўз раҳбарларига шикоят қилса ҳам, далада мажбуран ушлаб турилибди.

Озодлик суҳбатлашган ҳокимлик мулозими, пахта терими тугагани ҳақида юқоридан “отбой” бўлмагунча пахта теримига олиб чиқилган ҳашарчилар уйига қайтарилмаслигини айтди.

Ангрен шаҳар электр тармоқлари идорасининг 25 нафар ишчиси 23 сентябрдан буён Тошкент вилояти, Бўка туманининг Ровот массивида пахта термоқда.

Ишхона томонидан мажбуран пахта теримига юборилганини таъкидлаган ишчилардан бирининг Озодликка айтишича, улар сўнгги кунларда жудаям оғир аҳволга тушиб қолган:

“Совуқ далада кечгача изғиб, чаноқ териб, кўсак ёриб, зўрға 10 килоча пахта топамиз. Кейин заводда уни лабораториядан ўтказиб, олти килога пул беришади. Ҳисобланг энди, 6 килоси 950 сўмдан 5700 сўм бўлади. Биз эса кунига ижарага ва овқатимизга 16 минг сўм сарфлаяпмиз. 6000 сўм ишлаб, кунига 16000 сўм расход қилиш бу қип- қизил аҳмоқнинг ишику?! Ҳозир ҳар бир теримчи 100-150 минг сўмдан қарз бўлиб қолдик. Ижарадаги уйимиз совуқ. Эрталаб турсак сув музлаб қолган бўлади. Раҳбарларимизга айтсак, ўзларинг уйдан электр печка олиб келинглар, дейди”, деди ишчилардан бири.

Ангрен шаҳар электр тармоқлари идорасининг исми сир қолишини сўраган бошқа ходими ҳам мажбурий меҳнат қурбони бўлганини айтади:

“Шунча қийналганимизга яраша чўнтакка даромад ҳам келиб турса майли эди. Биз эса қулдан баттар бўлдик. Чунки қулни ишлатишса, қорнини тўйғазади. Биз эса қарздор бўлиб қоляпмиз. Раҳбарларимизнинг ҳам қўли калта. Чунки, токи вилоят ҳокими қайтаринглар демагунча, у ҳам ўзича қайтаролмас экан. Бу шароитда 10 кунда вилоят бўйича камида 5000 одам совуқда простатит, цистит, сил ёки алкаш бўлиб кетади. Вилоят ҳокими буни ўйламасдан пахта териш керак деяпти. Ўзи эса ҳар куни Бўка туманида кондиционерлари бор қоп қора Каптива мошинасини миниб, пахта тераётган қулларни бирма-бир назорат қилиб юради”, дейди Ангрен электр тармоқлари идораси ходими.

Тошкент вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, пахта терими тугагани ҳақида токи юқоридан буйруқ берилмас экан, терим давом этишини айтди:

“Ҳали далада пахта бор. Терим давом этяпти. Токи юқоридан бўлди, тўхтатинглар демагунча терим давом этади. Терим мажбурий бўлмаяпти, ҳамма ўз ихтиёри билан теряпти”, деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон пахта штабининг мулозими Акмал Сиддиқов эса пахта теримига якун ясаш ҳар бир вилоят ҳокимининг ихтиёрида эканлигини айтди:

“Пахта теримига якун ясаш вилоят ҳокимларининг ихтиёрида. Ҳосилни етиштирган улар, харажат қилган улар, харажатни қоплашга ҳаракат қиладида”, деди Акмал Сиддиқов.

Тошкент вилояти туманларидан бирида қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбари бўлиб ишлайдиган мулозим жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўради.

Бу мулозимнинг айтишича, қишлоқ хўжалигида маъмурий буйруқбозликнинг ҳали ҳам сақланиб қолаётгани бу соҳада жиддий ислоҳот ўтказилишига қаршилик қилмоқда:

“Ҳашарчилар бугунги кунда ҳамма томонлама зарар бўляпти. Биринчиси, улар ўз ишидан қоляпти. Иккинчидан, фермерга зарар олиб келяпти. Чунки, ҳозир терилаётган пахта 5-сортга топшириляпти ва уни давлат 670 сўмдан сотиб оляпти. Фермер эса теримчига ҳар кило учун 1000 сўмдан 1500 сўмгача тўлаяпти. Далада пахта деярли қолмаган, ҳар куни очилаётган битта-яримта қолган кўсакни чувиб юришибди. Учинчидан, тезроқ пахта тугаб, ер эртароқ ҳайдалса, янаги йилги ҳосилига яхши бўлади. Пахтани деб ҳали ғалла экилгани йўқ, ғўза қатор ораларига экилганларига ҳали сув қўйилгани йўқ. Хуллас, ҳамма ёқ бардак бўлиб ётибди. Ҳокимлар фақат бугунини ўйлайди, бир бало қилиб бажарсаму яна курсида қолсам, деб. Ер билан, фермер билан ҳеч ким ҳисоблашмайди”, деди қишлоқ хўжалиги мутахассисларидан бири.

Бошқарма бошлиғининг маълумотига кўра, Тошкент вилоятида пахта тайёрлаш режаси ҳозир 58 фоиз бажарилган ва ҳар куни йиллик режасининг 0.02 фоизи миқдорида пахта топшириляпти.

Озодлик олган маълумотга кўра, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида ҳам Олмалиқ шаҳридаги корхона ва ташкилотлардан олиб келинган минглаб теримчи далада қолмоқда.

Жиззах вилояти туманларида эса, Қорақалпоғистондан, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидан, Олмалиқ шаҳридан олиб келинган минглаб ҳашарчилар ҳам уйига қайтарилмаётгани ҳақида Озодликда маълумот бор.

XS
SM
MD
LG